Меҳмонали яқин оғайниси Обиджон билан бирга хуфтон маҳали бардан уйга қайтишарди. Икковларининг ҳам кайфи таранг, сигаретни кетма-кет тортиб, гоҳи-гоҳида қайсидир қўшиқни бараварига хиргойи қилиб қўйишарди. Бир сўз билан айтганда, бардаги хурсандчиликни катта кўчада давом эттиришарди.
— Оҳ, бир нозанин бўлсайди ҳозир! — деб қолди кутилмаганда Обиджон. — Шу тобда жуда-жуда айш қилгим келяпти-да!
Меҳмонали юришдан тўхтаб, оғайнисига бир муддат сирли боқиб турди-да, қўлини олдинга чўзди.
— Ҳов анави кўприкни кўряпсанми? — сўради Обиджондан.
— Кўрмай ўлибманми? Нимайди?
— Ҳеч шу кўприк остига кирганмисан?
— Йўқ, кирмаганман.
— Эҳ, юрган экансан-да сенам! Ахир, кечалари у ерда ҳаёт қайнайди, Обид!
— Қанақа ҳаёт? Нима бўлади?
— Нима бўлади? Шаҳарнинг ҳар четидан манаман деган ҳурилиқолар келишади. Ўша ерда туриб мижоз кутишади.
— Ў, мана буни янгилик деса бўлади! — деди Обиджон жонланиб. — Арзонми ишқилиб?
— Ҳа энди… Ўзига қараб-да!..
Обиджон шоша-пиша чўнтагига қўл солиб пулларини чамалаб кўрди-да, Меҳмоналига юзланди.
— Йигирма минг сўм пулим боракан. Нима қиламиз? Борамизми?
— Менга барибир.
— Тўхта, уларнинг жойи ҳам бормикан ишқилиб?
— Жойдан хавотир олма! Топамиз.
— Юр унда! Зўридан танлайлик-чи!..
* * *
Кўприк остида йигирма чоғли турли ёшдаги аёллар тизилиб туришар, баъзилари ҳали келмаган мижозни «рақобатчи»лардан қизғанибми, ўзларини сал четроққа олганча терс ўгирилган ҳолда юлдуз санашарди.
Аёллар Меҳмонали ва Обиджонни кўрди дегунча югуриб келиб ўраб олишди.
— Ҳа, ака, иш бормиди? Қанақа иш? — чуғурлай кетди аёллар. — Мабодо кир ювиш эмасми? Неча киши керак ўзи?..
Меҳмонали ўзларини мардикорга йўяётган суюқоёқларга бир-бир қараб олди-да, Обиджонга маъноли қараб қўйди.
— Нима бало? Бу ер мардикор бозорми? — шеригини туртди Обиджон. — Бошқача гапиргандинг-ку!
— Жиннимисан? — уни жеркиб берди Меҳмонали. — Ёш болага ўхшайсан-а! Бу ерда кундуз кунлари мардикор аёллар туришади. Шунинг учун булар ҳам мардикор аёлларни «ниқоб» қилиб олишган. Йўли шунақа-да!
— Ҳм-м! — бош ирғаб суюқоёқларни кузатишда давом этди Обиджон. — Менга қара, ҳов анави ёлғиз турганини қара! Жа зўр-ку-а?..
— Сариқ курткача кийволганми?
— Худди ўзи. Қара, оёқларини кўр сен! Эҳ!..
— Бўпти, юр, ўшаминан гаплашамиз бўлмаса!
Меҳмонали оғайнисини эргаштириб йигирма беш ёшлар оралиғидаги қизга яқин борди.
— Салом, яхши қиз! Қалайсиз?
Бу тахлит муносабатларга кўникиб кетган қиз у томон ўгирилди-да, ҳазиломуз жавоб қайтарди.
— Сиз сўрагандан бери отдайман, барно йигит! Менда бирор ишингиз бормиди?
— Албатта. — деди Меҳмонали шеригини туртиб. — Бир айлантириб келсакми девдим!
— Қаёқда айлантирасиз? Билсак бўладими?
— Ҳа энди… Келишволсак билаверардингиз қаердалигини.
— Хўп, қани, бошланг-чи!
— Нархингиз қанча?
Қиз ялт этиб Меҳмоналининг кўзларига боқди. Унинг кўзлари чақнай бошлаганди. Йўқ, бу жаҳд ўти эмас, пул жазавасини эслатарди.
— Қанча бера оласиз? — атайин сўради қиз. — Кўнглингизга тугиб қўйганингиз бордир, ахир?
— Ўзингиздан эшитайлик. Ундан кейин савдолашаверамиз.
— Ўн минг. — деди қиз қатъий оҳангда. — Ўн мингдан бир тийин ҳам ками йўқ.
— Хўп, келишдик. Кетдикми?
