Ушбу фильм ҳақида биринчилардан бўлиб Петербург университети тарих кафедраси профессори Олег Соколов тарафидан ўлдирилган аспирантка Анастасия Ещенконинг яқинлари сўз очишди. Фильм ҳужжатли серияда суратга олинган ва «Балга таклиф. Рус Наполеони қурбони» деб номланган.
Эслатиб ўтамиз, тарихчи «домла» Олег Соколов 2019 йил ноябрида Питердаги ўзи яшайдиган уйда ўйнаши ва аспиранткаси Анастасия Ещенкони отиб ўлдирган. Кейин мурдасини бўлакларга бўлиб, бир қисмини дарёга оқизишга ҳам улгурган. Қолган қисмларини оқизмоқчи бўлиб турганда, полициячилар тарафидан қўлга олинган.
Марҳуманинг оиласи ёллаган адвокат айтдики, ушбу фильм Соколов аслида қанчалар шафқатсиз, ёвуз эканини бошқалар ҳам кўриб қўйиши учун яратилган.
Фильмда Анастасиянинг ота-онаси, укаси, адвокат, Соколов жабр етказган талаба қизлар суратга тушган.
Марҳуманинг онаси ҳикоя қилишича, Анастасия бу «домла»ни шу қадар қаттиқ севганки, уни Соколовнинг қарилиги, саломатлигининг яхши эмаслиги ҳам қизиқтирмаган. Ҳамма нарсага рози бўлган. Фақат шу қотил билан бирга бўлсам бас деган. Бўш вақт топилди дегунча Соколов учун лекцияларни ҳам Анастасия ёзиб бериб турган.
— Менинг қизим бу дунёга қийналиб яшаш, яна қийналиблар ўлиш учун келган экан, — дейди йиғлаб она шўрлик. — Қизим умри давомида биргина хатога йўл қўйди. Шу маразни, одам қиёфасидаги маҳлуқни учратди ва кўнгил қўйди.
Муаллифларининг таъкидлашича, Соколов кечирган ҳаёт билан боғлиқ ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган лавҳалар ҳам фильмга киритилган.