Бугун, 13 май куни АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда Ўзбекистонда кузатилиши мумкин бўлган коронавирус касаллигининг иккинчи тўлқини ҳақида маълумот берилди.
Дунёдаги кўп давлатларда вирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини бошлангани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Бизда ҳам шундай ҳолат бўлиши мумкинми?
"Биз чет эллик хабкасабаларимиз билан деярли ҳар куни алоқада бўлиб, тажриба алмашиб турибмиз. Ҳозирги кунда иккинчи тўлқин ҳақида ахборотлар йўқ.
Хитойнинг айрим шаҳарлари коронавирусдан холи деб эълон қилингандан сўнг яна вирусга чалинган беморлар аниқланган. Лекин бу — иккинчи тўлқин эмас. Дунё олимлари фикрига кўра, коронавируснинг бунгача бўлган бошқа турлари каби COVID-19 ҳам иккинчи тўлқин бериши мумкин, аммо бу жараён, уларнинг фикрича, кузнинг охири — қишнинг бошида бўлиш эҳтимоли бор. Лекин бу фақат тахмин.
Иккинчи тўлқин бўлса ҳам, инсоният унинг келишига тайёргарлик даражаси биринчи тўлқинга нисбатан юқорироқ бўлиши аниқ", дейди Ҳабибулла Оқилов.
Аввалроқ, Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда касалликнинг иккинчи тўлқини ҳақида огоҳлантирган эди.