Бир… Икки… Уч… Юзгача санасам, уйқуга кетаман…
Қирқ… Қирқ бир… Ҳа, уйқу мени ҳаммасидан қутқаради…
Эллик уч… Эллик тўрт… Мен абадий уйқуга кетаман… Абадий уйқу — барча заҳматларим учун берилган мукофот…
Йўқ, ҳеч қаеримда оғриқ сезмадим. Фақат… Сал кўнглим айниди холос…
Ана, сув ҳам совиб қолди. Белларим музлай бошлаяпти…
Яна сал чидасам… Йўқ, сувга қарамайман. Қип-қизил рангга кирибди…
Ие, нега шовқин бўлаяпти?.. Кимдир эшикни очдими, дейман?..
Нега?.. Ҳали эрта-ку!.. Унинг ишдан келишига эрта-ку!..
Ҳозир ваннахонанинг эшигини тарақлата бошлайди. Ҳеч нарсага улгура олмайман… Уф-ф… Салгина келмай турсайди…
У зўрға кўзларини очди. Ваннахона деворлари, шифт қип-қизил рангда эди. Ҳатто, иссиқ сувдан чиққан қуюқ пар ҳам қизил…
Оҳ, мияси айний бошлади шекилли…
Қизнинг кўзлари беихтиёр кўзгуга тушиб қолди. Томирларини қирқишдан аввал кўзгуга лаб бўёғи билан катта-катта қилиб ёзиб қўйганди:
"Ҳаммангизни кўришга кўзим йўқ!..”
Ўрнидан туриб, ўша ёзувни ўқишга уринди. Кучи етмади…
Қизиқ, қаёққа ғойиб бўлди ёзув?.. Ҳа, пар ювиб кетган бўлса керак…
Пар қаердан пайдо бўлди ўзи?.. Сув аллақачон совиб бўлган-ку!..
Вика ўлимини тасаввур қилиб кўрди. У жон бериши ҳамоно, руҳи танасидан чиқади-да, қаердандир баландликдан жасадни, атрофдагиларни томоша қила бошлайди…
Ҳа, ҳатто фильмларда ҳам худди шундай кечади ўлим. Кейин руҳ жаннатга қараб йўл оладими?.. Йўқ, дўзахга бўлса керак. Чунки у ўзини ўзи ўлдирди-ку!.. Э, умуман… Нима фарқи бор? ёруғ дунёда ҳам дўзахдагидай ҳаёт кечирди-ку!..
Виканинг киприклари пирпиради. Қулоқларининг шанғиллаши тўхтаб, яна кўзини очди… Шу пайт қаршисидаги кўзгу катталашиб, унда ёзув пайдо бўлди.
"Сен ўлмайсан!”
Вика қайтадан ҳушини йўқотди. Кўзгунинг нариги томонидан уни номаълум одамлар кузатиб туришарди.
— Бизнинг аралашишга ҳаққимиз йўқми?
— Йўқ. Биласан-ку!
— Нимадир қилиш керак-ку!
— Нега кўзгуга ёзиб қўйдинг?
— Уни ҳушёр торттирмоқчийдим.
— Сен аксинча, қўрқитиб юбординг.
— Ўйлайсанки, улар қизни қутқаришга улгуришадими?
— Албатта.
— Биламан. Аммо мени одамларнинг эҳтиётсизлиги ташвишга солади.
— Ишинг бўлмасин. Бизнинг ишимиз — кузатиш.
— Агар улар ҳаммасидан хабардор бўлишса, унда нима қилардик?
— Унда биз бу ерда турмаган бўлардик, жим!..
***
Вика ўзига келди. У касалхонада ётар, палатада ундан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Қўлларини дока билан боғлаб ташлашибди. ёнбошида капельница. Жуда сув ичгиси келди. Кимнидир чақирмоқчи бўлди. Аммо томоғи қуриб кетганидан йўталишдан нарига ўтолмади.
