Маҳалламизда бир телба хотин яшайди. Унинг қачон, қаердан пайдо бўлганини билмайман. Билганим унинг на ота-онаси ва на опа-укалари бор. Аёл бир хароба кулбада кун кечиради. Унинг бировга зиёни тегмайди-ку-я, бироқ туну кун кўчаларда тентираб юради. Ўзига ўзи гапириб, ўзидан ўзи кулади. Сочлари таралмаган, ювилмаган, уст-боши кир-чир бу хотиндан ўлгудай қўрқаман. Бир куни ўқишдан қайтаётганимда уни кўриб қолдим. У ортимдан изма-из эргашиб келарди. Мен тез-тез одимладим, у ҳам кетимдан қолмади. Юрагимнинг безовта уриши ўзимга ҳам эшитила бошлади. У менга етиб олса, бирор нима қилиб қўядигандай оёғимни қўлимга олдим-да, ортимга қарамай қочдим. Уйга аранг етиб келдим ва ўзимни дарвозадан ичкарига урдим. Жон ҳолатда ичкарига отилганимни кўрган аммамнинг эсхонаси чиқиб кетди.
— Нима бўлди? Жин чалдими? Намунча ортингдан арвоҳ қувгандай ҳовлиқмасанг?
— Ана у… ана у… жинни хотин, амма…
— Қайси жинни хотин, аввал ўпкангни босиб ол. Тўхта, ҳозир сув олиб келаман. Рангингда ранг қолмабди-ку, намунча титрамасанг…
Бир коса сув ичиб, нафасимни ростладим.
— Ана энди гапир, болам, нима бўлди? Тинчликми?
— Назокат жинни ортимдан қувди.
Аммам гапимга маза қилиб, мириқиб кулди.
— Эсинг жойидами, ахир у чумолига ҳам озор бермайди-ку. Бечорагинанинг нимасидан қўрқасан?
Шу пайт ичкаридан онам чиқиб келди. У янги кўрпачаларни ёйиб, ҳовлидаги каравот устида жой тайёрларкан, меҳмонга келган аммамни юқорига чиқишга ундади. Онам аммамга чой узатиб:
— Опа, айтишларича, шу Назокат жинни, аслида, жинни бўлмаган экан, шундайми? — деб сўради.
— Ҳа, шундай, — деди аммам маъюс тортиб. — Билсангиз, у билан бир синфда ўқиганмиз. Мактабда энг яқин дугоналар эдик. У менга ўз жигаримдай эди. Бирга мактабга қатнардик. Бир партада ўтирардик. Қаерга бормай мен унга, у менга ҳамроҳ эди. Фалакнинг гардишини қаранг-а, келин, ким ўйлабди дейсиз Назокатга ўхшаган қиз бир кун келиб мана бундай аҳволга тушишини. Яқин дугонамнинг пешонасига бу қадар аянчли қисмат битилганини кўриб, ичим куяди. Ахир у мактабда кимлардир ҳавас, кимлардир ҳасад қиладиган даражада гўзал, ниҳоятда илмли, одобли, аълочи қиз эди-я! Дугонам ақлини таниши билан китобга ошно бўлди-қолди. Унга ҳавасим келарди. Мен ҳар қанча ўқимай, унга тенглашолмасдим. Назокат туғма истеъдод эди, десам янглишмайман. Назаримда, у эплолмайдиган ишнинг ўзи йўқ эди. Дугонамнинг ажойиб истеъдод соҳибаси эканлиги унинг қойилмақом расмлар чизишидан билинарди. Мен у келажакда тенгсиз рассом бўлади, деб ўйлардим. Ҳаммамиз улғайдик, мактабни тугатдик. Ҳар ким ўз танлаган йўлидан кетди. Йиллар кетини йиллар қувиб ўтди. Бир синфда ўқиган ўттиз беш ўқувчининг бари оила қуриб, бола-чақа орттирди, Назокатдан бўлак…
Дугонам мен ўйлаганимдай рассом бўлмади-ю, бироқ тенгсиз архитекторга айланди. Шаҳардаги кўплаб иморатларнинг лойиҳасини мана шу аёл чизган. Ҳа, келин, ҳар қанча ҳайратлансангиз арзийди, бизнинг Назокат ана шундай қўли гул қиз эди. Ўз ишига шу қадар муккасидан кетгандики, вақт ўтаётганини асло сезмасди. Уй-жой, машина ва нуфузли фирмага эга ишбилармон хонимга айланди. Ўзи истаган ҳамма ниятга эришган хонимни унга ҳавас билан тикилган кўзлар асло қизиқтирмасди. Мен уни охирги синфдошлар учрашувида кўрганимда, икки оғиз суҳбатлашиб, эришган барча нарсаларидан оилавий бахтни деб кўз юмиб кечиб юборишга тайёрлигини тушунганман. Кўп ўтмай у эрга тегди. Нариги маҳаллада яшайдиган хотини бемаврид оламдан ўтган Толиб акани деярли ҳаммамиз яхши танирдик. Мен Назокат турмушга чиққанидан ниҳоятда хурсанд эдим. Энди унинг ҳамма нарсаси бор эди. Яратган фарзанд ато этса, бахти тугал бўлади, деб ўйлардим. Хуллас, оилавий ташвишлар билан бўлиб дугонам билан деярли кўришмай кетдик. Орадан ўн йил ўтиб, уни тушкун аҳволда кўриб қолдим. Дугонамдан нима бўлганини сўрадим.
