— Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман, Манов, "Марсга учиш”, бу — "Мангу яшаш!” Мана, Оловиддин сеҳрли чироғи, Манави "Соғиниш”, буниси "Қумсаш”.
"Онани туш кўриш”, "Ҳижрон” ва "Висол”, Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман. "Йиғлаш”, "Энтикиш” бор, "Чуқур хўрсиниш”, Кўпроқ олганларга нархин ўтаман. Опқолинг, сотаману кетаман!
— Нега бунча катта орзуларингиз, Кўплари фасондан қолган, амаки. "Эслолмаслик” йўқми, қиммат бўлса ҳам, Хорижники бўлса, янаям яхши.
...Дод, молим ўтмайди, бозорим касод, Юраги тор дунё раҳм қилмайди. Шоирларга текин тарқатай десам, Бошловчи шоирлар бунга келмайди, Бу бозорни улар ҳали билмайди. |