— Кечирасиз, Носир Фозилович! Сизни қишлоғингиздан қариндошингиз сўраб келибди.
Носир Фозиловичга котибанинг бу гапи ёз чилласида қор ёққандай таъсир қилди. Минг йиллардан буён қишлоғидан бирор киши уни йўқлаб келмаганди. Ҳозир бу хабарни эшитиб кўнглини мунг аралаш қувонч ҳисси чулғади. Шу баробарда кўз ўнгидан олис қишлоғи, болалик хотиралари ўта бошлади. Носир Фозилович ҳамон интиқ қараб турган котибага кўзи тушиб:
— Шуни ҳам сўраб ўтирасизми? Ўзингиз чиқиб кутиб олинг, — деди ва яна хаёлга чўмди.
«Ким йўқлаб келди экан? Қайси қариндошим? Нега энди бирдан мени излаб қолишди?» дея ўйлади у. Қишлоғи ва қариндошлари ҳақида ўйларкан, унинг дили хуфтон бўларди. Бир пайт эшик очилиб шоп мўйлабли, қорачадан келган, басавлат киши салом берди. Носир Фозилович уни кўриши билан ўрнидан турди-да, қучоқлашиб саломлашди. Ўттиз йилдан буён бирор қариндошига дуч келмаган Носир Фозилович унга хона тўридан жой кўрсатди. Келган меҳмон ҳам шошилмасдан курсига чўкди. Сўнг узоқ ҳол-аҳвол сўради ва:
— Мен тоғангизнинг ўғли Толиб бўламан. Эсингиздами? — деди.
Носир Фозиловичнинг кўз ўнгига озғин, бўйчан бола келди.
— Эй, Толиб қилтириқ, — деди беихтиёр.
Икки ўртада енгил кулги кўтарилди. Сўнг:
— Носирбой, қишлоққа бормасангиз бўлмайди. Бобонинг аҳволи оғир. Шавкат амакини айтяпман… Одам бировга илҳақ бўлса, жони узилолмай қийналиши рост экан. Ҳар куни сизни сўрайди бечора, — деди Толиб ака жиддий тортиб.
Носир Фозилович ўгай отаси ҳақида гап кетаётганини билиб, тағин дили хуфтон бўлди. Унинг юзи ўзгарганини кўрган Толиб ака:
— Энди, жўра, ўтган гап ўтди. Бу ёғи бобонинг ҳам куни қисқа. Орадан нима гап ўтган, сизни қандай ранжитган, буни ўзларингиз биласизлар. Лекин бормасангиз бўлмайди, — деди.
Носир Фозилович нима дейишни билмай, жим қолди. Кейин оғир хўрсиниб, ўрнидан турди-да, дераза томон юраркан:
— Ўйлаб кўраман. Майли, бориш-бормаслигим бир гап бўлар. Ҳозир юринг, уйга борайлик, меҳмон бўлинг, — деди.
— Йўқ, жўра, вақт тиғиз. Борадиган бўлсангиз ҳозир йўлга тушамиз. Бўлмаса, ўзингиз биласиз. Бизга рухсат, — деди Толиб ака қатъият билан.
