Қадим юртга қайтсин қадим наволарим, Қумлар босиб қуримасин дарёларим. Алпомишга алла айтган момоларим Руҳини шод этай десанг — халқ бўл, элим
Дунёга боқ, қадди сендек ким бор яна, Довруғи ҳам дарди сендек ким бор яна. Халқ бўлишга ҳадди сендек ким бор яна, Мозийни ёд этай десанг — халқ бўл, элим.
Сен тебратган бешигини Соҳибқирон, Сенинг боланг юлдузларга қўйган нарвон. Бир майизни қирққа бўлган бир тану жон — Кунларингга қайтай десанг — халқ бўл элим.
Дарё бўлиб жўшгин энди завқи улуғ, Байрамингда севинч кўз ёшингга қуллуқ, Юртим деган жасур Юртбошингга қуллуқ, Унга қанот бўлай десанг — халқ бўл, элим.
Бўлар элнинг болалари бир-бирин дер, Бўлмас элнинг болалари бир-бирин ер. Бир бўл энди, кадри баланд қаддингни кер, Халқ бўл, элим, халқ бўл, элим, халқ бўл, элим! |