Республика махсус комиссияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига мувофиқ, 30 апрелдан эътиборан айрим карантин чекловларини енгиллаштиргани ҳақида аввал хабар берилган эди.
Жумладан, иш жойига бориб келиш, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда соат 17:00 дан 20:00 га қадар барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситалари (йўловчилар билан бирга), шу жумладан, велосипед ва мототранспортларда махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга рухсат берилди.
Айни вақтда, ушбу тартибга риоя этмаган фуқаролар карантин талабларини бузган деб ҳисобланади ва жавобгарликка тортилади. Уларнинг транспорт воситалари эса жарима майдончасига жойлаштирилади.
«Gazeta.uz»нинг Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беришича, ушбу ўзгаришлар такси хизматларига ҳам тааллуқли. Ўз навбатида, такси хизматлари ҳам ўз фаолиятларини тиклагани, фақат куннинг маълум вақтларида йўловчи ташишини эълон қилмоқда.
Айни вақтда, такси агрегаторлари йўловчиларга ҳар доим тиббий ниқоб ва қўлқоп тақишни, шунингдек, антисептик воситалардан тез-тез фойдаланишни тавсия қилган.