Дунёда шоирман деган зот борки,уларнинг энг самимий, энг жозибали сатрлари оналарига бағишланган. Бу сатрлар юракларга ҳаяжон солади, инсоннинг энг азиз хотираларини уйғотади. Ўзбек шеъриятида она ҳақида ёзилган шеърлар кўп. Уларнинг энг ҳаяжонлисини устоз Абдулла Орипов ёзган, десам хато қилмайман.
Абдулла ОРИПОВ ОНА ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
ОНАМ ВАФОТИГА
Маконда ломаконсан,энди қайдан излагайдурман, Фиғоним кимга айтиб,кимга сендан сўзлагайдурман. Бировлар мотамида оҳу фарёд айлаган эрдим, Сенинг-чун,эй,ғарибим,ич-ичимдан бўзлагайдурман.
1966
ОНАЖОН
Онам Турди Эрдона Карвон қизи хотирасига
I
Неча кунки йўқ оромим Келолмайман ҳушимга. Онажоним кечалари Кириб чиқар тушимга.
Қўлларида оқ элпиғич Ой нурида ялтирар. Онажоним имлаб мени Қошларига чақирар.
Келтирарлар гоҳо бешик Кўзларида ҳаяжон. Ётар пайтинг бўлди-ку дер, Кела қол, дер, болажон.
Қайларгадир югураман, Фиғонимдан чиқар дуд. Йиғлама, деб қўлларимга Тутқазарлар сўнг тобут.
Тонгда руҳсиз кўз очаман, Қовурилар танда жон. Онажоним, бундай қилма, Бундай қилма, онажон.
Ахир ўзинг дер эдинг-ку, Силаб ўксук бошимни: — Энди сенга берсин умр, Сенга берсин ёшимни.
Афсус, ўзинг эрта кетдинг, Эрта кетдинг оламдан. Укаларим бағрим эзар, Ажрадик деб онамдан.
Бевақт хазон бўлмай ҳар ким Ёшаб ўтсин дунёда. Онажоним, ҳар ким ошин Ошаб ўтсин дунёда.
Гарчи фано ҳар кимсага Азалий бир қисматдир. Лекин, она, тириклик ҳам Билсанг, ярим ҳикматдир.
Тушларимда, майли, бошим Силаб тургин, онажон. Қолганларга энди умр Тилаб тургин, онажон.
II
У кун четда оҳ чекардим Ғуссаларнинг дастидан. Сен отамга пул берибсан Ёстиғингнинг остидан.
Айтибсанки, онасизлик Келмасин ҳеч ўйига. Сарф қилингиз, менга эмас, Абдулланинг тўйига.
О, ўғлингга сен шафқатни Билардинг-ку, онажон. Бундан кўра бағрим ўйсанг Бўларди-ку, онажон.
Заррагина раҳм этгали Сабринг менга йўқмиди? Онажоним, бундан ўзга Жабринг менга йўқмиди?
Йўқмиди ҳеч ўзга гапинг, — Нола қилиб сўйласанг. Наҳот, ахир сўнгги дам ҳам Фарзандингни ўйласанг.
Ахир орзу қочиб кетмас, Битказар-ку тириклар. Онажоним, бир кунини Ўтказар-ку тириклар.
Унутилар ғуссалар ҳам, Орзулар ҳам чўзар бўй. Онажоним, балки бир кун Айтганингдай бўлар тўй.
Балки сенинг қабринг узра Кўкарганда гул, чечак, Остонамга қадам қўяр, Сен истаган келинчак.
Кимдир унинг йўлларига Балки гул ҳам сочади. Балки мунис опажоним Кел, деб, қучоқ очади.
Балки дўстлар даврасида Камим бўлмас ҳеч қачон. Лекин сени ўша дамда Қайдан топай, онажон.
III
Эсимдадир, титрар эдим — Ғамгин, болиш пастида. Китобимни кўрдим ногоҳ Бошгинангнинг остида.
Тошдай қотдим ўшал они Бор тоқатдан айрилиб. — Шоир ўғлим, — дединг менга Секингина қайрилиб.
Онажоним, сўнг бор менга Нафас қилдинг у замон. Шоир бўлгин, дея балки Ҳавас қилдинг у замон.
Онажоним, балки мен ҳам Бир кун шавққа тўларман. Балки мен ҳам айтганингдай Бир кун шоир бўларман.
Куйлай десам ҳурматингни Ушбу кунда тилим лол. Балки фақат шу сабабли Шоир бўлсам эҳтимол.
Балки сарсон-аросатда Қолиб кетмас бу таним, Камолимни кўрар балким, Юртим, она Ватаним.
Пайти келиб тўлар бир кун Паймона ҳам беомон. Кузатарлар мени ҳам сўнг Сенга томон, сен томон.
Балки у кун бошим узра Дўстлар бош ҳам эгадир. Ўша дамги иқболим ҳам, Онажоним, сенгадир.
Дилда неки журъатим бор, Дилда неки ҳаяжон, Бари, бари сенга бўлсин, Сенга бўлсин, онажон.
Сенга бўлсин бор ҳаётим, Номим, шоним бир йўла. Хотирангга ушбу шеърни Ёзди ўғлинг Абдулла. |