Фуқаролар уруши ўзидан кўплаб сирли ҳодисаларни келгуси авлодга мерос қилиб қолдирган. Шулардан бири Урал казаклари қўшинининг сирли хазинасидир…
Александровский форти
1920 йил оқларнинг кўнгилликлардан иборат армияси учун омадсиз келди. Улар кетма-кет омадсизлик, муваффақиятсизликка рўбарў бўла бошлашди. Қизил армия эса аксинча, тўхтовсиз сафи кенгайиб, ҳужумда давом этарди. Қизиллар йўқотилаётган аскарлар билан умуман қизиқишмас, фақат душманга ҳужум қилиш, уни фронтдан сиқиб чиқариш ҳақида ўйлашарди. Ҳарбий денгиз флоти раҳбари Лев Троицкий аскарлардан душманга ҳеч қандай шафқат кўрсатмасликни талаб этарди. Колчак армияси Каспий денгизнинг шарқий соҳилларида қолган-қутган аскарлари билан қизилларга имкон қадар қаршилик кўрсатишга уринарди. Улар орасида Урал казаклари ҳам бор эди.
1920 йил мартида оғир аҳволда қолган Урал казаклари отряди Александровский фортида тўпланди. Уларга атаман генерал-майор В. С. Толстов етакчилик қиларди. Шу фортда казакларнинг асосий бойлиги сақланарди. Бу бойлик катта қутиларга жойланган кумуш тангалар эди. Қутилардаги тангаларнинг соф оғирлиги эса тахминан бир ярим тонна келарди.
— Биз Бокудан кўмак сўрашимиз лозим, — деди Толстов командирларга. — Қандай бўлмасин, отрядни, бойликларни сақлаб қолишимиз шарт!
Бокуда ҳам ўшанда аҳвол Россиядагидан баттар эди. Бу мамлакатда инглизлар изғиб юришарди. Улар кетидан турклар кириб келишган, барчалари Боку нефтини талаш ҳаракатига тушиб қолишганди.
Тўртинчи апрель куни фортга иккита кема кириб келди. Кемалар Бокудан ташриф буюрган ва казакларга яқиндан ёрдам кўрсатиш учун келганди. Кемаларнинг бирида инглиз разведкасининг тажрибали вакилларидан бири ўтирарди. Ваҳоланки, инглизлар фуқаролар уруши даврида оқлар армиясига ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак беришда давом этишган. Лекин уларга қизиллар ёки оқларнинг ғалабаси унчалик қизиқ эмасди. Англияликлар ўз манфаатларини ўйлашарди. Шу сабабли казаклар отрядининг жасоратли аскарлари, бир-бир биридан мағрур командирлар инглизлар учун аҳамиятсиз эди. Шунинг учунми, инглиз разведкаси вакили Толстов билан салом-алик қилгандан кейин гапнинг индаллосига ўтди.
— Олдин пулларни юклаймиз, — деди у. — Хазина юклаб бўлингач, аскарлар кемадан жой олади!
Атаман рози бўлди. Рози бўлишдан бўлак иложи ҳам йўқ эди.
Йигирма қути кумуш қани?
Пулларни кемаларга жуда катта тезликда юклай бошлашди. Аммо энди йигирма қути кумушни юклаб бўлишганди, узоқдан бегона кемаларнинг тутун бурқситганча ўша тарафга келаётгани кўзга ташланди. Бу қизилларга тегишли кемалар ҳам бўлиши мумкин эди. Шундай бўлди ҳам. Қизил армия вакиллари разведка борасида оқлардан анча устунлигини аллақачон исботлаб улгурганди. Кўпинча оқлар армияси сафида коммунист аскарлар беркиниб юрар, улар ими-жимида ўзиникиларга махфий ахборотлар етказишда тенгсиз эди. Шунинг учун бўлса керак, Бокудан иккита кема казакларга ёрдам бериш мақсадида келганидан хабар топишибди. Денгиз бўйлаб иккита кема ҳарбий денгиз флоти етакчиларидан бири Кукел бошчилигида казаклар томон келарди.
— Улар шу ерда, — деди Кукел ёнидагиларга. — Пулларни юклаб жуфтакни ростлаб қолишмоқчи. Ўт очилсин!
Иккита кемадан қизиллар казакларни ўққа тута бошлади. Шубҳасиз, казаклар ҳам ўта ҳушёр, осон таслим бўладиганлар хилидан эмас. Дарҳол елканлар кўтарилиб, Бокудан келган кемалар йўлга тушди. Қизиллар эса фортга десант ташлади. Десантчилар кемага чиқишга улгурмаган казакларни қўлга олди. Аммо бойликлар қани? Кукелнинг ўшанда маълумот беришича, казаклар отряди омборидан бир ярим тонна қимматбаҳо тошлар олиб чиқилган. Қарангки, казакларнинг ихтиёрида жами бир ярим тонна кумуш мавжудлиги ҳақида юқорида таъкидлаб ўтгандик. Демак, ҳисоб-китоблар ноаниқ бўлган. Агар казаклар ўзи билан кемаларда олиб кетган бойликларни ҳисоблаб кўрилса, улар ихтиёрида бир ярим эмас, тахминан уч тоннача кумуш бор бўлиб чиқади. Афсуски, ўша ҳужумдан сўнг қизил армия раҳбарлари Оржоникидзе, Микоян, Кировлар биргаликда бутун Кавказни титкилаб ташлашди. Улар назаридан на Боку, на Ереван, на Тбилиси қолди. Бахтга қарши қочқиндаги казаклар ҳам, йигирма қути кумуш тангалар ҳам топилмади.
1920 йил июнида ниҳоят казаклар ва уларнинг бойликларини олиб кетган иккита Боку кемаси Каспий денгизи фортида қизиллар томонидан қўлга олинди. Чекистлар кемаларни эринмай текширувдан ўтказди. Чунки ўша пайтда қизил армия моддий қувватга жуда муҳтож эди. Надоматлар бўлсинки, кемалардан ҳеч қандай кумуш тангалар топилмади.
Кейинроқ маълум бўлдики, йўлда казаклар отряди командирларидан тўрт нафари кумуш тангаларнинг бир қисмини ўзлари билан олишган-у, номаълум томонга қараб қочишган. Бокуда эса қолган бойликлар тушириб олинган. Ким буйруқ берган, кимлар бойликларни қабул қилиб олган, қаерга олиб кетилганини ҳеч ким билмасди.
Мутахассислар кумуш тангаларни ё инглизлар, ё турклар ўзлаштирган, кейин бошқа валютага алмаштириб юборган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади. Аммо бу ҳам шунчаки тахминдан бўлак нарса эмас. Казаклар қўшинининг чексиз бойликлари изсиз ғойиб бўлди ва ҳануз бу нарса жумбоқлигича қолиб кетди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|