Биринчи бўлиш осон эмас. Таъбир жоиз бўлса, Зокиржон Алматович Алматов ҳам мустақил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар соҳасида биринчи бўлди. У мамлакат Ички ишлар вазирлигини тузишда иштирок этган, мамлакатда жиноятчилик урчиган, одамлар билан мулоқот қилиш қийин бўлиб қолган даврларда фаолият юритган вазир. 1949 йилнинг 10 октябрь куни таваллуд топган Зокиржон Алматов бугун 70 ёшни қаршилади.
Зокиржон Алматов 1991 йилдан 2006 йилгача – 15 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритганда, давлат бошидан қандай кунлар ўтмади дейсиз. Айниқса, уюшган жиноятчилик ва терроризм хавфи кучайган, ҳудудларда тинимсиз портлашлар кузатилган пайтларда Алматовнинг қатъий қарорлар қабул қилишдаги принциплари шаклланган. Унинг ҳам шахс, ҳам арбобликдаги сифатлари ўртага чиққан. Ўша даврларда Ички ишлар вазирлиги тизгинни қўлига олиш учун қанчалик қаттиққўл сиёсат юритмасин, одамлар ишончини қозонган, ҳурмат топган. Алматов эса вазирлик тизимида, ходимлар орасида оилани шакллантира олган.
Алматовни халқимиз, ёшлар, Ички ишлар органларидаги ходимлар ардоқлайди. Адолатли раҳбар, ишончли дўст, тўғри йўл кўрсата оладиган маслаҳатчи ва Ички ишлар ходимларини хафа қилдириб қўймайдиган инсон сифатида билади.
У соҳада 1971 йилда иш бошлаган. 1976 йилда Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. 1990-1991 йилларда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритади. Ҳали Ўзбекистон мустақил бўлмаган даврлар. Республиканинг турли ҳудудлардаги норозилик намойишлари авж олган вақтлар. Айниқса, Паркент ва Бўка воқеалари мамлакат ҳаётида кун тартибида бўлган вақтда Алматовнинг шахсияти янада намоён бўлган.
Орадан кўп вақт ўтмади. 1991 йилнинг 16 сентябрь куни Зокиржон Алматов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида иш бошлади.
1992 йилда генерал-мойор, 1996 йилда генерал-лейтенант, 1999 йилда генерал-полковник ҳарбий унвонлари билан тақдирланди.
Алматовнинг Ички ишлар вазири лавозимида фаолияти фақат мукофот ва мақтовлар билан ўтгани йўқ. Албатта, оғир, таҳликали ва кутилмаган қарорлар олишга, олий мақсад бўлган халқ фаровонлиги ва юрт тинчлигини сақлаб қолиш учун ўлим билан рўбаро бўлишга тўғри келган вақтлар ҳам бўлгани аниқ. Халқимиз 1992 йил рўй берган "Ёшлик” талабалар шаҳарчасидаги намойишларни, 1999 йил 16 февраль воқеаларини, 2004 йил пойтахтнинг Чорсу бозорида содир этилган қўпорувчиликни, 2005 йил бутун дунёни ларзага келтирган Андижон воқеаларини яхши эслайди. Ана шундай вазиятларда Алматов кучли ирода соҳиби, асл Ватан ҳимоячиси эканини намоён эта олди.
2005 йилда Зокир Алматович Алматовнинг саломатлигида муаммолар кузатилади. Шифокорлар бир муддат танаффус қилиш кераклиги, хасталикнинг олдини олиш учун операция зарурлигини айтади. Шу боис Зокиржон Алматов 2005 йилда ўз хоҳишига биноан истеъфога чиқади. 1999 йил воқеаларида кўрсатган қаҳрамонлиги учун "Шон шараф” ордени билан мукофотланган Алматов, 2005 йил истеъфога кетиш олдидан "Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланади.
У 12 йил Ички ишлар вазирлиги тизимидан айри ҳаёт кечирди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлгач, 2018 йилдан эътиборан Зокиржон Алматов Ички ишлар вазири маслаҳатчиси ўлароқ яна иш бошлади. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|