— Жойингиз тайинми ўзи?
— Буёғини менга қўйиб бераверинг, жонидан! Сизни хафа қилиб қўймайман!
* * *
Такси уларни тўққиз қаватли уй рўпарасига ташлаб кетгач, Меҳмонали юқори қаватларга яхшилаб разм солди-да, Обиджоннинг елкасига қоқди.
— Омадимиз бор экан. — деди кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Ринад ака уйида экан.
— Ким у Ринад ака? — сўради Обиджон ҳайрон бўлиб. — Танишингми? Яқин танишми ўзи?
— Э, у ўзимизнинг зўр братанлардан. «Мужик» одам. Ўзиниям айш-ишратга суяги йўғроқ.
— Унда… Биргина қиз камлик қилмасмикан?
— Буёғидан хотиржам бўл. У бизнинг улушга шерикчилик қилмайди. Ўзининг точкалари етарли.
— Бўпти, бошла унда! Қара, қўшнилари уёқдан-буёққа ўтиб туришибди. Тағин хитланиб қолишмасин.
Кўз очиб юмгунча керакли квартира эшигига чиқишди. Меҳмонали суюқоёққа бир кўз қисиб қўйди-да, эшикни тақиллатди. Зум ўтмай эшик очилиб, рўпарасида паст бўйли, юмалоқдан келган, кўккўз эркак пайдо бўлди. Кайфи борми, кўзлари хиёл қизариб қолган ва нуқул кавшанарди.
— Э, сенмидинг, Миша? — Меҳмоналига қўл чўзиш асносида ёнидагиларга қараб қўйди Ринад ака. — Қайси шамоллар учирди, ука?
— Биласиз-ку, — кулиб жавоб қилди Меҳмонали. — Сизни бир кўргимиз келди.
— Гапни айлантирма, братишка! — деди Ринад ака суюқоёққа ишора қилиб. — Айш қилгинг келиб қолган, холос. Бўлмаса минг йилдаям бир бош суқиб кирмайсан уйимга.
— Жа унчалик эмас. — қизариб бош эгди Меҳмонали. — Мана, бирга ўтириб қиттай-қиттай қилайлик деб бир шиша тозасиданам олволганман, ака.
— Хўп, кирларинг ичкарига! — «меҳмон»ларга йўл бўшатди Ринад ака.
Киришди. Уй эгаси ошхонадаги стол устига газак, қадаҳлар келтириб қўйди.
Бир-икки қадаҳдан ичган бўлишди. Йигитларнинг мақсадини, безовталанаётганини кўз қарашларидан яхши англаб турган Ринад ака даст ўрнидан турди.
— Энди гап бундай, — деди ваннахонани кўрсатиб. — Ҳов анави хонага кирасанлар. Фақат узоқ қолиб кетмаларинг!..
— Мен кирмайман, — деди Меҳмонали. — Оғайнимни хурсанд қилай дегандим холос. Майли, булар кириб чиқаверишсин. Унгача биз майдалаб ўтирамиз манави зормандани.
— Оғайнинг олдиндан жой ҳақиниям тўлаб қўйса яхши бўларди. — ваннахонага йўл олган Обиджонни кўрсатиб бош чайқади Ринад ака. — Ҳар ҳолда ҳисобли дўст айрилмас деган гаплар бор, ука!
— Гап йўқ! Ўша эски нархми?
— Ўша-да! Ортиғини бошимга ураманми?..
Ҳисоб-китоб қилингач, улар ошхонада қолишди. Уёқ-буёқдан гаплашиб ўтиришди. Шу орада шишадаги ароқни бўшатиб сигарет тутатишга ўтишди.
Меҳмоналининг кайфи шу қадар ошгандики, курсида зўрға чайқалиб ўтирар, биров сал туриб юборса, ағдарилиб тушадиган ҳоли бор эди.
Лекин Ринад ака унга эътибор қилмасди. Қайта-қайта чўнтагига қўл солиб Обиджондан олган пулни текшириб оларди.
Бир маҳал эшик безовта тақиллади. Кимларнингдир сўкингани қулоққа чалинди.
— Ким бўлди бемаҳалда эшигимни тепган! — Ринад ака бўралаб сўкинганча бориб эшикни очди.
Не кўз билан кўрсинки, қаршисида тўрт нафар милиция ходими таёқ ўйнатиб турарди.
Улар уй эгасига кўзлари тушиши билан унга ташланиб полга юзтубан ётқизишди ва қўлларини кишанлашди. Сўнгра ваннахонага чопишди…
ЭСЛАТМА:
Воқеа ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган.
Илгари ҳам қўшмачилиги туфайли бир неча огоҳлантиришлардан керакли хулоса чиқариб олмаган Ринад ака суд ҳукми билан маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|