Ўрнидан туришга уриниб кўрди. Бошини кўтарган заҳоти кўз олдида қандайдир майда ялтироқ заррачалар пайдо бўлиб, миясининг ич-ичида қўнғироқ чалиниб кетгандек туйилди ва қайтадан ёстиққа михланиб қолди.
Менга нима бўлди ўзи?..
Атрофга қараб билдики, касалхонада ётибди. Кўзлари беихтиёр намланди. Ҳа, эсига тушди. Ҳушидан кетганди…
— Худойим, ахир, мен ўзимни ўзим ўлдирмоқчи бўлдим!.. Нима сабабдан?
Жавоб йўқ эди. Вика ваннани қандай сувга тўлдирганини эслади. Кейин… Ўзи атайин сотиб олган устарани қўлига олди. Лабларини қаттиқ тишлаган кўйи аввал чап, кейин ўнг қўлидаги томирларни кеса бошлади. Қон фавворадек отилиб, шифтга урилди. Ваннадаги сув қип-қизил тусга кирди. Вика қўрқиб, тезда сувга ётиб олди. Шундан сўнг… Қандайдир номаълум товушларни эшитди. Кўзгудаги ёзувга кўзи тушди…
У даҳшатда эди…
Шу тобда палата эшиги секингина очилиб, ичкарига врач кириб келди. Виканинг қараб турганини кўриб, майин жилмайиб қўйди.
— Хўш, асалим, сен мени туни билан навбатчилик қилишга мажбур этдинг-ку-а?
— Сув… — оҳиста шивирлади Вика.
— Ҳозир… Фақат озгина ичасан. Кўп ичиш сенга мумкин эмас. Келишдикми?..
Врач токчада турган минерал сувни қизга узатди.
— Раҳмат.
— Ҳозир Виктор Николаевич келади. У сенинг олдингда бўлади. Мен кетаяпман…
— Раҳмат, — деди энди Вика анча жонланиб. — Отингиз нима?
— Сергей Владимирович.
— Айтинг-чи, кечаси нима бўлди ўзи?
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ… Дамингни ол. Кўп гапириш сенга мумкин эмас. Хўп, мен кетдим!
— Яна келасизми?
— Албатта. Шундай чиройли қизнинг тузалаётганини кўриш мен учун жуда қизиқ.
Врач чиқиб кетди. Вика унинг ортидан кулимсираганча қараб қолди. Йўқ, у алдади. Вика гўзал эмас. Буни ўзи ҳам яхши билади. Лекин барибир шундай сўзларни эшитиш ёқимли…
***
Дарко украиналиклар билан биринчи марта ишлаётгани йўқ. У биринчи даражали қурувчи. У билан ҳамма маслаҳатлашади, ниманидир сўрайди. Хуллас, ҳурмати зўр.
Бу сафарги шартнома ҳам ёмон эмас. Лойиҳаси жуда қимматли. Шу лойиҳа бўйича икки йилга шартнома тузди. Буюртмачи ҳам ўта жиддий экан. Ўз мажбуриятини вақтида бажариб қўядиганлар хилидан чиқиб қолди…
Фақат узоқлиги ёмон. Оиласи билан олти ойда зўрға бир марта кўришади. Яхшиям телефон бор. Бўлмаса…
***
Вика эса, психологликка ўқиган. ёшлигида, албатта. Ҳозир билмайди. Қаердадир чанг босиб ётгандир дипломи…
Лекин унга бу касб жуда ёқарди. Шунчалар орзу қилардики… Мижозлари кўп бўлса, Вика ҳашаматли бинодаги кабинетида ўтириб, уларни қабул қилса…
Аммо бир ёмон одати бор. Бу одатдан сира қутула олмайди. Кўп мулоҳаза юритади, ҳар хил саволлар билан ёнидагиларга тинчлик бермайди. Бошқаларга маслаҳат беришни хуш кўради…
Ўша… Агентликда ишлаб юрганида ҳам ҳаммани безор қилиб юборган бўлса керак… Шунинг орқасидан қачон қараса, агентликдагилар билан сан-манга бориб юрарди…
***
Эрталабданоқ Дарконинг кайфияти тушди. Хотини қўнғироқ қилди. Ўғли қўлини синдириб олганмиш. Хотинига бақириб берди. У йиғлади. Дарко эса аччиқланиб гўшакни жойига қўйди. Бошқа қўнғироқ қилиб ўтирмади…
Шу тобда Вика қабулхонага кириб келди.
