Хосият «ҳакка» (лақаби шунақа) нинг худодан тилаб-тилаб олган эри Мирзақул мироб аварияга учради-ю, ҳаммаёқнинг тўс-тўполони чиқди. Айтганларнинг айтгани рост бўлса, мироб машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган экан. Бошқа бир машина келиб уларга урилганда, мироб калласи билан олд ойнани тешиб чиқиб кетибди. Мана, энди бир олам муаммо пайдо бўлди. Айтган дўхтирларнинг айтгани рост бўлса, миробнинг мияси дарз кетибди.
— Унинг миясини алмаштирса бўлади, — деди дўхтир Хосият «ҳакка» ва уни олиб келган икки нафар давангирдай қўшни эркакка жавдираб. — Лекин… Синглим, сиз рози бўлишингиз керак.
— Рози бўлсам, эрим тузаладими? — сўради Хосият «ҳакка». — Айтинг, тузаладими?
— Тузалади, — деди дўхтир. — Локигин кимнинг миясини ўрнатсак, ўшанинг характери эрингизга ўтиб қолиши мумкин.
— Майли, қўяверинг, — деди гапни кесиб Хосият «ҳакка». — Эрим тузалса бўлди. Айтганча… Характери ўтади дедингизми?
— Худди шундай.
— Масалан, кимларнинг мияси бор сизда?
— Мисол учун бир бойваччанинг мияси ўрнатилишга шай турибди.
— Йўқ, бўлмайди, — қўл силтади Хосият «ҳакка». — Бойларнинг ўйнаши кўп бўлади. Энди бир камим кундошларминан юлишишмиди… Бошқасини айтинг.
— Унда учига чиққан пиёнистанинг миясини ўрнатайлик.
— Ҳо-о, пиёнистанинг хотини деб бутун қишлоқ устимдан кулсинми? Кейин… Анави ароқ ўлгурининг иси димоғимга тегса, қусворай дейман. Бўлмайди.
— Яна бир вариант бор. Бечора бир муаллим бўларди. Кўп қаватли уйнинг тўққизинчи қаватидан ўзини пастга ташлаган экан. Балки унинг миясини қўярмиз?
— Бўлмайди, — деди қатъий оҳангда Хосият «ҳакка». — Муаллимлар «димагог» бўлади. Кейин ойдан ойга маоши қачон чиқаркин деб куйиб ўтишни истамайман. Кейин… Муаллимлар бақироқ бўлади…
— Синглим, сизга ҳеч қайси вариант ёқмаяпти. Қанақаси ёқади ўзи?
— Менгами? Бақирмасин, ҳадеганда турткиламасин, қўшниникига ястанволиб қартабозлик қилмасин. Тур десам турсин, ўтир десам, ўтирган ерида тош қотсин! Ичмасин, чекмасин, бегона аёлларга юрмасин. Маошини қўлимга тутқазадиган бўлсин. Миннат қилиб бошимни қотирмасин! Ҳар замонда ийиб кетиб бошини силасам, теккина турсин!.. Эрим шўрлик худди шундай одамийди. Шунинг учун уни яхши кўрардим.
Дўхтир тушунди. Индамай чиқиб кетди-да, йўлакдан ветврачни етаклаб кирди.
— Мана бу одам ветврач. Агар йўқ демасангиз, эрингизга ҳўкизнинг миясини қўйиб беради. Бу айни сиз хоҳлаган мия. Нима дейсиз?
Хосият «ҳакка» ҳовлиқиб ветврачга юзланди.
— Ростданам мен хоҳлаган миями? Ҳўкизнинг мияси-я?
— Ҳа, тахминлаймиз. Ҳўкизнинг мияси ўрнатилгандан кейин эрингиз худди сиз санаб ўтган нуқсонлардан холи бўлиши керак. Ишонинг, зўр бўлади! Мана мундай бўлади!
— Бўпти, розиман. Ҳўкиз бўлиб сут бермасаям майли. Мен орзулагандай, ўз-ўзимнинг эримдай ювош-мўмин бўлса бас…
Ветврач шу заҳоти ҳаммани чиқариб юборди-да, ёрдамчиларини ёнига олиб иш бошлади. Роппа-роса ўн икки соат-у, ўн икки дақиқа, ўн икки сонияда Хосият «ҳакка»нинг эрига ҳўкиз мияси ўрнатилди. Орадан бир кун ўтгач, ҳаяжонли лаҳзалар яқинлашди. Ветврач гапига жавоб бериши, Хосият «ҳакка» эса ҳўкизмия бўлсаям, ўша ўзининг, ўз-ўзининг эрини кўриши зарур эди…
Ҳўкиз деганиям барибир мол экан-да.
Орадан қанчаям вақт ўтиб ўзимизнинг Мирзақул мироб аста кўзларини очди. Бирпа-ас тепасидагиларга, кейин хотинига қараб турди-да, дафъатан баланд овозда қичқирди:
— Ҳе ҳаммангни Мў-ў-ў-ў-ў-ў-ў!!! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|