Барчага маълум, Россиянинг Санкт-Петербург университети доценти, тарихчи олим, Напалеоннинг фанатларидан бири, «домла» Олег Соколов ўтган йил ноябр ойида ўйнаши, аспиранти Анастасия Ещенкони отиб ўлдирган. Кейин мурдани болта ва пичоқлар ёрдамида майдалаб, бир қисмини Мойка дарёсига оқизган. Боши ва танасининг ярмини ўзи яшайдиган квартирага беркитиб ташлаган. Яқинда Соколовнинг қотиллиги доирасида янги далиллар пайдо бўлди. Шу ҳақда Олег исмли истеъфодаги Биринчи ранг капитани, тарихчи олим гапириб берди. Унинг айтишича, Соколов Настяни ўлдириб, мурдасини бўлаклагандан кейин дўстларини меҳмонга чақирибди.
— Биз Соколов билан 2017 йилдан бери ҳар йили бир марта учрашиб, суҳбатлашардик, — деди Олег. — Учрашув албатта Соколовнинг квартирасида ташкил этиларди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Аммо бир нарсадан бехабар эканмиз. Соколов Настяни ўлдириб, мурдасини ётоққа беркитган ва эшикни қулфлаб ташлаган экан. Даҳшатлиси ҳам шу. Биз шундай ваҳшиёна қотиллик содир этилган куни, мурданинг ёнида кайф-сафо қилибмиз.
Капитан яна шуни айтдики, 2018 йили меҳмонга келишганда, Настя квартирада эди.
— Соат ўшанда тахминан кечки 22: 00 эди, — давом этди Олег. — Кетмоққа шайлангандик. Кутилмаганда Настя чиқиб келди. Чиқиши билан Соколов икковлари жанжаллаша кетишди. Сездим, Настя Соколовнинг устидан ҳукмини ўтказишга ҳаракат қиларди. Аммо мен Соколовни яхши биламан-ку! У бировга бўйсунадиганлар хилидан эмас…
— Кейинги учрашув 2019 йил 8 ноябр куни ташкил этилди, — дейди Олег. — Квартирага кирдик, ечиндик. Ўтирдик. Шу сафар негадир аёллар кийимлари кўринмади. Ётоқхонани Соколов қулфлаб ташлабди. Бироқ ҳеч қаерда қон изи кўрмадик. Ҳаммаёқ чиннидек тоза эди. Соколов ҳам хотиржам эди. Наполеон ҳақида баҳслашдик. Соколов ҳазил-мутойибага ўтди. Кулишдик. Дарвоқе, мен Настя қаердалигини сўрагандим. Соколов ўта хотиржамлик билан у Москвага иш юзасидан кетганини айтди-ю, гапни тағин тарихга бурди…
Билмадим. Соколов биз келишимиздан бир кун бурун Настя билан жанжаллашган ва уни бир марта ўқланадиган обрез ёрдамида ўлдирибди. Шунга бардоши етибди. Чунки винтовка ҳар бир ўқ отилгандан сўнг бошқатдан ўқланади. Шунгаям асаблари дош бера олибди. Мурда-чи?.. Мен Олег Соколовни бу қадар шафқатсиз, ваҳший, совуққон деб ўйламасдим.