Мен тез чопа оламан
Мушуксимонлар оиласига мансуб бу маҳлуқ бошқа уруғдошлардан анча фарқланади. Югуришда унга ҳатто шер, йўлбарслар ҳам тенглаша олмайди. Гепард соатига 95 км тезликда чопганда, тана ҳарорати 38 даражагача қизийди. Бу сўнгги даража. Агар у шу вақтда бирдан тўхтамас экан, тана ҳарорати 39 даражага етиб, бўғилиб ўлиши мумкин.
Кўзлари ҳам тумшуққача чўзилган қора чизиқлар кўмагида қоронғи кечаларда яхшироқ кўради, кундузлари эса ўлжага янада хавфлироқ кўринади.
Овнинг илк куни
Ана, гепард уч боласини буталар орасига беркитиб, бир соатдан бери кийикни пойлаш билан овора. Ишқилиб болаларига шернинг назари тушмасин. Ўлдириб кетади. Она гепард бўлса, бу йиртқич билан кураша олмайди. Афсуски, тирноқлари ўтмас, муштлашишни ҳам қотира билмайди. Тирноқларининг ўтмаслигидан ўлжани қўлга киритишда кучли панжаларидан фойдаланишга, уни бўғиб ўлдиришга мажбур бўлади. Бу кўп вақт ўғирлагани ёмон-да!..
"Йўқ, — хаёлидан ўтказди гепард кийиклар подасини зимдан кузатиб. — Ҳов анави она кийикнинг кетидан чопаман. Акс ҳолда қорнимиз тўймайди…”
Шу тобда мўлжалдаги она кийик тўдадан ажралиб сув ёқасига борди. Чанқаган шекилли, яқинларининг бурилиб қарашларига, хавфдан огоҳ этишларига ҳам эътибор бермай, чанқоғини қондира бошлади.
— Айни муддао, — эҳтиёткорлик билан бошини кўтариб югуришга чоғланди гепард. — Шошилмасам бўлмайди. Бу ерда биқиниб ётавериш жонга тегди.
Она кийик эндигина сувдан бошини кўтарди-ю, катта тезликда ўзи томон чопиб келаётган душманга кўзи тушиб, олдинга босди…
У душманни қандай чалғитишни биларди. Ҳар қадамда дуч келадиган хавфли онлар она кийикни чопганда ўнгдан чапга, чапдан ўнгга гавдасини ташлаб қочишга, шу йўл билан душманни чалғитишга ўргатган. Агар узоқ муддат шундай йўл тута олса, биладики, гепард чарчаб охири йиқилади…
Афсус… Душман абжир чиқиб қолди. Она кийик негадир қоқилиб йиқилди. Гепард ўзини унинг устига ташлаб, томоғидан маҳкам тишлади.
Она кийик ожиз эди. Сўнгги бор ҳарсиллай-ҳарсиллай нафас олди-ю, ихтиёрини гепардга топширди.
Кутилмаган хавф
Бугунги овдан она гепарднинг кўнгли тўлди. Кийик айни семирган паллада экан. Уч боласи ва ўзи биргаликда ўлжани тановул қилишса, эртанги кунга қадар бемалол ухлаб дам олишади.
Анча толиққан гепард кийик жасадини судрай-судрай болалари беркитилган буталарга яқин олиб келди. Уларни чорлаш ниятида бошини кўтарди-ю, тош қотиб қолди.
Не кўз билан кўрсинки, буталар ёнида урғочи шер у томонга алам аралаш тикилиб турарди.
"Тамом, — ўйлади гепард оғир хўрсиниб. — Бу ярамас болаларимни бир бало қилганга ўхшайди… Йўқ, бўлиши мумкинмас! Агар уларни ўлдирганда бу тахлит турмасди. Ғойиб бўларди… Омадсиз эканман. Гўдакларим тағин оч қоладиган, мен қайтадан овга борадиган бўлдим. Агар ҳозироқ ўлжани шерга қолдирмас эканман, ўзимни ғажиб ташлайди бу шўртумшуқ… Мен ўлсам болаларим очликдан ўлиб кетади…”
Гепард қўрқа-писа ортга чекинган бўлди-да, сўнгги бор кийик жасадига суқ билан қараб олгач, болаларини қидириш ниятида буталар орасига шўнғиди.
— Хайрият, тирик экансизлар, — уч гепардчанинг бошини бир-бир ялаб эркалаган бўлди она гепард. — Анави душманимиздан беркиниб бошқа бута остига келибсизлар-да! Баракалла, чироқларим, баракалла! Ана шундай ҳушёр яшасангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсиз.
— Биз очмиз, она, очмиз! — кетма-кет ириллаб кўксига ёпиша бошлаган гепардчаларга боқиб она гепарднинг юраги эзилди.
— Биламан, — кўл томон тик боқди у. — Ўзимнинг ҳам очликдан силлам қуриб боряпти. Лекин кучим бор ҳозирча. Бу ўлжамизни шерга олдирган бўлсак, оч қоламиз дегани эмас. Сабр қилиб ўтирсангиз, бошқа бир кийикни тутиб келаман. Биз албатта бугун қорнимизни яхшилаб тўйдирамиз.