— Дарко Станични кўрсам бўладими? — сўради у котибадан.
— Кечроқ кирсангиз яхши бўларди, — деди бўшашиб котиба.
— Биласизми, биз сизларга қўшнимиз. Офисингизнинг рўпарасидаги бино бизнинг ишхона… Бир муаммо чиқиб қолди. У кишини кўрмасам бўлмайди…
— Шунақами? Майли, киринг!..
Вика секин кабинет эшигини очиб, ичкарига кирди. Дарко Станич бошини чангаллаганча ўй суриб ўтирган экан.
— Келинг, эшитаман! — деди у ўрнидан жилмай. Вика унинг ҳолатини кўриб, бироз ўзини йўқотди.
— Бемаҳал кириб қолдим, шекилли? — оҳиста сўради Вика.
— Сизга бемаҳал кирганингизни айтишмадими?
— Кечирасиз… Бошқа сафар келарман…
— Келдингизми, энди гапиринг!
— Сиздан ёрдам сўрамоқчийдим… Кабинетимни таъмирлаш зарур эди. Лекин шифтлар жуда баланд… Энди билсам…
Дарко беихтиёр ўрнидан турди.
— Хўш, кабинетингизда мебел борми?
— Ҳа.
— Ташқарига олиб чиқишга қанча вақт кетади?
— Эртага ҳаммасини тахт қилиб қўямиз.
— Яхши… Кутинг!..
***
Усталар эпчил экан. Тўрт соат деганда таъмирни тугатишди. Қизлар хурсанд бўлганларидан сумкани тўлдириб ичкилик, конфетлар, майда-чуйдалар олиб келишди. Усталарни меҳмон қилмоқчи бўлишди. Бироқ Дарко бунақа тантаналарни ёқтирмасди. Горан шу сабабли уни кўндиргунча икки соат овора бўлди…
Ичкарида ўтирганлар бир-бирлари билан тинимсиз гаплашишар, Вика эса, жимгина ўтирган Даркодан кўз узолмасди. Қандай қилиб унинг эътиборини тортишни билмай ҳалак эди…
Ҳарқалай, йўли топилди. Кимдир шампан виносини очганди, қопқоғи Дарконинг қадаҳи ичига келиб тушди. Шундай кучли зарб билан тушдики, қадаҳ синиб, шиша зарраси Дарконинг қўлига санчилди. Шу заҳоти қон сизиб чиқа бошлади. Вика шоша-пиша ўрнидан турди-да, аптечкадан керакли дориларни олиб, Даркога яқин келди. Кўз очиб-юмгунча қонни артиб, ярани ювди ва дока билан чиройли қилиб боғлаб қўйди. Дарко шимига сачраган қонларни арта-арта ташқарига йўл олди…
Вазиятдан унумли фойдаланиш зарур эди. Вика ҳам унинг ортидан ташқарига чиқди.
— Истайсизми, сизни меҳмонхонагача кузатиб қўяман? — сўради у. — Тағин йўлда ёмон бўлиб юрманг…
— Сиз менга айтаяпсизми?
— Ҳа.
