Урр-а-а! Қичқирар, бўғилар ярим тунда у, Хотини даҳшатдан туради сапчиб. У эса эмаклар, (эмаклайди тун), Елкада ярадор дўстин опичиб.
Тун уйқусирайди, Тун бақиради: "Батальон, орқамдан!” Инграйди аста. Кимнидир бўғилиб у чақиради. Эски яраларнинг куйи остида
Ва яна олдинга, яна олдинга, Мушт бўлиб тугилар титроқ қўллари. Хира қорачиқдан кинолентадек Ўта бошлар олис уруш йўллари.
Хотини уйғотар… Бироқ урушнинг Ваҳмидан қутулиб кетолмас қалби. Қўлда папироснинг рангин қутиси Ғижимланар сўнгги обойма каби.
|