Ўқитувчининг ишига аралашганлик учун жавобгарлик
21 июлда президент имзолаган қонун билан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 197-моддасига ўзгартириш киритилмоқда.
Унга кўра, таълим муассасалари педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун 1 миллиондан 3 миллионга қадар жарималар жорий этилмоқда.
«Ўзбекистонда ўлат тарқалмаган»
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабоев ижтимоий тармоқларда шов-шувга айланган Ўзбекистонда аслида коронавирус эмас, балки ўлат тарқалаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берган.
«Бу 100 фоиз нотўғри», дея Мусабоев бундай хабарларни рад этган «Тез ёрдам» кўрсатуви эфири давомида.
Унинг сўзларига кўра, ўлат тарқалишида чўл зоналари табиий ўчоқ саналади ва унинг асосий тарқатувчилари каламуш ҳамда бурга бўлади.
«Кўряпмизки, ҳозирги эпидемия одамлар зич яшайдиган шаҳарларда кузатилмоқда. Ўлат учун эса, қайтариб айтаман, табиий ўчоқ – чўл зонаси керак», маълум қилган у.
Мусабоев ўлат юқтирган илк ва сўнгги беморни Ўзбекистонда 1996 йилда кўргани, шундан бери бу касаллик мамлакатда учрамаётганини ҳам тилга олиб ўтган.