Афсус, умр беҳуда бўлмишдир барбод,
Бўлмадим ҳаромдан бир нафас озод,
Буюрганин қилмай юзим қародир.
Амрингдан ташқари ишларингдан дод!
***
Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси — жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи — гавҳари ҳам биз.
***
Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,
Айланга фалак ҳам бутун бор эди.
Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,
Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.
***
Кулол дўконига кирдим бир сафар,
Дастгоҳда ишларди уста кўзагар,
Гадо қўлидан-у, шоҳнинг бошидан,
Кўзанинг бўйни-ю дастасин ясар.
***
Бизлар бўлмасак ҳам жаҳон бўлғуси,
Бизлардан на ному нишон бўлғуси,
Аввал-ку йўқ эдик, етмовди ҳалал
Яна бўлмасак ҳам, ҳамон бўлғуси.
***
Бу ернинг юзида ҳар зарраки бор,
Бир замон бўлмишди ой юзли дилдор.
Нозанинлар юзин гардин аста арт
Гўзал чеҳра эди бир вақт бу ғубор.
***
Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди.
Бир сир қолмабдики мавҳум бўлмабди.
Туну кун ўйладим етмиш икки йил.
Онгладим — ҳеч нарса маълум бўлмабди.
***
Сенинг мафтунингман берайин хабар,
Уни икки сўзла этай мухтасар:
Ишқинг тупроқ қилгай, аммо меҳрингдан
Бошимни кўтариб бўлгум жилвагар.
***
Кекса, ёш — ҳаётга ҳар кимки етар —
Ҳаммаси изма-из бирма-бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадй,
Келдилар, кетамиз, келишар, кетар.
***
Юрагим қонидан юз хона вайрон,
Уввос тортувимдан қўрқинч юз чандон,
Ҳар бир кипригимда қон дарёси бор,
Киприклар юмулса бошланур тўфон.
***
Афсуски йигитлик мавсуми битди,
Кўклам ўтиб кетди, қиш келиб етди,
Ёшлик деб аталган у севинч қуши
Билмадим, қачонлар келди-ю кетди.
***
Бу кўп эски равот, олам унга ном, —
Тун-кун тулпорига бор бунда ором.
Бу эски базм юзлаб Жамшиддан қолди,
Бу гўрда ётади юз-юзлаб Баҳром.
***
Йўқликдан пок келиб, нопок бўлдик биз,
Шўху қувноқ келиб, ғамнок бўлдик биз.
Кўзимиз тўла ёш юракда олов,
Умр елга кетди, ҳам ҳок бўлдик биз.
***
Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод —
Яхшидир ер юзин қилгандан обод —
Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг,
Афзалдир юз қулни қилмоқдан озод.
***
Нокасдан сир беркит, дилингно боғла,
Аблаҳдан яширин бўлмоқни чоғла,
Кишилар жонига ўз қилимишинг кўр,
Сен ҳам шунга кўз тут, шуни сўроқла.
***
Бу кун келар экан, қўлингдан, зинҳор,
азизлар хотирин шод эт, эй дилдор.
Ҳуснинг салтанати турмас абадий,
Тўсатдан қўлингдан кетиши ҳам бор.
***
Мол-дунё ҳасрати қилмасин афгор,
Мангу яшар киши қани, қайда бор?
Бир неча нафасинг танда омонат,
Омонатга омонат бўлмоқлик даркор.
***
Аҳил бўлса олов ичра ҳам инсон,
Аҳил кишиларга олов ҳам осон.
Ноаҳил кишилар суҳбатидан қоч,
Ноаҳил суҳбати ёмондан ёмон.
***
Ўзни доно билган уч-тўртта нодон
Eшак табиатин қилур намоён.
Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса «кофир» деб қилишар эълон.
***
Бир сўнгакка сордек қаноат қилғон,
Афзалдир нокасга бўлгандан меҳмон.
Нокаснинг шиннилик нонидан яхши
Ўзинг топиб еган бурда арпа нон.
***
Мисоли бир олтин кўза бу днё
Суви гоҳо ширин, аччиқдир гоҳо,
Шунча умрим бор деб керилма асло.
Эгарлоқдир ажал оти доимо.
***
Мени ҳалок этмиш ғаму ҳижронинг,
Eтагингни тутдим кетган замонинг.
Кетдинг-у ғамингдан минг кўнгил ўлди,
Қайтдинг, яна минг жон бўлди қурбонинг.
***
Токай пастлар хизматин этасан бажо,
Ҳар емишга пашшадек қилма жон фидо,
Бир нонни икки кун е, тортма миннат,
Ўзга нондан ўз дил қонинг кўп авло.
***
Ғайратинг сарф этсанг киймоқ, ичмоққа,
Арзийди бу ишни маъзур тутмоққа.
Ҳушёр бўл, қолганин бари арзимас
Умрингни сарф этиб, ўтиб кетмоққа.
***
Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром,
Феруза гумбазли осмон остида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.
***
Бирор киши чиқиб ҳар замон, мана Мен, дейди,
Молу сийму зари бор чунон, мана Мен, дейди.
