Шундай воқеа содир бўлди. Мен ўтирган «Матиз» маркали таксининг ён томонидан бошқа бир олифта, «импортный» машина ишқалаб ўтди-ю, сал юрмасдан дарров тўхтади. Ундан иккита давмандай йигит тушди. Йўлнинг ўртасида. Ва машинасининг ранги кўчган жойини кўрди. Мен ўтирган «Матиз» ҳам тўхтаган, аммо ҳайдовчи ҳали тушиб улгурмаганди. Унинг ранги бироз оқарганидан, кўнглида қандайдир ҳадик борлигини билиш мумкин эди.
Йигитлар етиб келгунича у машинадан тушишга улгурди. Қилғиликни қилганлар эса бирдан унга бақира бошладилар.
— Кўзингиз қатта эди, дода?! Шу ёшингизда такси қилиб юришга бало борми?! Уйингизда ўтирмайсизми?!
— Ўзларинг қириб ўтдинглар-ку, мен йўлимда келаётгандим…
— Ғилаймисиз, нима бало?! Қанақа қилиб мен шундай мошинамни сизни шалдироқ аравангизга текизиб ўтаман?! Давай, пулини тўланг!
— Ҳов бола, қанақасан? Ана, мошинамда гувоҳ ҳам ўтирибди. Мен йўлимдан умуман чиққаним йўқ. Керак бўлса, ҳозир ҳам йўлимда турибман!
— Гувоҳ?! Одамнинг кулгисини қистатманг, ким бўлибди гувоҳингиз? Керак бўлса, гувоҳ-пувоҳингиз билан бирга мани мошинамни битта чизилган жойига тўғри келмайсанлар!
— Ҳой бола, ўзингни бос! Тил бесуяк…
— Босмаганимда нима?!
— Сен шунақа зўрмисан? — деди қони қизий бошлаган такси ҳайдовчиси.
— Ҳа, зўрман, нимайди?!
— Зўр бўлсанг, қабристонга бор, сендан ҳам зўрлар ётибди!
Йигит бирдан мум тишлаб қолди. Ва бир муддат шу тахлит таксичига қараб турганидан кейин шеригининг қўлидан ушлади-да:
— Юр, кетдик, иш битди! — деди.
Ҳартугул, тушунди. Ҳартугул, англаб етди. Ҳартугул, озгина бўлса ҳам ақли бор экан. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|