51 ёшли америкалик актриса Женнифер Энистон пандемияга қарши курашишга ўз ҳиссасини қўшди. Бу ҳақда Cosmopolitan нашри хабар берди.
Брэд Питтнинг собиқ турмуш ўртоғи аслида хайрия ишларини кўз-кўз қилишни хуш кўрмаса-да, бу сафар мухлисларига намуна бўлиш мақсадида бу одатини истисно қилди. Энистон шифохонада хизмат қилаётган ҳамширалар учун маблағ ажратган ва бу маблағни Америка ҳамширалар фондига ўтказиб берган.
«Уларнинг жасорати, фидокорлиги ҳар қандай мақтовдан юқори ва улар бизнинг қўллаб-қувватлашимизга муҳтож. Сиз ҳамиша беморлар ҳақида қайғурасиз, сиз — бизнинг қаҳрамонимизсиз», — деб ёзган Женнифер.
Актриса ажратилган маблағ суммасини ошкор қилишни истамаган, ёрдам беришни истовчилар учун фонд ҳаволасини қолдирган.
Аввалроқ Женнифер коронавирусга чалинган ҳамширага кутилмаган видеоқўнғироқ қилиб, унинг кайфияти кўтарилишига сабабчи бўлганди. Шунингдек, актриса мухлисларини пандемия вақтида масъулиятли бўлишга чақирган.