Ёш жин чиройли аёлнинг кетидан тушди. Унинг шамолда чиройли елпиниб кетаётган этакларига кўз тикди, бир сония бўлса-да, одамларга хос бўлган чиройли баданнинг очилиб кетганини кўраманмикан деб унинг изидан кетаверди. Жинда, ҳар қалай, жиндек умид бор эди, маҳрамсиз юрган ёлғиз, чиройли аёлга шу сабаб дили кетди…
Аёл уйига етиб келди. Калитларини бураб эшикни очди. Остонадаёқ «Ассалому алайкум!» деб салом берди. Унинг саломига эса одам зоти эмас, аллақандай оппоқ нурга бурканган уй фаришталари алик олишди.
Жин паналаб уйга суқилиб кирди. Уй деворларига қараб чиқди, биронта сурат йўқ. Тўғри ҳаммомга бориб жойлашди. Чунки шу жойдагина аёлни томоша қилиш имкони катта деб билди.
Кутганидек, бироздан кейин аёл- ҳожатга кирди, унинг кетидан шошган жин остонада қаттиқ тўсиққа дуч келди. Аёл қандайдир дуони ўқиганмиди, ҳожат эшиги кўринмас девор билан тўсилганди.
Ноумид ҳолатда яна ҳаммомга қайтди. Аёл энди таҳорат учун ҳаммомга бош суқди. Жин аёлнинг сув силаб ўтаётган гулдек чеҳрасига тикилди. Унинг ғунчадек лаблари яна ним қимирлаб, дуо ўқиётганди. Чиройига маҳлиё бўлган ҳолатда сочларига қўл узатди, бирдан сочларга тароқдек тортилган нам бармоқлар уни қувиб солгандек бўлди.
Кейин аёл намоз ўқиш учун жойнамоз солди. Жин уни анча наридан туриб кузатди. Ичи сиқилди.
Бирдан кўзи аёлнинг елкалари орқасида турган, у билан биргалашиб намоз ўқиётган нурли сиймоларга тушди. Намоз тугагач, ўша сиймолардан бири аёлнинг ўнг қулоғига нимадир деб шивирлагандек бўлди. Аёл жойнамозини йиғиштириб олмасдан, ўрнидан ярим туриб, токчадан бир китобни қўлига олди. Китоб ичидан хонага нурли майсалар найзадек таралиб ўса бошлади.
«Сеҳргар! Сеҳргар экан-ку бу!» Жин шошиб олдинга бир қадам қўйди. Қадамлари оғирлашиб, кулдек тўкилаётгандек бўлди. Жим қотди.
» Ар-Роҳмаан, ъалламал Қуръаан, холақол инсаан…» (Роҳман. Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди.) Жин ўзида ғалати титроқни туйди. Остонага йиқилиб, устига тўкилаётган тупроқлардан бошини чангаллади. «Тупроқ… Ўзининг қавмини ҳимоя қиляптими?!» Атрофга қаради, ер қимирлагани йўқ, осмон йиқилмаяпти, аёл китобини ўша маромда ўқияпти, нурли сиймолар эса унга бош эгиб тинглаб ўтиришибди… «Ва холақол жаааанна мим маарижим мин наар» (Ва жинларни ўт-алангадан яратди) Бу ахир у ҳақида-ку?! Томирларида югураётган учқунга қараб, яна бошини саждага эгди. Китоб жинда қизиқиш уйғотди, бу қандай китобки, унда ўзи ҳақида ёзилган бўлса… Шу онда эшик тақиллади. Аёл китобини дуо ўқиб ёпиб, эшикка юзланди. Жин орадан шип этиб ўтиб ўз йўлига кетди. Ўзи яшайдиган харобадаги марийдни қидириб борди. Эшитган ва кўрган нарсаларини айтди. Марийд оғзидан тутун чиқариб узоқ кулди: «Яхшиям эсингнинг борида у ердан қочиб қолибсан, ҳатто Ифритлар ҳам унақа уйларга бош суқолмайди, у аёлларни пойлашингдан насиба йўқ, юр, яхшиси, ҳамма борадиган жойга сени олиб бораман!» Марийд ёш жинни етаклаб ичкилик ва фаҳш урчиб ётган, базм авжига чиққан бир жойга олиб борди. Ўзи эса зум ўтмай, бир бош яланг, фаҳш кийимидаги аёл билан бир идишдан ичимлик ича бошлади. Бир четда атрофни бир оз кузатиб ўтирган жин нимагадир ғамгин бўлиб ташқарига чиқди, қулоқлари остида олдинроқ эшитган, ўша аёл чиройли овозда ўқиган, уни қўрқувга, титроққа, жунбушга солган калималар тинмай жаранглаётган эди… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|