Тошкент автовокзалида 15 март куни узундан-узоқ навбатлар юзага келди. Чипта учун навбатда турганларнинг аксарияти — талабалар, деб хабар беради ЎзА.
Таъкидланишича, ушбу вазият коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилганлиги фонида юзага келган.
Мутасаддилар ўз ўрнида ваҳима кўтармасликка чақирмоқда. Барча йўловчиларни ўз манзилларига етказилиши таъминланиши бўйича чоралар кўриляпти.
Йўловчиларни манзилга етказиш учун автовокзалдан қўшимча рейслар йўлга қўйила бошланди.
«Ўзбекистон темир йўллари»нинг маълум қилишича, 16 март кунида «Тошкент—Урганч» йўналиши бўйича қўшимча рейс йўлга қўйилади. Шунингдек, яна учта қўшимча рейслар ташкил этилади:
09:35 — рейс 580/579 «Тошкент—Қарши—Термиз—Қарши—Тошкент»;
11:30 — рейс 554/553 «Тошкент—Бухоро—Урганч—Бухоро—Тошкент»;
20:00 — рейс 552/551 «Тошкент—Бухоро—Урганч—Бухоро—Тошкент».
Компаниядагилар мамлакатнинг бошқа йўналишлари бўйлаб ҳам қўшимча поезлар қатнови йўлга қўйилишини маълум қилган.
Аввалроқ «Ўзбектемир йўлчи» компанияси томонидан Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида коронавирус сабаб 16 мартдан таътилга чиқарилган талабалар учун кўчма касса ташкил этгани ҳақида хабар берилганди.