ЎН ИККИНЧИ БОБ
Мен фариштамнинг елкасига бошимни қўйганча остимиздаги поёнсиз кенгликларга тикилардим. Бу саҳрода фақат сариқ калтакесаклар изғиб юришар, бошқа жонзот кўзга ташланмасди.
— Қаерга кетаяпмиз? — ниҳоят анчадан бери ўзимни қийнаб келаётган саволни ташладим.
— Биз борадиган жойга ҳали қарор чиқарилмаган гуноҳкор руҳларгина ташриф буюришади ва аниқ қарорни кутишади. — деди фариштам.
— Сиз мени ўша ерда қолдириб кетасизми?
— Йўқ, сенинг масалангда қарор аллақачон чиқарилиб бўлган.
— Шу ерга келишим лозимлиги ҳақида қарор чиқарилганми?
— Бошқа қарор чиқарилган. Бу ҳақда кейинроқ билиб оласан. Сен аввал бир одам билан учрашишинг керак.
— Ким билан?
— Билмайман. Сабр қил, биз яқинлашиб қолдик.
Биз пастлай бошладик.
— Бу ерлар нега кимсасиз? Қанақа жойлар ўзи? — сўрадим фариштамдан саҳрога, атрофимизда сузиб юрган мовий ранг туманга ишора қилиб.
— Биз ҳали дўзахнинг бир бурчагидамиз. — жавоб қилди фариштам. — Ҳов анави қора шарпаларни кўраяпсанми?
— Ҳа, улар кимлар? Нега уёқдан буёққа бориб келишаяпти?
— Улар аросатда қолган руҳлар. Яратганнинг кескин қарорини кутишаяпти.
Шарпалар сония сайин кўпая борди ва улар орасидан кимдир биз томон чопиб овозининг борича бақира бошлади:
— Вой, Худойимнинг элчиси! Қаранглар, биз томонга Худойимнинг элчиси келди!!!
Руҳлар бир зумда бизни ўраб олиб қўлларини фариштамга чўза бошлашди.
— Бизни дуо қил, Худонинг элчиси! Дуо қил! Сен бизга яхши хабар олиб келдингми?
Фариштам майин жилмайиб уларнинг барчасини дуо қилди.
Шундан сўнг фариштам мени қўлтиқлаганча нари олиб кетди. Чамаси эллик метрлар юрилгач, кутилмаганда осмону фалакни қоронғилик қоплади. Мен қўрққанимдан дағ-дағ титраб фариштамнинг пинжига кирдим.
— Қўрқма! — деди у бошимни силаб. — Ҳозир сен бир одам билан учрашасан. Сизлар бемалол гаплашиб олишларинг учун мен ёлғиз қолдираман. Хўш, қўрқмайсанми?
Мен бош ирғадим.
Фариштам ўзимни ёлғиз қолдирди-ю, кўз очиб юмгунча ғойиб бўлди. Шу заҳоти атроф қайтадан ёришиб, рўпарамда… Ўша ўзим билган… Георгий пайдо бўлди.
Севинчданми, қўрқувданми, билмадим, кўзларим чақнаб кетди.
— Георгий! — бақириб юбордим мен. — Ўзингмисан?
— Анна!..
Биз бир-биримизга яқин келиб бир муддат жим қолдик.
— Кел, ўтирайлик! — деди ниҳоят Георгий. — Гаплашиб олишимиз керак.
Ўтирдик.
— Бу ерга қаердан келиб қолдинг? — сўрадим мен сал ўзимни қўлга олгач.
— Чунки, мен сендан аввалроқ ўлганман. — деди Георгий. — Самолётимиз ҳавода портлаб кетганди ўшанда.
— Худойим!.. Менга қара, бегона аёллар билан учрашиш мана шунақа жазоланади. Менга хиёнат қилмаслигинг керак эди.
— Анна! Бу нима деганинг? Мен бегона аёллар билан учрашган масман.
— Тағин ёлғон гапираяпсан-а?