— Яхши, қарши эмасман…
***
Соат эндигина кечки еттига занг ура бошлаганди. Ташқарида баҳорнинг илиқ шабадаси эсаяпти…
Вика сал олдинда юриб борар, орқасига қарашга негадир қўрқарди. Дарко эса уни кузатиб, ўзича кулиб қўйди…
— Вика! — ниҳоят қизни тўхтатди Дарко. — Агар шошилмаётган бўлсангиз, сизни кечки овқатга таклиф этмоқчийдим.
— Мени? — ҳайрон бўлди Вика. — Нимага?
— Сиз менга халоскорлик қилдингиз. Миннатдорчилик билдиришим керак-ку!..
— Шунақами?.. Майли…
— Фақат бироз кутиб турасиз. Мен дарров кийимимни алмаштириб чиқаман…
***
Кейинги етти ой Сергей Владимирович учун нақ даҳшатнинг ўзи бўлди. Хотини билан ажрашди. Аёл… У Сергей Владимировичга не кунларни кўрсатмади… Аввалига ажрашишга рози эди. Кейин… Бирданига тўнини тескари кийиб олди… Охир-оқибат катта пул ундирди…
Нимаям қилсин? Бундай даҳшатларни ўйлашнинг ўзи оғир. Шу сабабли уйқусиз тунлардан қочиш ниятида тунги навбатчиликни сўраб олади. Шу йўл билан бўлар-бўлмас хаёллардан нарироқ юради…
Сергей Владимирович яхши врач. Ўз ишини севади. Кимгадир ёрдами тегса, кимнингдир оғир касалликдан халос бўлиб жилмайганини кўрса, боши осмонга етади. Худди жанг майдонида ғалаба қозонган аскар каби қувониб кетади…
Мана, масалан, анави томирини кесган қиз… Ғалати ҳолат. Тушуниб бўлмайди. Ким "Тез ёрдам” чақирган, ким милицияга хабар берган. Аниқ эмас. Устига устак, милиционерлар ҳам ўзларича гаплашаётганини эшитди. Қўшнилар ҳам ҳеч кимга хабар бермаган экан. ё қизнинг ўзи охирги дақиқаларда…? Йўқ, телефон залда эди. Қиз эса, ваннахонада ўлим билан олишиб ётган. Ҳеч қачон ўрнидан туриб, телефонга ёпиша олмайди…
Сергей Владимирович Виканинг тепасида туни билан ўтириб чиқди. Бироз дам олишни таклиф қилсалар ҳам унамади. Қиз тонгга яқин ўзига келиб пичирлагандан кейингина кўнгли тинчиб, хонасига йўл олди.
***
Вика уч кун оғирхонада ётди. Анча тузалиб қолгани сабаб уни эртага оддий палатага олиб ўтишларини айтишди. Ҳарқалай, шунисигаям шукр. ёлғизликда яна бир кечагина бўларкан. Эҳ, шу палатадан қанчалар қўрқишини ҳеч ким билмайди. Ҳозир Вика фақат бир нарсани орзу қиларди. Сергей Владимирович кирса-ю, кўнгли кўтарилса…
Врач кечки соат саккиздан кейин Виканинг олдига кирди. Қизнинг чеҳраси очилиб кетди.
— Қалайсан, қайсар қиз? — ҳазил аралаш сўради Сергей Владимирович.
— Яхшиман.
— Асал қиз, сенинг отинг нима?
— Ие, ҳали билмайсизми?
— Йўқ.
— Виктория.
— Ў, ғалаба дегин? Демак, ҳали узоқ яшарканмиз-да!..
— Сергей Владимирович, — секин ўрнидан туриб ўтирди Вика, — сизда гапим бор эди.
— Хўп, гапиравер!
— Узоқ гапириш керак бўлади…
— Шунақами? Унда бирор соатлардан кейин олдингга кирарман.