Иши ривож топиб турганда, бир куни ажал,
Пистирмадан чиқиб ногаҳон, мана, мен дейди.
***
Келолмагач қайтиб ушбу оламга,
Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга.
Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик,
Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга.
***
Жонимиз бу танни тарк этиб кетар,
Икки ғишт гўримиз кўзин беркитар,
Кейин бошқа гўрга ғишт қўймоқ учун,
Бизнинг тупроқларни эзиб лой этар.
***
Келолмагач қайтиб ушбу оламга,
Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга.
Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик,
Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга.
***
Дилим бўлган эди битта ёрга зор,
У ўзга бир ерда ғамга гирифтор.
Мен ундан ўзумга дору изласам,
Нетай, табибимнинг ўзи ҳам бемор.
***
Ўлик-тирик ишин тузаткувчисен,
Тарқоқ коинотни кузаткувчисен,
Ёмон бўлсам ҳамки, сенинг бандангман,
Мен нима ҳам қилай? Яратгувчи – Сен!
***
Тингланг бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади,
Иккиси бир-бирин топишгунча то,
Ўртада бу дунё адо бўлади.
***
Кулол дўконига ташлади назар,
Икки мингча кўза жим суҳбат қурар:
— Қайсимиз сотувчи, — деди бир кўза, —
Қайсимиз олувчи, қани кўзагар.
***
Бозорда бир кулол кўрсатиб ҳунар,
Бир бўлак хом лойни тепиб пишитар,
Лой инграб айтади: Ҳой, секинроқ теп,
Мен ҳам кулол эдим, сендек, биродар.
***
Кетишдан қўрқмайман мен бу дунёда,
Чунки у дунёда умрим зиёда.
Вақти етгач танда омонат жонни
Топширайин шундай бўлгач ирода.
***
Жаҳон ғамин ема дўстим беҳуда,
Ғам емагил жаҳон тирриқдир жуда,
Бори ўтиб кетди, йўғи ҳали йўқ,
Бор-йўқни ғам қилмай яша осуда.
***
Шуҳрат топсанг, кишилар ҳасади ёмон,
Ёлғиз қолсанг сендан қилишар гумон.
Хизр бўлсанг ҳамки ҳеч кимни билма,
Сени ҳам билмасин майли бирон жон.
***
Сўзимга қулоқ ос, эй дўсти аъло,
Дунё ишларини ўйлама асло.
Қаноат гўшасин айлабон макон,
Олам ишларини қилғил тамошо.
***
Умрим қиймоқдадир, дардим бе илож,
Роҳат қисқа, заҳмат топмоқда ривож.
Худога минг бора шукрки, бало
Ва кулфатга мени этмади муҳтож.
***
Бахтингдан ободлик шохи унса ҳам,
Ҳаётинг либоси бўлса-да, ҳуррам.
Тананг чодирига суянма кўпам,
Тўрттала қозиғи сустдир, эй одам.
***
Қайда камол топдинг, жононам ўзинг,
Ойни уялтирар тунда юлдузинг.
Базм учун юзларим безар гўзаллар,
Жаҳон базмин безар бир сенинг юзинг.
***
Агар мулкинг Миср, ё Рум ёки Чин,
Ё ҳукмингда бутун ер юзин тутгин,
Охир бу бойликдан олар ҳиссанг, бил:
Ўн газ кафан билан икки газ замин.
***
Ўзгартириб бўлмас не битмиш қалам,
Фақат дил хун бўлур тортаверсанг ғам,
Бутун умр жигар қонин ютсанг ҳам,
Умринг узайтириб бўлмас бирор дам.
***
Олма сардафтари ишқнинг имлоси,
Ёшлик қасидасин жилва зиёси.
Eй, ишқ оламидан хабарсиз, билғил,
Ишқ эмасми асли ҳаёт маъноси.
***
Кимсани ранжитма, ранжитма ҳайҳот,
Ғазабинг бировга сочмагил, эй зот.
Ўзинг ранж чеку, ҳеч кимни ранжитма,
Роҳат десанг агар ўзинг ғамга бот.
***
Муҳаббат ўтида ёнмаса кўнгил,
Ҳолига вой дегил бемору заҳил.
Муҳаббатсиз ўтган ҳар би кунинг, бил:
Умрингдан беҳуда кетмиш беҳосил.
***
Бир бурчакда қотган нонга қаноат,
Истамадим ундан ортиқ ҳашамат.
Жону дилдан ҳарид этдим фақирлик,
Фақирликдан ортиқ кўрмадим давлат.
***
Поку, аҳил, оқил кишига ўртқо —
Бўлу ноаҳилдан қочавер йироқ.
Доно сенга заҳар тутса ҳам ичгил,
Қўл чўзмагил шарбат тутса ҳам аҳмоқ.
***
Дардга чалинмиш бу дили вайронам,
Ишқдан уйғонмади сармаст жононам,
Ошиқлик шаробин берганлари кун
Жигарим қони-ла, тўлди паймонам.
***
Ҳикмат чодирини тиклади Хайём,
Андух кўрасида ёнди ул ноком.
Умр ипин кесди ажал қайчиси,
Хизматига охир шул эрди инъом.