Ўзбек шоу бизнеси иқтидорли юлдузларга жуда бой. Халқимиз жуда бой тарихга эга, аждодларимиздан дунёга машҳур алломалар, шахслар етишиб чиққан. Ушбу мақоламизда Россияда юлдузга айланган ватандошларимиз ҳақида сўз боради.
Актриса Равшана Куркова
Равшана Куркова (қизлик фамилияси Матчонова) 1980 йил 22 август куни Тошкентда актёрлар оиласида тиғилди. Отаси – ўзбек кино ва театр актёри Баҳром Матчонов, онаси – актриса Раъно Кубаева. Тошкентдаги коллежни битиргандан кейин Москвадаги давлат педагогика университетининг филалогия факультетига ўқишга киради. Параллел равишда кастингларда қатнашиб, киноларда рол ўйнайди. Ҳозирда Равшана Россия киноматографиясида ёрқин роллари билан кўзга ташланган иқтидорли актриса ҳисобланади.
Наргиз Зокирова
Наргиз Зокирова 1970 йил 6 октябрда Тошкент шаҳрида машҳур Зокировлар сулоласига тааллуқли бўлган оилада дунёга келган. Отаси – Пўлат Мордуҳаев, онаси – Луиза Зокирова. 14 ёшидан қўшиқчилик фаолиятини бошлаган Наргиз кўпгина танловларда иштирок этган. 90 йилларнинг ўрталарида у АҚШга кўчиб ўтган. 2013 йилда эса Россия телевидениясидаги "Голос” мусиқали лойиҳасида иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Ҳозирги кунда у Россиянинг машҳур юлдузларидан бирига айланган.
Согдиана
Согдиана – ҳақиқий исми Оксана Владимировна Нечитайло 1984 йил 17 феврал куни Тошкент шаҳрида туғилган. У санъаткорлар оиласида туғилмаган бўлсада, ёшлигидан қўшиқ куйлашга қизиққан. "Юрмала” даги танловга тайёргарлик кўраётган пайтда ўзига Согдиана тахаллусини танлаган. Қўшиқчи ҳаётидаги ўзгариш унинг Россиядаги «Фабрика звёзд» шоусидаги иштирокидан бошланган. Ушбу шоуда ғолибликни қўлга киритмаган бўлса ҳам, Россиялик томошабинларнинг катта олқишига сазовор бўлди.
Азиза
Азиза Муҳамедова 1964 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. 16 ёшида у "Ўзбекконцерт” қошидаги "Садо” эстрада ансамбилининг солистларидан бирига айланди. 1988 йилда Юрмаладаги Бутун иттифоқ танловида ғолибликни қўлга киритди ва томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Мана шу муваффақият палласида у Москвага кўчиб ўтди ва ўзининг яккахон ижодини бошлади.
Фарҳод Маҳмудов
Фарҳод Маҳмудов 1972 йил 9 май куни Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Кино оламига у тасодифан кириб келган. 14 ёшида унга "Бўрилар” номли қисқа метражли фильмда суратга тушишни таклиф қилишган. Бу фильмдаги роли унга шуҳрат олиб келди. Шундан кейин у бирин-кетин яна бир қанча фильмларда роллар ижро этди. Ушбу касбга қизиқиши устун келиб, у ўрта мактабни битириши биланоқ Москвага кетиб, Бутун Россия давлат кинемотография институтига ўқишга кирди. Ўқишни битиргандан кейин у театр ва кинода роллар ижро эта бошлади. Ҳақиқий машҳурлик ва шуҳрат Фарҳодга рус мафияси ҳақидаги "Бригада” сериалидан кейин келди.