— Кутаман…
***
Врач келгунча Вика гапни нимадан бошлаш тўғрисида бош қотирди. Унақасига ўйлади, бунақасига ўйлади. Барибир бир фикрда тўхтай олмади. Соат ўн бир бўлди. Вика энди врачни чақирганига ўзи афсуслана бошлади…
ё ўзини ухлаганга солиб олсинмикан? Эртага барибир оддий палатага ўтказишади. У ёққа бориб ўтирармиди…
— Виктория, ухлаяпсанми? — Сергей Владимирович очиқ эшикдан мўралаб шивирлади.
— Мени Виктория деб чақирманг! — ётган ерида жавоб қилди Вика.
— Ие, нима дей бўлмаса?
— Шунчаки Вика денг, етади.
— Бўпти, Вика. Қани, мен манави лампани ёқай-чи!..
— Йўқ, ой нури тушиб турибди-ку!..
— Яхши… Қани, нима демоқчийдинг?
— Аввалига жавоб беринг. Мен ҳақиқатан "кома”дамидим?
Врач бундай саволни кутмаганди. Ўйланиб қолди. Хўш, айтсинми, айтмасинми? Балки айтса, ниманидир эслар?..
— Яхши, — деди ниҳоят оғир хўрсиниб, — шунга ўхшаш нарса бўлганди. Мен ўша куни кечаси билан тепангда ўтириб чиқдим… Биласанми… Милиция ҳам негадир ҳайрон… Ниманидир эслай оласанми?
— Йўқ.
— Унда нега томирингни кесдинг?
— Билмайман… Ҳеч нарса эсимда йўқ… Қўрқиб кетаяпман…
— Бўпти, бу гапларни қўя турайлик. Хўш, нима демоқчийдинг менга?
— Устимдан кулмайсизми? — жилмайди Вика.
— Сўз бераман, кулмайман.
— Гап шундаки… Менинг касбим психолог.
— Хўш, хўш?..
— Ичимда қандайдир номаълум депрессия содир бўлаяпти. Мана, юзимга қаранг…
Вика кутилмаганда оғир-оғир нафас ола бошлади. Кўкси кўтарилиб-кўтарилиб кетди. Буни кўрган врач ваҳимага тушиб қолди.
— Ҳой, қизча, ўзингни бос. Бўлмаса…
— Яхши,— Вика юзларини кафтлари билан беркитиб олди. — Ўзимга келдим… Биласизми, мен қанақадир номаълум товушларни эшитадиган бўлиб қолганман. Ҳаммаси миямда… Ҳар сафар ўша товушлар тўсатдан пайдо бўлади-ю, дарҳол йўқолади. Мен худди кимларнингдир суҳбатида иштирок этаётгандай сезаман ўзимни. Улар доим мени муҳокама қилишади, кузатишади… Ҳар гал шу нарса содир бўлганда қўлларим билан маҳкам бошимни чангаллаб, улардан ким эканликларини сўрайман. Улар эса, худди мени кўрмагандай тескари ўгирилишади.
— Биламан, — Виканинг гапини бўлди врач, — мен ёнингда эдим.
— Қандай қилиб?
— Сен ўшанда ҳушингни йўқотгандинг. Мен тепангда ўтиргандим. Давом эт.
— Улар айтишдики… Мен ўзим ҳақимда ҳамма нарсани билармишман. Мен қандайдир аниқ мақсад учун туғилганмишман. Аммо бу мақсадни ўзим билмасмишман. Қандайдир аниқ бир масала бор эмишки, мен уни аста-секинлик билан ҳал этишим лозим экан. Биласизми, уларни мен нимагадир ўргатишим зарур эмиш. Аммо нималигини айтишмади. Жонимдан тўйиб кетдим. Ўзимни ўзим ўлдиришга қарор қилдим. Афсуски… Айтинг, менга ишонасизми?
— Нима? — врач унинг ҳикоясидан ҳайратланганиданми, бироз хаёлга чўмган экан. — Ҳа, албатта, ишонаман… Лекин мен ҳеч қачон бундай нарсалар билан тўқнаш келмагандим. Бироз ўйлаб кўришим керак.
