Ўзбекистондаги бир неча банклар 29 апрель куни доллар курсини пасайтирди, деб хабар бермоқда Spot. Аксарият банклар 1 АҚШ долларини 10 050 сўмдан сотиб олиб, 10 150 сўмдан сотмоқда. Ўтган ҳафтада бу қиймат қатор банкларда 10 150 ва 10 200 сўм бўлган эди.
Банкларда АҚШ валютаси Марказий банк доллар курсининг март ойидан бери биринчи марта пасайганини эълон қилгани фонида арзонлашмоқда. Бу курс эса ўз навбатида Ўзбекистон валюта биржасидаги савдолар асосида белгиланади. У ерда доллар курси 10 131 сўмгача тушди.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель оқшомида Ўзбекистон тижорат банклари доллар курсини сезиларли ошириб, АҚШ валютасини 10 минг сўмдан юқори қийматда сотиш ва сотиб олишни бошлаган эди. Худди шу куни Марказий банк асосий ставка (қайта молиялаш ставкаси)ни 16 фоиздан 15 фоизга тушириш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Бунгача Марказий банк 13 апрель куни баёнот бериб, апрель ойи бошидан сўмнинг кескин қадрсизланишига экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажми қисқаргани, шунингдек, Россия рубли ва Қозоғистон тенгеси қадрсизланганини асосий сабаб сифатида келтирган эди.
Шу билан бирга чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш бўйича ҳеч қандай чеклов ёки тўсиқлар ўрнатилмаганини билдирган.