Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим, Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим. Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим, Бир эсласам эзилади бағри-дилим, Она тилим, кечир мени, она тилим.
Онам «эркам» деб қучганда тунлар ярим, Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим, Паровозни ҳансиратган буғдойларим, Олтинларим, маъданларим, ипакларим, Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар, Ўзбекни қон қақшатганни узбек сийлар, Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар, Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим, Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта, Катта миллат — Афандиси йўкдир ҳатто, Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда, Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм, Она тилим, кечир мени, она тилим.
Сен бўлмасанг нима бизга силлик шеърлар, Бу дунёда тили йўкда дил йўқ дерлар, Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар, Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим, Она тилим, кечир мени, она тилим.
Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар. Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар, Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим, Она тилим, эй муқаддас Она тилим. |