Бу деворлар – бизнинг елкамиз, Бу деворлар – оёқларимиз. Елкамизда она ўлкамиз – Кую баёт, қир, боғларимиз.
Сўзимиздир – деворда ҳар тош, Кўзимиздир – тошдаги бўёқ. Изимиздир – юртдаги ҳар бир Қалъа, қаср, мадраса, чортоқ.
Миноралар – қаддимиз бизнинг, Сардобалар – бизнинг кўз ёшлар. Битик тошдир ҳар бири, ўқинг, Пойдеворга тахланган тошлар.
Бўлмаганда гар Шохизинда, Ё Хиванинг Калта минори – Юрак деган қутлуғ заминда Юксалмасди Ғурур чинори.
Бўлмаганда Гўри Амирнинг Тошларига битилган кўклам – Ҳайратланиб қошида сирнинг, Виқор билан тўлмасди кўкрак.
Юрмас эдик бунчалар тетик, Бўлмас эди танда руҳ обод. Бор бўларди юракда кемтик – Бўлмаганда оддий Руҳобод.
Имом Бухори-ю Шоҳи Нақшбанд Имом Термизи-ю, Нажмиддин Кубро — Боболарнинг равшан имони Юракларга беради оро.
Биз уларни билмасак агар Порламасди бунча кўзимиз. Осмонларни титратмас эди Шеър айтганда сас, овозимиз.
Она деймиз Ватанни! Ватан – Шу Регистон, шу Ичанқалъа. Болаликдан улар бизларнинг Бошимизда айтмишлар алла.
Ватандир – ер остидан бирдан, Қадим қўшиқ парчаси каби, Селлар ўтиб, кўзга ташланган Битик тошлар – боболар қалби.
Қалъаларнинг кўксига ботган Ўқлар изи – ярасига боқ! Улар – дилда оғриқ уйғотган Бужур яра, изтироб, ингроқ.
Уларни сен ўйилган кўз деб Ўйламагин – кўради улар. Улар яшар дунёда биз деб, Қадамимиз тузатиб турар.
Улар қадди букилса агар, Елкамизни тутайлик дарров. Қулаётган минор олдидан Бефарқ ўтган ажнабиймас, ёв!
Зилзилани кутган асбобдек Сергак бўлсин доимо юрак. Алдамасин худди саробдек Алдоқчи ҳис, ўткинчи эрмак.
Елкаларни тутайлик, токи Қудрат билан тўлсин елкамиз. Елкамизда кўзимиз оқу Қораси – юрт, она ўлкамиз.
Елкаларни тутинг… Деворлар Чўкиб борар – Вақт қилмас шафқат. Қулаганда… Қулайди улар Болаларнинг устига фақат. |