— Эрим йўқолиб қолди, уч кундан буён уни излаяпман, — деди у бир аҳволда.
Назокатнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмасди. Шунинг учун унга ўзимча таскин бермоқчи бўлдим.
— Ташвишланма, ўртоқжон, Толиб аканинг яқинлари, таниш-билишларидан сўрадингми? Балки, ака-укасиникидадир?
— Қанақа Толиб ака? Толиб аканг билан яшамаётганимга неча замонлар бўлди, хабаринг йўқ экан-да. Мен иккинчи турмуш ўртоғимни излаяпман. Майли, мен бора қолай, мелисахонага ўтиб хабар берай, зора улардан садо чиқса, — деди-да, мени бир олам саволлар гирдобига ташлаб кетиб қолди.
Ортидан гаранг бўлиб тикилиб қолдим. Толиб ака билан нега бирга яшамаяпти? Турмушларига нима бўлди? Наҳотки ажрашиб кетишган бўлса? Қачон иккинчи марта турмушга чиқишга улгурдийкин? У ким бўлди экан? Нега менинг бу гаплардан хабарим йўқ? Дугонам шундай оҳангда сўзладики, мен беихтиёр «Наҳотки шу ўзимизнинг Назокат бўлса», дея жойимда қотиб қолдим.
Орадан уч йил ўтиб, Назокатни буткул хароб аҳволда учратдим. У фирмасидан, машинасию уй-жойидан айрилган, ҳаётдан ихлоси қайтган аҳволда эди. Бу сафар ундан ҳеч нарса сўрамасам ҳам ўзи сўзлаб берди.
— Толиб аканинг болаларига оналик қилолмадим. Уларга кун бермай қўйдим. Шу сабаб хотинининг қариндошлари болаларни олиб кетишди. Толиб ака бунга қаршилик қилгани йўқ. Мен ўзимнинг болаларим бўлса, тинч яшаймиз, деб ўйловдим. Лекин чучварани хом санаган эканман, етимларни йиғлатиб, бахтга эришолмаслигимни фаҳмлашга ожизлик қилибман. Хуллас, Толиб ака ичкиликка берилиб кетди. У ҳеч қаерда ишламас, пулни эса аямай совурарди. Бундай давом этаверса, бизнесимга путур етиши мумкин эди. Шунинг учун қўл қовуштириб ўтиришдан кўра, қандайдир чора кўришни афзал билдим. Ўзим нима қилишни билмаганим учун маслаҳат олгани қишлоқда яшайдиган аммамнинг уйига йўл олдим. Яқинларимиздан ҳеч ким шу аммамникига бормасди. У ҳам биров билан борди-келди қилмасди. Билишимча, у ёлғиз яшарди. Иссиқ-совуқ билан шуғулланадиган жодугар, фолбин бўлгани учун ҳеч кимникига сиғмасди. У дардимни эшитиб, эримнинг суратини сўради. Эртаси куни мен унга суратни олиб келдим. У суратга қараб нималарнидир ўқиди.
— Уйингга боравер, ҳеч нарсадан хавотир олма, ҳаммаси яхши бўлади. Бир бош оғриғидан қутуласан, — деди.
Уч кундан кейин эса эрим ғойиб бўлди. Унинг изи ҳам топилмади. Орадан анча вақт ўтиб, Сарвар билан танишиб қолдим. У хотинидан ёлчимаган, менинг ҳам бошим очиқ эди. Хуллас, биз тезда тил топишиб кетдик ва турмуш қурдик. Бир кун уйга вақтли қайтсам, аёл кишининг кулгисини эшитдим. Не кўз билан кўрайки, эрим бошқа бир аёл билан кулишиб ўтирарди. Дилим вайрон бўлганди, одамларни кўришни асло истамасдим. Диван устида ётган эримнинг бош кийимини олдим-да, тағин аммамнинг ёнига жўнадим. У мени табассум билан қарши олди. Эримнинг бу сафар ғойиб бўлиши тасодиф эмаслигини билардим. Орадан бир ҳафта ўтиб, уни милиция ходимлари қайтиб олиб келишди. Бироқ унинг ҳуши ўзида эмасди. Жинни бўлиб қолган эримни шифохонага жойлаштирдим. У ҳали ҳам ўша ерда. Бу орада ишларим ўз-ўзидан ортга кета бошлади. Бу эса мени яна аммамнинг олдига боришга мажбур қилди. Ундан барига изоҳ сўрадим. Аммам эса кулиб:
— Ўзинг шундай ҳаётни истадинг. Мен эса истагинг амалга ошишига бир сабабчи бўлдим, холос. Толиб аканг ҳозир сув остида ётибди. Уни менинг жинларим гумдон қилишди. Марҳум энди ҳеч қачон сув юзига чиқолмайди. Сарвар тирик қолганига қарамай, унинг руҳи ва онгини аллақачон иблис сўриб олган. Эринг ҳеч қачон соғлом одамга айланмайди, — деди.
Аммамнинг оламдан ўтганига икки ой бўлди. Бирор нимани ўзгартиришга қодир эмасман. Мен ўзим билан бирга икки кишининг ҳаётини хароб қилдим. Шу сабаб ўзимни кечиролмаяпман.
Назокат шуларни сўзлаб, узоқ йиғлади. Мен эса уни овутолмадим. Ана шунақа гаплар. Ундан қўрқма, Назокат энди ҳеч кимга зиён етказишга қодир эмас.
Кўчадан эса телба аёлнинг кулгиси эшитиларди… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|