ҲУМОЮН* МАҚБАРАСИ
Арилар тортишуви Ё маймунлар баҳсидан Пайдо бўлиб бирлашмиш
( Тошу ҳаво, қушлардан Юксалган қирмиз олов Сув узра муаллақ вақт)
Сассизлик обидаси
* Ҳумоюн — Бобур мирзонинг тўнғич ўғли
ИККИ ВУЖУД
Учрашади икки вужуд Икки тўлқин мисоли Уммондай чексиз тунда.
Учрашади икки вужуд Илдизлардай чирмашиб. Боғдай чайқалган тунда
Баъзан эса икки вужуд Икки совуқ тош каби Саҳродай унсиз тунда.
Баъзан эса икки вужуд Бамисли икки ханжар Совуқ чарақлар тунда.
Ва баъзида икки вужуд Учар икки юлдуздай Бўм-бўш осмонли тунда…
ҚИЗ
Эй қиз, шивирласанг "Дарахт” деб секин, У юксала бошлар осмонга қараб Юксалгани сайин, унга тикилиб, Яшилланар бизнинг нигоҳларимиз.
Эй қиз, шивирласанг "Осмон” деб секин, Шамол билан жанг бошлар булут, Бу бепоён осмону фалак Айланар тип-тиниқ жанг майдонига.
Эй қиз, шивирласанг "Сув” дея секин, Қуриган булоқлар қайнай бошлайди, Япроқлар чўмилар,тошлар чўмилар, Биз эса булутга айланажакмиз.
Эй қиз, бир сўз демадинг, энди Сап-сариқ долғали қуёш ёлида Бизни узоқларга олиб кетажак Ва олиб қайтажак, қўл тегизмасдан, Яна ўша-ўша жойга кун ўртасида — Яна ўзимизга олиб қайтажак.
ТОШ
Мен умримни туш кўрдим, Узоқ-узоқ йўл юрдим. Чор атрофга тўймасдан Уфқ томонга бордим.
Аммо,тушим узилди, Яна ўнгимда кўрдим Харсангтошга михланган Занжир билан турардим.
Бош эгиб турар эдим, Қайғудан кўзим тиниб, Занжирмас,тушлар билан Қабртошга михланиб.
ЯШИЛ СИЁҲ БИЛАН
Яшил сиёҳ билан боғу роғлар,ўрмонларни чизаман, ҳарфлар бўлиб шовуллаган япроқларни чизаман, пайдо этаман сўз дарахтларини, энг охири сўзларимдан ёндираман юлдузларни.
Сўзларим тўкилсин қордай оқ баданинг узра, қорли далаларга тўкилган япроқлар бўронидай, уйимни ўраган чирмовуқ каби чирмасин қоғозларни сўзларим яшиллиги
Сўзларим тўкилсин қўлинг, бўйнинг, сийнангга, киндигинг, денгиздек сокин пешонангга, сўзларим тўкилсин қирмизи сочларингга, чечак найчасини қимтиган тишларингга.
Баҳор япроқларга кўмган дарахтдек безангин ям-яшил сўзларим билан, безангин ям-яшил юлдузлар билан ва кўзингда чароғон юлдузлар порлаб юксакларга тикил, самога тикил
|