Алишер НАВОИЙ ТЎРТЛИКЛАР
Оналарнинг оёғи остидадир Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғи висолин истар эсанг Бўл онанинг оёғин туфроғи.
* * *
Бошни фидо айла ато қошиға, Жисмни қил садқа ано бошиға. Тун, кунингга айлагали нурпош Бирисин ой айла, бирисин қуёш.
Миртемир СЕН ОНА…
Алишерга алла айтиб ухлатган Сен — она. Оғушида Бобур камолга етган Сен — она. Торобийни оғир жангга жўнатган Сен — она. Оламни нурида мунаввар этган Сен — она. Йиғласа, дунёни расо титратган Сен — она. Кулгиси саодат парвариш этган Сен — она. Даҳолар бешигин бедор тебратган Сен — она. Меҳри баҳорида элни яшнатган Сен — она. Ягона ўғлингни жўнатдинг жангга, Бўл бардам, она! Онадай ошиқ йўқ она Ватанга, Муҳтарам она…
ШУҲРАТ О, ОНА…
Зулфияга
Кўз очиб оламга келгандан бери Неларни кўрмади бу бошим менинг. Озми-кўп танидим ҳаётнинг сирин, Қирққа ҳам етибди бу ёшим менинг.
Йилдан-йил орттирдим талай дўсту ёр, Ҳурматлаб дедилар, «дўстим», «ўртоғим», Улғайдим: кўксимга бош қўйиб дилдор, У деди: «Бахтимсан, суянган тоғим!..»
О, она, ҳеч бири эмасдур ширин «Болам!» деб бир оғиз айтган сўзингдан! О, она меҳрингда қуёш яширин, Не ажаб гул унса ҳар бир изингда!
ТЎРТЛИК
Дунёда энг яхши, меҳрибон она, Бу менинг онамдир, билинг, ёронлар! Эй, ўғил-қизларим, бўлинг парвона Онамда қолмасин дарду армонлар!
Тўра СУЛАЙМОН ТАВАЛЛО
Бу йил 94 ёшни қоралаётган онам — Мукаррама уста Нурмат полвон қизларининг шарофати билан битилган машқим
Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш, Ҳам эгилиб бу эгилмас бош, Кўзларимда қалқиб турса ёш, Бу ҳолимга беролмай бардош Муштипар бир Онам йиғлайдир, Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан, Қора қозон қолса қайновдан, Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан, Қарзга ботар бўлсам бировдан Таскин бериб Онам йиғлайдир, Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин, Жабр кўрсам бир бетавфиқдин. Ортда турсам қалби қуроқдин, Қадрим хароб бўлса тупроқдин. Оҳлар уриб Онам йиғлайдир, Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Оға-ини ўртасида гап… Алҳол, келиб чиқмиш ихтилоф: Бири иззат, бири мулк талаб. — Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, — Дея шўрлик Онам йиғлайдир , Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Синалмоқнинг гали келганда, Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда, Номим қолмас бўлса жаҳонда, Ким дўст-душман билинар онда Аҳволимга Онам йиғлайдир, Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Ҳаним бир ён, мен бир ён бўлсам, У устивор, мен урён бўлсам, Бу ҳам камдай ногирон бўлсам — Ёғоч отга ёнма-ён бўлсам Ой тутилиб, Онам йиғлайдир , Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим, Вужудимга солмасдин ваҳм, Қабул айла тавалло-оҳим, Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим, Йиғлатмагил мушфиқ Онамни, Волидаи Муҳтарамамни
Ҳусниддин ШАРИПОВ ОНА НАВОСИ
Кечалар узундир, кечалар узоқ, Гоҳ кўзим илинмас тонг қадар, болам. Кўнгил мавжларига солганда қулоқ, Хаёлга не келиб, не кетар, болам.
Фарзанддир онанинг умрига гултож, Дардига малҳам-у, бахтига йўлдош, Ҳеч кимни этмасин ҳеч кимга муҳтож, Миннат ёш жонингни оғритар, болам.
Майли, ўлтирмагин тун-кун бошимда, Етар пайдо бўлсанг тез-тез қошимда, Балки ризқинг бордир бир кафт ошимда, Гап-сўзни айласам мухтасар, болам.
Гоҳ борсам уйингга ўзимдан ортиб, Яйрар набиралар сакрашиб, йўртиб, Кўтарсам, қўлимдан олмагин тортиб, Менга ҳам ярашар ғунчалар, болам.
Азиз умринг бўлиб шоҳона бир байт, Қўшиқлар ичингдан тошиб кетган пайт Арзингни менга ҳам тушунтириб айт, Қолмайин дардингдан бехабар, болам.
Ўз инин ватан деб севаркан турна, Сен ҳам ҳар заррасин кўзга эт сурма. Ичмагин, чекмагин, бемаҳал юрма, Бўлсин босган изинг бехатар, болам.
Хайр-хўш қилармиз бир кунмас-бир кун, Тонгларим ҳуснини тўсганда ҳам тун, Бахтингни кўрсам бас — мамнунман, мамнун, Сен борки, бизлар ҳам мўътабар, болам.
Абдулла ОРИПОВ ЎЗБЕК ОНАСИ
Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг, Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг. Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг, Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор, Сен Темур бешигин тебратган бедор, Сенсан Бибихоним, Нодираи зор, Пайти келди айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Ватанни Она деб бекор айтилмас, Она буюрганда йўлдан қайтилмас, Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас, Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Бошингдан нималар ўтмади ахир, Ватандек тақдиринг бўлди гоҳ тахир, Бобур шоҳ бўлсада, қошингда фақир, Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Гоҳида балқидинг Барчиндек тўлиб, Ғўзадек қуридинг Турсуной бўлиб, Тимсолинг яловда юлдуздек кулиб, Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Фарзандинг қувонса — сен ҳам қувондинг, Фақат болам дединг, яшадинг, ёндинг, Нокаси учраса, ўртандинг, тондинг, Пайт кеди айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Келажак тойчоғу тойингиздадир, Жаннат ҳам, албатта, пойингиздадир, Ватан-ку Сиз турган жойингиздадир, Пайт келди, айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт, Сизга бахшидадир энг шоҳона байт, Азиз элу юртга дуоларинг айт, Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси, Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси. |