* * *
Адоғи кўринмас текис ва равон йўлда ўқдек учиб бораётган машинанинг олд ўриндиғида Толиб ака, орқада эса Носир Фозилович кетиб борарди. Толиб ака қариндошининг хаёлини бўлмаслик учун ҳайдовчи билан чақчақлашар, Носир Фозилович эса болалик дунёсида саёҳат қиларди…
* * *
Носир отасидан эрта етим қолди. У онаси билан бирга тоғаларининг уйида уч йил яшади. Сўнг онаси қариндошларнинг қистови билан яна турмуш қурди. Фарзандсизлиги боис оиласи бузилиб, Носирнинг онасига оғиз солган Шавкат ака болакай Носирни ўз тарбиясига олди. Шавкат ака қанчалик меҳрибонлик кўрсатмасин, улғайгани сари ўзини мустақил ҳис этиб, катта одам бўлишни истаётган Носирга ўгай отанинг оддий насиҳати ҳам оғир ботарди. Шавкат ака эса имкони борича унга яқин бўлишни истар, қандай бўлмасин Носирнинг кўнглига йўл ахтарарди. Лекин ёш Носирга ўқиган китоблари, эшитган эртакларидаги ўгай она образи ўзгача таъсир қилганди. Шу сабабли у Шавкат аканинг муносабатини ўгай онанинг найрангларига қиёс қиларди. Кейин у тоғаларининг уйига кетиб қоладиган одат чиқарди. Қаттиққўл тоғаси ўсмир боланинг икки уйли бўлиши яхши эмас, деб унга дакки бергач у ердан ҳам безди. Сўнг қўшни туманда яшайдиган амакиларининг уйидан паноҳ излади. Аммо у ерда ҳам илиқ гап эшитмаган Носир ноилож ўгай отанинг уйида яшашга мажбур бўлди. Уни қариндошлар ўзидан нари қилишга ягона сабаб онасининг янги турмушидан фарзандли бўлмаётгани эди. Улар Ширин холани ёлғиз дилбанди Носирдан айро яшашини истамаганлиги учун ҳам шундай йўл тутишди. Боз устига Шавкат акани яхши инсон деб билишар ва унинг яна фарзандсизлигидан қайғуришарди. Буларни ҳали бола идроки билан англаб улгурмаган Носир аламзада эди. Шундай кунларнинг бирида онаси оғир бетоб бўлиб қолди. Шавкат ака хотинини шифокорга олиб борди. Ширин хола бир ҳафта ётиб даволангач, уйига қайтиб келди. Аммо ҳамон унинг аҳволи оғир эди. Ўғай отаси қанчалик онасининг бошида парвона бўлмасин, барибир, шифокорга яна олиб бориш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасди. Бундан Носирнинг баттар жаҳли чиқар, аламини кимдан олишни билмай, истаган йўлига юриб, хоҳлаган ишини қиларди.
Узоқ вақт оғир дарддан азоб чеккан Ширин хола ёруғ оламни тарк этди. Энди ўн саккиз ёшга кирган Носирга бу жуда қаттиқ таъсир қилди. Унга ўгай отаси онасини қайта шифокорга кўрсатмагани ва унинг учун қайғурмагани алам қиларди. Онасидан айрилган Носир энди бир лаҳза ҳам бу уйда қололмасди. Аммо тоғаси ҳам, амакилари ҳам уни Шавкат ака билан яшашга ундашарди. Уларнинг айтишича, Шавкат ака ҳаётдан совиган ва фарзанд кўрмаслигини билиб, бошқа турмуш қуришни истамас эмиш. Шу боис Носир унга ўғил бўлиб бирга яшаши, келажакда мана шу ҳовлига эгалик қилиб, Шавкат акани сўнгги манзилга кузатиши керак экан. Носир бу гапларга ишонмади. У ўзини шунча қавм-қариндош ва яқинлари орасида яккаланиб қолгандай ҳис этарди. Шунданми, шаҳарга бориб ўқишга киришни ва ўзи билганча яшашни орзу қиларди. Кунларнинг бирида Носир қариндошлари билан қайта кўришишни истамаслиги ҳақида бир энлик хат ёзиб, қишлоқдан бош олиб кетди. У шу шахт билан ўқишга кириб, шаҳарда бир умр қолмоқчи эди…
Излаб келган қариндошларини эса кўришни ҳам истамай ортига қайтарди. Бу орада ўгай отаси ҳам уни уйига олиб кетиш учун келди. Аммо у Шавкат акани ҳақорат қилди. Носир ортига қайтиб кетаётган Шавкат акани кузатиб тураркан, ўгай отасининг елкаси учиб йиғлаётганига амин бўлгач, қилган ишидан ўзича фахрланиб ҳам қўйди. Шу тариқа уни ўзларига яқин олиш илинжида бўлган қариндошлари ҳам Носирдан совий бошлади. Бора-бора Носирни ҳеч ким йўқламайдиган бўлди. У шаҳарда уйланиб, тўйни ҳам ёлғиз ўзи ўтказди.