Саробга айланган орзу
Она гепард танасидаги бор кучини йиғиб сув ёқасида сайр қилиб юрган кийиклар тўдасига назар ташлади. Қуриб кетсин, боя она кийикни қувлаб анча куч сарфлади. Сал бўлмаса ўлиб кетаёзди. Энди-чи? Қай йўл билан шундай йирик ўлжани қўлга киритсин?
У эҳтиёт шарт болалари қолиб кетган бутазорга қараб олди-да, эмаклаганча олдинга юрди.
"Йўқ, ҳозир ўзимни анча уринтирганман, — ўйлади гепард. — Йирик ўлжани қувиб етишга ҳолим етмаса керак. Яхшиси, ҳов анави кийик боласини тутаман. Кийикчалар анқов бўлишади. Сал қўрқитсанг, ўзларини таппа ерга отишади…”
Гепард мўлжални аниқ олганига амин бўлгач, жонҳолатда ўлжаси томон чопди. Ажал хавфини туйган бошқа кийиклар ҳам ҳар тарафга тирақайлаб қочишди.
— Ҳа-а, қўлга тушдингми?!. — гепард азбаройи чарчаганидан кийик боласини базўр бутазорлар томон судрарди. — Сени тутгунимча ўлим қолишимга бир баҳя қолди. Ана энди сен гўдакларимнинг қорнини тўйдирасан. Мен ҳам сенинг гўштларингни еб эртанги овга куч йиғаман…
Очликдан силласи қуриёзган уч гепард боласи ўлжа билан қайтган онани кўрди-ю, ириллаганча кийик боласига ёпишди…
Шўрлик гепардчалар шу қадар нафс йўриғига тушиб қолишгандики, чарчаган, очликдан танаси титраб кетаётган онани ҳам унутишганди.
— Минг афсус, — она гепард гўштнинг кичик бир бўлагини егач, ортга тисланди. — Бу гўшт ҳаммамизга етмайди. Болаларимнинг қорни зўрға тўяди. Майли, пешонамизга ёзилгани-да! Балки сал ўзимга келиб куч тўплай олсам, учинчи бор овга чиқарман?!. Лекин… Қандай?.. Вужудим титраб боряпти. Оёқларим ҳам чалишиб, ўлай деяпман. Қаердан қувват оларканман?..
Сўнгги илинж
Очлик, ташналик, оналик масъулияти тамоман ҳолдан тойган гепардни учинчи маротаба йўлга бошлади. Билади, эрталабки чопишлар, шашт, учқурлик ва ғазаб ҳозир унда йўқ. У ниҳоятда чарчаган. Агар қорни тўқ бўлса қимирламай буталар орасида истироҳат қилар, уч гўдагининг ирғишлаб, эркалашларини кузатиб завқ оларди. Айни дамда булар фақат орзу холос. Қорни оч жонзотга ҳеч нарса ёқмайди. Кўзларига уйқу ҳам келмайди. Айниқса, болалари овқат сўраб турган она қай виждон билан ястаниб ётади?
"Ўлсам-да, розиман, — дея хаёл қиларди гепард истар-истамас сув ёқасига йўл оларкан. — Анави гепардчаларимга каттакон кийик тутиб берсам бас. Энди менга ҳаётнинг қизиғи қолмади. Эҳ, болажонларим, сизларни оёққа турғазмоқчи эдим! Ўзингиз мустақил ҳаёт кечира оладиган бўлганингизда, бугун сўнгги бор йирик ўлжа тутиб олдингизга ташлардим-да, сиз ширин уйқуда эканингизда, ярим тунда билдирмайгина ўзга ўрмонларга бош олиб кетардим. Шунинг билан аждодларимиздан қолган одатни адо этардим. Агар шу қувғинда ўлиб кетсам, алвидо! Буёғига пешонадагини кўрасизлар! Онангиз ов қилишга қувват йиға олмаяпти. Бор кучини сарфлаб битирди…”
Шу лаҳзада гепарднинг кўзлари оқсоқлай-оқсоқлай дуч келган тарафга чопиб бораётган кийикка тушиб даст ўрнидан турди.
— Ахир, у ярадор-ку! Тимсоҳнинг чангалидан қутулиб қолганга ўхшайди! Меҳрибонларим, мушкулимиз осон бўлган кўринади! Қаранглар, ўлжа ўз оёғи билан рўпарамдан чиқди! У меники, меники!..
Ярадор кийик узоқ чопа олмади. Кутилмаганда ўзини уёқдан буёққа ташлаб типирчилай бошлади.
Она гепард эса икки ҳатлаб унга етиб олди-да, аввал хавф йўқлигига амин бўлиш учун атрофни кузатди. Теваракда сукунат ҳукмрон эди. Қиздира бошлаган қуёшдан чўчишганми, шерлар ҳам кўринмасди.
Гепард ҳарсиллаган кўйи ўлжасини судраклаб бориб буталар орасига беркитди ва болалари қолган томонга юзланиб баланд овозда ўкира бошлади. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|