Жопар Саломов бир куни кутилмаганда ахлатхонадан хум топиб олди. «Ие, ахир, бу зўр-ку!.. Илгари хумнинг ичида жинлар яшайди, нимаики истагинг бўлса, ҳаммасини бир зумда адо этади, дейишарди… Қани, менам бир хумни ишқалаб кўрай-чи!..» Жопар хаёлига келган ажойиб фикрлардан тўлқинланиб, шоша-пиша уйига келди-да, эшикни ичкаридан тамбалаб, хумни ишқалади. Ишонасизми, янглишмаган экан… Бир пайт хум ичкарисидан қора тутун бурқсиб, рўпарасида негадир хафақон, эгнига чопон ҳамда эски иштон кийган, кўринишидан худди жинларга ўхшаб кетадиган жонзот пайдо бўлди. Жопар хурсандлигидан ўзини қўярга жой тополмай қолди шу тобда. Ие, қаршисида сеҳрли хизматкор туради-ю, ҳаяжонланмайдими?!
— Ҳой жин, менга қулоқ сол! — деди Жопар ўзини жиддий тутиб, — Бор, ҳозироқ менга ароқ келтир дўкондан!.. Кейин… Ёнига бир лаган товуқ гўштиям қўшиб келасан!..
Ҳалиги жин унга ҳайрон бўлиб қараб турди-да, норози бош чайқаб, тилга кирди:
— Менга қара, ўзи ёшинг нечада-а?..
— Меними?.. Йигирма бешда…
— Йигирма беш?.. Вей, уялмайсанми-а?.. Менинг ёшим нечадалигини биласанми?..
— Й-йўқ… Нечада?..
— Уч юзда, билдингми?.. Сен ҳали бурнингни артишни тузук-қуруқ эплолмайсан-у, ўзингдан каттага иш буюришингни қара!..
— К-кечирасиз… М-мен ўйлабманки…
— Ўйлабман эмиш… Ўйлагандан кейин яхшилаб ўйлаш керак, тирранча!
— Ҳ-ҳа, майли, узр… Келинг, ўтиринг! — Ўзини йўқотиб қўяёзган Жопар жиннинг атрофида парвонадек айлана бошлади. — Қани, марҳамат қилсинлар!
Жин креслога астойдил ястаниб ўтириб олгач, оёғини Жопар тарафга чўзди.
— Этикни еч!
У тезда жиннинг этикларини, чопонини ечиб қозиққа илди.
— Отинг нима? — сўради жин бироз нафасини ростлагандан сўнг.
— Жопар.
— Шунақа дегин… Унда қулоқ сол, Жопар, менга бирон-бир ичадиган ўткирроқ нарсангдан олиб кел!
— Ахир… Менинг пулим йўқ… — хижолатдан йиғлагудек бўлиб бош эгди Жопар.
— Вей, аччиғимни чиқарма сен бола, ҳа!.. Йўқса, ҳов анави бўшаган шишанинг устига ўтқазиб қўяман. Қани, тез дўконга чоп-чи, бўл тез, дедим!..
Бечора Жопар бўлганича-бўлди. Қўрққанидан югурганча қўшниникига чиқиб қарз олди-ю, дўкондан ароқ келтирди. Ичкарига кирганда жин астойдил телевизор кўриш билан банд эди. Жопар яна танбеҳ эшитмаслик учун дарров стаканга ароқ қуйиб жинга узатди. Ярамас, роса ичадиган хилидан экан. Газак ҳам қилиб ўтирмади. Фақат бир марта «чиф» деб қўйди, холос. Бироз ўтиб бадани қизий бошлади шекилли, яна Жопарга ўгирилди.
— Ҳой бола, яхши, кетворган қизлардан йўқми-а?..
— Йўғ-а… М-мен унақа қизларни танимайман…
— Танимайсанми?.. Унда ҳозироқ бўшаган шишанинг устига ўтирасан… Бор, қидириб кўр!.. Қанақанги ландовурсан ўзинг?.. Тағин йигирма бешга кирганмиш бу киши…
Жопар ноилож йўлакка чиқиб Тамара, Галя деган танишларига қўнғироқ қила кетди… Ҳа, қўнғироқ қилаётиб сал нарироқда ҳалиги бўшаган шишани кўриб қолди-ю, ғазаби қўзғаб «Падарингга лаънат!» деганча оёғи билан тепиб юборди. Шу пайт денг, шишанинг ичидан қора тутун бурқсиб, қаршисида рўмол ўраган, узу-ун кўйлак кийган қандайдир аёл пайдо бўлди. У атрофни эринмай кузатиб чиққач, Жопардан сўради:
— Эримни кўрмадингми?
— Нима?
— Менинг Жинимни кўрмадингми деяпман? Нима бало, кармисан?
— Ҳа-а, жинми?.. Й-йўқ…
— Вой ярамас-эй, агар ростини айтмасанг, мана шу бўшаган шишанинг устига ўтқазиб қўяман, гапир!
— Қаранг-а, мен гапингизга яхши тушунмай қолдим-да!.. Ҳалиги соқолли жинни айтяпсизми?.. У шу ерда, ичкари хонада ўтирибди.
Аёл Жопарни туртиб юбориб ичкарига йўл олди. Орадан бир-икки дақиқа ўтар-ўтмас, хонада ниманингдир қаттиқ тарақлагани, жиннинг додлаган овози эшитилди.
— Хап, сеними?! — дея Жопарга ўқрайди жин ура солиб хонадан чиқаркан, — Ҳали шошмай тур!..
Шу гапни гапирди-ю, кўз очиб юмгунча иккаласи ҳам бўшаган шишанинг ичига кириб ғойиб бўлишди. Қутулганига шукр қилган Жопар эса, оғир тин олиб шишани омонатгина чўнтагига солди ва жон талвасасида ахлатхонага ташлаб келди.