АСАР ҲАҚИДА
Асар 1939 йил ёзилган. Инглиз ёзувчиси Агата Кристи қаламига мансуб. Дунёнинг 100 дан ортиқ тилларига таржима қилинган. Роман асосида илк бор 1945 йилда фильм суратга олинган. Муаллиф ўзи шу асарини ижодидаги «энг яхши асар» дея эътироф этган.
СЮЖЕТ
Асарда бир-бирига ҳеч қандай алоқадор бўлмаган ўнта одам хилват оролдаги уйга келади. Сирли таклифнома билан уларни бу ерга ким чақирди? Детектив ихлосмандларининг юраги дарров шув этиб кетадиган манзара. Дунёдан ажраб қолган бўм-бўш орол, кўп хонали, зимистон йўлакли катта, сирли уй ва орол соҳибининг таклифига кўра уйга келган мутлақо нотаниш, бир-бирига ўхшамаган ўнта одам. Бу ерда уларни қулай шароитлар, мазали таом ва шинам ётоқхоналар кутиб турибди. Лекин хавас қилгудек меҳмондўстлик тез орада саробга айланиб, меҳмонлар номаълум қотил қурган тузоққа тушиб қолгани аён бўлади. Улар оролнинг тошлоқ ерига қадам қўйган заҳоти тузоқ ёпилган. Оролдан қочишнинг иложи йўқ. Барчани шубҳа-гумон чулғаб олган. Чеҳраларда ажал сояси. Қўрқув ва ваҳм. Фақатгина болаларнинг саноқ шеьри ва митти негр ҳайкалчалар йўқолиб-тугаши билан бу даҳшатли ўйинга ҳам хотима ясалади. Бироқ нега?
Уларни бирин-кетин энг ғайриоддий йўллар билан ўлдириш кимга керак? Содир бўлаётган воқеаларнинг бари нега қувноқ болалар шеьри билан чамбарчас боғлиқ? Наҳотки бу жумбоқнинг ечими топилмаса, наҳотки ҳаммаси ўлимга маҳкум бўлса? Лекин нима учун? Улар ростдан ҳам айбдорми?
ТАҲЛИЛ
Бу воқеа 1930 йиллар охирида содир бўлади. Оролга жаноб Алрик Оуэн ва хоним Анна Оуэн томонидан таклиф қилинган саккизта бир-бирига нотаниш одам келади, меҳмоноларни эр-хотин хизматкорлар кутиб олишади. Меҳмонлар меҳмонхонага йиғилишганда, Оуэн буйруғи билан хизматкор граммофонни ёқади. Меҳмонлар уларни қотилликда айблаётган овозни эшитишади. Меҳмонлар ёмон ҳазилдан шубҳаланишни бошлайдилар. Аниқланишича, йиғилганларнинг ҳеч бири, шу жумладан хизматкорлар ҳам, Оуэн билан шахсан учрашмаган ва меҳмонлар сохта баҳона билан оролга таклиф қилинган. Охири-оқибат ҳар бир меҳмон ғайритабиий ўлим билан «жазоланади».
Оролга келган полициячилар 10 та жасадни топишади. Полиция инспектори қурбонларнинг кундаликлари ёрдамида воқеалар хронологиясини тиклашга ва қора орол қотилликларининг сирини очишга ҳаракат қилади. Инспектор Мейнининг таъкидлашича, қурбонларнинг ўзлари ҳам аслида қотил (кимларнидир ўлимига сабабчи ё алоқадор) бўлишган ва жазодан қутулиб яшаб юришган, уларнинг ҳаётига нуқта қўйган оролдаги сирли қотил шу йўл билан адолатни тиклашга қарор қилган.
ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР
• 2005 йил роман асосида компьютер ўйини ишлаб чиқилган.
• Асар воқеалари кечадиган сервиқор қоялардан иборат оролча ҳақиқатан мавжуд — у Жанубий Британиядаги Бург ороли эди.
• Роман Агата Кристининг дунё бўйича энг кўп сотилган асари ҳисобланади. Кўпинча у асл номида эмас, бошқа: «Ҳеч ким тирик қолмади» номи билан чоп этилади.