— Ишон, ўшанда ўғлимни кўришга кетаётгандим. Ватанда бир ўғлим бор эди. Анна! Сени бир умр чин кўнгилдан севганман, ишон!.. Сенга хиёнат қилмаганман.
— Ўғлим бор эди дегин?.. — бу хабарни эшитгач, лабларим асабий титраб, пешонамни совуқ тер босди. — Ким эди унинг онаси? Севганмидинг униям?
— Мен уни севмаганман… Экспедиция пайтида танишиб қолгандим. У қиз… Мени бир кўришдаёқ ёқтириб қолганди… Ҳоли жонимга қўймаганди… Шундан кейин…
— Ўғлинг неча ёшда эди?
— Ўн иккида.
— Нима? Шунча йил мени алдаб юрган экансан-да?
— Ҳа, агар кечира олсанг кечир!
Мен индамасдан нари кетдим. Билмадим… Тўғриси, менга ўлганимдан кейинги қийноқлар етиб ортарди. Буниси энди ортиқча эди…
Йиғлагим келиб, кўзларимни кафтларим билан беркитиб олдим. Георгий эса ҳамон ортимдан эргашиб келарди.
— Нега орқамдан келаяпсан? — йиғи аралаш сўрадим ундан. — Мени тинч қўй!
Георгий менга яқин келди-да, икки кафтимни олиб юзларига босди.
— Биз видолашмадик-ку! — деди у шивирлаб. — Мен шунинг учун сени кутаётгандим.
— Майли, алвидо! Яхши қол!
— Мени кечирдингми?
— Ҳа, кечирдим. Марҳумлар бир-бирларини кечира олишлари зарур. Акс ҳолда улардан бири дўзахда мангу қолиб кетади.
— Раҳмат сенга, Анна! — деди Георгий. — Мен шу лаҳзалардан бошлаб бир умр сени кутиб яшайман…
* * *
Орадан бир-икки дақиқа вақт ўтиб, фариштам қаршимда ҳозир бўлди. Бу орада Георгий аллақачон кўздан ғойиб бўлганди.
— Хўш, видолашиб олдиларингми? — сўради мендан фариштам.
Мен бош ирғадим.
— У сенга ҳеч нарса демадими?
— Йўқ. Нимайди?
— Анна! Сен яна Ерга қайтасан. Ўз жасадингга кирасан. Хурсанд эмасмисан?
— Билмадим. — дедим елка қисиб. — Худойим шундай қарорга келибдими?
— Ҳа. Жасадинг ҳамон касалхонада. Бобонг Яратгандан сенга яна бир имконият беришини сўраб ёлворди. Лекин… Бобонг тайинладики, сен буткул бошқача ҳаётни бошлашинг лозим. Олдинги ҳаётингдан воз кечишинг зарур. Нега жимсан?
— Нимаям дердим? Ҳаммаси учун Худойимга шукр қиламан.
Фариштам майин жилмайиб кўзларимга боқди. Ҳа, у шу қадар чиройли жилмаярдики, алам қилиб кетди. Наҳотки, қайтиб уни учратмайман?
— Қани, Мария, энди бизга яқин келинглар! — деди у бошини терс буриб.
Ваҳоланки, ён веримизда ўзимиздан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Фариштам шундай дейиши билан мендан икки метрча нарида ўзимга жуда таниш ва қадрдон бўлган жусса ҳозир бўлди.
— Ойижон!..
Биз бир-биримизни маҳкам қучоқлаб олдик.
Худойим, бу қандай бахт тағин! Онамни учратсам-а! Онажонимни бағримга боссам-а!..
— Ойижон, мен Ерга қайтаяпман! — дедим йиғламсираб.
— Биламан, қизалоғим, биламан. Энди олдинги хатоларингни такрорламагин! Сен биз учун ҳам, ўзинг учун ҳам ибодат қилишни ўрган! Умид қиламанки, бир кунмас бир кун бошингга тушадиган ўлимга тайёрсан. Ишон, ўша кун келгач, шу заҳоти жаннатга тушасан. Мен бунга аминман. Бу ерларни қайтиб кўрмайсан.