* * *
Носир Фозилович елдек учиб бораётган машинанинг ён ойнасидан ташқарига тикилиб, онасидан айрилишига сабабчи бўлган ўгай отаси ҳақида ўйларди. У Толиб аканинг гапидан ўгай отаси мункиллаб, ҳозир жон талаш бўлиб ётганини тасаввур этиб оғир хўрсинди. «Менга нима дер экан? Шунча азоб бериб, энди узр сўрайдими? Тавба, ўзи ҳам болали бўлдимикин? Уларни бошига кўтариб улғайтирган бўлса керак?»
Носир Фозиловични шу каби саволлар қийнаркан, беихтиёр Толиб акадан:
— Бобонинг нечта фарзанди бор? — деб сўради.
— Шавкат бобо бошқа оила қурмади. Ёши ўтгандан кейин ака-укаларининг уйида яшаб юрди. Ҳозир укасининг кичик ўғли қараб турибди.
Бу жавобдан Носир Фозилович бир қалқиб тушди. Бу вақтда машина қишлоқнинг тор кўчасидан бурилиб, Шавкат аканинг дарвозасида тўхтади. Улар тушиб уйга кириб боришди. Носир Фозиловичнинг келганини кўрган бобо бор қувватини йиғиб, бошини кўтарди. Носир Фозилович уни бу аҳволда кўриб негадир ачинди. Аввалги хусуматидан асар ҳам қолмади. У энгашиб ўгай отаси билан кўришди. Мўйсафид уни бағрига босиб йиғлаб юборди. Сўнг уни қўйиб юбормасдан бошини кўксига босиб, ушлаб турди-да, қулоғига пичирлади:
— Болам, мендан хафа бўлма! Онангнинг тузалмас дардга чалинганини ва уни даволашга кеч бўлганини эшитганимда дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетганди. Онанг умримнинг қолган қисмини касалхонада эмас, оилам даврасида ўтказай деб ҳол-жонимга қўймади. Мен ҳам сени унинг меҳрига, дийдорига тўйиб қолишингни истагандим. Лекин сен буни тушунадиган ёшда эмасдинг. Ўзингга эса бу ҳақда айтолмадим. Шу сабабли ҳам онамни даволатмади, деб мени ёмон кўрсанг керак. Бу ҳақида сенга бир неча марта айтмоқчи бўлдим, лекин… Биламан, яхши боласан. Менга нима деган бўлсанг ҳам, барибир, ўғлим бўлиб қолаверасан.
Шавкат ака Носир Фозиловичга дилидаги гапларни айтиб бўлгач, бошқаларга юзланиб:
— Уйим ҳам, бошқа бор бисотим ҳам Носиржонга. Уларни сотса ҳам, келиб шу ерда яшаса ҳам ўзи билади, — деди.
Бу гапдан сўнг Носир Фозилович ўкириб йиғлаб юборди. У шу вақтгача ўгай отасини тушунмай, ундан хафа бўлиб юрганини ва айниқса, уни излаб шаҳарга борганида оғзига келган қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганидан афсусланиб, юраги эзилди. Шундагина бутун ҳаёти хатодан иборат эканини, энг яқин ва ғамхўр инсонларини тушунмасдан шу вақтгача ўзига-ўзи азоб бериб юрганини англади ва отасини илк бора меҳр билан бағрига босди. Бу пайтда фарзандли бўлишдек орзусига энди эришган қариянинг заифлашиб қолган юраги сўнгги кучини йиғиб, қувончдан тез-тез ура бошлаганди… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|