— Илтимос, менга Зигмунд Фрейднинг "Ҳушсиз одам психологияси” китобини топиб берсангиз. Балки ўша ёрдам берар?..
— Бўпти, энди дам ол, эртага китобни топиб келаман…
***
— Вика, биз ажрашишимиз лозим! — Вика Дарконинг кутилмаган гапини эшитиб, қотиб қолди.
— Нега?
— Биласанми, сен кўп нарсани билмайсан… Менинг ўғлим касал. Эртагаёқ бу ерлардан жўнаб кетишим зарур.
— Ие, ҳали ўғлинг борми?
— Икки ўғил. Эгизак. Бундан ташқари бир қизим ҳам бор. Сендан тўрт ёш катта.
— Шунақа дегин?.. Нега бошида айтмадинг?
— Журъат этолмадим.
— Қўрқоқмисан шунчалик?
— Билмадим.
— Яхши… Унда алвидо, қўрқоқ!.. Мен ҳам кўчада қолган эмасман…
Вика ташқарига чиқиб ҳам ўзига кела олмади. Аламига чидай олмаганидан бармоқларини тишлаб-тишлаб олди. Аммо… Ҳаммаси тугади. Шунчалар тез тугадики, Дарконинг ҳидини ҳам димоғида туйиб қолишга улгура олмади…
***
Сергей топиб келган китоб ҳақиқатан Викага ёрдам берди. У тез орада буткул тузалиб, уйига кетишга рухсат олди. Фақат… ёлғиз кетгиси келмасди. Сергей Владимировичга шу қадар ўрганиб қолгандики…
— Мен сизни ўз уйимга таклиф этаман,— деди у чиқиб кетаётиб. — Фақат йўқ деманг. Ҳозироқ мен билан бирга бормасангиз бўлмайди…
— Менга қара, — Сергей коньяк тўла қадаҳни қўлига олиб сўради, — мен йўл-йўлакай ўйлаб келдим… Сен саккиз марта эркак бўлиб туғилган эмишсан. Нега?
— Тушунмадингизми? — кулди Вика.
— Йўқ.
— Гапимни бўлиб қўймайсизми?
— Йўқ.
— Унда эшитинг, мен қиз бўлиб туғилган маҳалларда аёл киши илоҳий талабларни бажара олмасди. Эркак эса, аксинча. У илм билан шуғулланиши мумкин, саёҳат қилишга ҳам имкони бор…
— Бўпти, буларни қўйиб тур. Яхшиси, менга анави номаълум товушлар ҳақида гапириб бер.
— "Тез ёрдам”ми? Уни ўзим чақирганман.
— Қандай қилиб?
— Ўша номаълум товушларни эшитганимда жуда қўрқиб кетдим. Уларни дўзах товуши бўлса керак, деб хаёл қилдим.
— Тўхта, Вика, — унинг гапини бўлди Сергей. — бир саволимга жавоб бер. Нега бунчалар гўзалсан?
— Билмадим. Сизга ёқаманми?
— Албатта ёқасан… Ўша кеча ой нурида шунчалар гўзал бўлиб кетдингки…
— Мени ёқтириб нотўғри қилаяпсан? — беихтиёр сенлашга ўтди Вика.
— Сенлаганинг янада бизни яқинлаштиради, — деди хурсанд бўлиб Сергей. — Бундан кейин умуман сизламагин, хўпми?
— Хўп… Лекин бир нарсага тушунмаяпман… Мени ёқтириб хато қилаяпсан.
— Нега энди?
— Чунки мен жинниман… Хаёлим жойида эмас…
Сергей жавоб ўрнига даст ўрнидан турди-да, Викани кўтариб олди.
— Айт-чи, — дея оҳиста шивирлади у қизни қўлидан қўймай, — умрингда бировни севганмисан?