— Нима, бу ерда яшаш ёмонми?
— Йўқ, лекин бу ерда жаннатнинг шарпаси ҳам кўзга ташланмайди. Чунки, биз ундай иноятга лойиқ эмасмиз. Вой, қизим-ей! Энди сенсиз нима қиларканман-а? Айт, мени унутиб қўймайсанми? Менинг ҳаққимгаям ибодат қиласанми?
— Бу нима деганингиз? Ҳатто, ногирон бўлиб қолсам ҳам барибир сизларнинг ҳаққингизга ибодат қилиб яшайман.
— Кетишинг керак! — суҳбатимизни бўлди фариштам. — Муддатинг тугади. Шошилмасак, Яратганнинг ғазабига учраймиз. Қани, онанг билан хайрлаш!..
Мен йиғлай-йиғлай, онажонимнинг бағрига ўзимни отдим. Аммо фариштам шу лаҳзадаёқ мени нари тортиб қанотлари остига олди.
— Қани, учдик! Сени манзилингга етказмасам бўлмайди.
— Фариштам, энди сизни кўрмайманми? Ҳеч қачон келмайсизми олдимга?
— Бу нимаси? Нега келмас эканман? Мен ҳар сонияда сен билан бирга бўламан. Сени хато қилишдан тийиб турадиган ягона жонзот менман-ку!.. Қўрқма, сен ҳозир ўз жасадингга кирасан ва бошқача ҳаёт бошлайсан…
* * *
Ярим жонсиз жасадга киришим осон кечмади. Жасад муздек ва тор эди. Ҳа, жасадим ўша ётганича узоқ вақт қимирламаганди. Ақлли электр ускуналаргина танага қон, сунъий ҳаво йўллаб, ўпкани ва юракни ишлашга мажбурлашарди.
Мен сира шошилмасдан танамга жойлашиб, барча аъзоларимга қулоқ тутдим. Юрагимнинг уриши тезлашди. Врачлар эса, бу ҳолатни икки соатлардан кейингина пайқашди. Мен аллақачон мустақил нафас ола бошлагандим.
Мен ўзимга келиб секин кўзларимни очдим. Барча бўлиб ўтган воқеалар хотирамда навбати билан айланарди.
Қаранг, врачлар ўзимга келганимни кўриб бир-бирларини табриклашар, қувончдан жазава аралаш кулишарди.
Гапиришга ҳолим етганда, биринчи бўлиб айтганим шу бўлди:
— Илтимос, руҳонийни таклиф қилинглар!..
ХОТИМА
Мана, ўша воқеага ҳам ўн йил бўлибди. Ҳозир стол қаршисида ўтирганча, ўзимнинг ўлимдан кейинги хотираларимни қоғозга тушириш билан бандман. Ўғлим Саша руҳоний. Черковга кетган. Бугун ибодат қилувчилар кўп эмиш. Эртароқ бормаса улгурмасмиш. Келиним Зинаида ҳам у билан бирга кетган. Негаки, черковдаги барча хўжалик ишлари ўшанинг зиммасида. Тўғри, ўзим ҳам боришим лозим эди. Лекин невараларим Татьяна ва Настялар ухлашаяпти. Уларни ёлғиз қолдириб бўлмайди…
Айтганча, ўғлим Саша билан ҳар йили Мюнхенга бориб Георгийнинг қабрини зиёрат қилиб қайтамиз.
Вой, сал бўлмаса ёдимдан кўтарилаёзибди. Мушугим Тарвуз ҳам биз билан бирга. У ҳар куни Сашага қўшилиб черковга боради. Ўша ердаги сичқонларни овлаб кун кўради.
Ҳа, майли, невараларим уйғонишди чоғи. Уларга қарамасам бўлмайди.
Ҳаммаси учун яна бир карра Яратганга шукр!
(Тамом) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ, Мистика dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|