Баҳорнинг илк куни – биринчи мартда Сени учратгандим биринчи марта… Ҳовуридан тушди қаҳратон қаҳри, Тумандай тарқади изғирин заҳри. Баҳорнинг элчиси бўлиб турардинг, Нафис тароватга тўлиб турардинг. Аммо атрофингда анов бировлар, Ивирсиб юрарди кўнгли қировлар. Ҳа-да, турқи совуқ, қиш бандалари, Бор-ку ишқдан озод иш бандалари. Гуллаётганимдан ҳайрон эдилар, Ободлигим кўриб вайрон эдилар. Аммо найлайинки, аслинг билмасдим, Найлайинки, кўнгил фаслинг билмасдим. Билмасдим, борлигим сездингми, баҳор? Интизор, зорлигим сездингми, баҳор? Аммо авайлайман шу ширин дардни, Илк марта гул тутган биринчи мартни… |