— Қўй, эслатма, — оғир уф тортиб қўйди Вика. — Эслатма!.. Йўқса, яна ҳушимдан кетиб қоламан…
— Хўп, кечир!.. Энг асосийси, биз бир-биримизни тушундик, шундай эмасми?
Вика кулимсираб Сергейнинг кўм-кўк кўзларига боқди.
— Сен қаҳрамонсан. Мен фахрланаман сен билан…
***
Улар тунни биргаликда ўтказишди. Бу икковлари учун ҳам ҳақиқий жаннатнинг ўзи эди. Тун бўйи кўп нарсалар ҳақида гаплашишди, баъзан тортишишди. Эрта тонгдагина чарчаб, уйқуга кетишди…
— Сергей, тур!.. Кўзларингни оч!..
Сергей қаттиқ силкинишдан чўчиб ўрнидан турди.
— Нима бўлди?..
— Мен ажойиб туш кўрдим.
— Ие, ухлаганингга бир соат бўлмай, туш кўришгаям улгурдингми?
— Нима эканини сўрасанг-чи?
— Хўш, нима экан?
— Тушимда мен жаннатга тушиб қолганмишман. Ҳаммаёқ гулзор, сал нарида тоғ. Тепаликдан ажойиб шаршара пастга қараб оқаётганмиш…
— Ҳа, энди бу шунчаки туш-да! — кулди Сергей.
— Йўқ, сен давомини эшитиб тургин… Кейин… Мен гулзор ичида эмишман… Бир маҳал олдимга сен келибсан.
— Ие, мен ҳам ўлган эканманми?
— Тўхтаб турсанг-чи!.. Сен келибсан-да, қўлимдан ушлаб шаршара ёнига олиб борибсан. Мен бўлсам, нуқул йиғлармишман.
— Йиғлоқисан-да!..
— Ажаб бўпти!..
— Хўш, кейин нима қилибмиз?
— Кейинми?.. Сен менга айтибсанки, агар ҳикоя ёзишни бошласам, дарддан буткул фориғ бўларканман.
— Шундоғам фориғ бўлдинг-ку!..
— Э, мен анави номаълум товушларни назарда тутаяпман…
Сергей секин ўрнидан туриб Викани қучди. Шошилмасдан малла сочларидан ўпиб, кафтларини юзига босди.
— Энди нима қилмоқчисан?
— Мен… ёзишни билмайман-ку!..
— Қўлингдан келади. Бу туш яхшилик белгиси, ишон!.. Сен уриниб кўр… Ахир… Сендан нима кетарди…
— Қўлимдан келмаса-чи? ёзувчи бўлмасам…
— ёзувчи бўлишинг шарт эмас. Сен қўлингга қоғоз-қалам олгин-да, хаёлингга келган нарсани ёзиб кўр!..
— Уф-ф… Яна қийноқ!.. Ундан кўра ўша тунда ўлиб кетганим яхши эмасмиди? Мана шунақа қийноқлар бўлмасди.
— Ҳа, ёнингда мен ҳам бўлмасдим…
— Йўқ, йўқ, — Вика кутилмаганда Сергейнинг бўйнидан қучоқлаб олди, — ўлишни истамайман! Сени йўқотишни истамайман!..
— Унда кийин!
— Нега?
— Сени тоққа олиб бораман.
— У ерда нима қиламиз?
— Ажойиб ҳикоя ёзасан… Қўрқувлардан, ваҳималардан халос бўлишнинг бирдан-бир йўли шу…
Вика ўрнидан туриб, ҳаш-паш дегунча кийиниб чиқди. Икковлари машинага ўтиришди-да, сафарга отланишди…
Ўша куни кечқурунга бориб Виканинг хаёллари, орзулари қоғозга тушди. Аввалига сарлавҳа топа олмаганди. Ҳикоя тугагач, тепасига чиройли қилиб ёзиб қўйди:
— "Жаннат қизи” Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|