ЎзА сайтида 2019 йил 19 март куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гулчеҳра Рихсиеванинг «Дарсликлар замон талабига мос бўлсин» номли мақоласи эълон қилинган эди. Шундан кейин Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Олий адабиёт курси тингловчиси, «Ёшлик» журнали адабий муҳаррири Ҳусан Мақсудов мазкур мавзудаги баҳсни давом эттирди. Яъни ЎзА сайтида Ҳусан Мақсудовнинг «Дарсликлардаги дарзлар…» номли мақоласи эълон қилинди. «Хўш, нега мунча гапни узоқдан бошлаяпсан, айтадиган гапни шартта-шартта айтиб қўя қолмайсанми?» демоқчимисиз? Аслида, ниятим ҳам шундай эди. Аммо одамнинг юзи иссиқ-да…
Хуллас, янги ўқув йили энди бошланган кунлар 7-синфда ўқийдиган қизим «Дада, «кочишлар» нима дегани?» деб сўраб қолди. Тўғрисини айтай, бу саволни эшитишим билан пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Чунки уйдагиларнинг бир ёмон одати бор. Яъни улар «тирноқ орасидан кир қидиришни» яхши кўришади. Матбуот соҳасида ишлаганим боис уйга ҳар ҳафта 3-4 та газета олиб бораман. Оиламдагилар эса газетадан хато топиб, дарров мендан «суюнчи» олишади. Бу газеталарни чиқаришга масъул бўлган шахс сифатида, турган гапки, каминани тер босади. «Қизим яна газетамдан бирорта хато топдимикин?» деган ўйда «Шаҳина, «кочишлар» деган сўз йўқ, ё «қочишлар», ё «кўчишлар» бўлиши керак», дедим-да, хавотирланиб қўшиб қўйдим: «Қайси мақолада кетибди?» «Мана, дада, «Жаҳон тарихи» дарслигининг 8-саҳифасида», деди қизим. Дарсликни олдим-да, бир қур назар солиб чиқдим. Дарслик «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан 2017 йили 441433 нусхада чоп этилган экан. Шу пайт 3-синфда ўқийдиган қизим ниманидир сўради. Шу билан дарсликдаги хато ҳам унутилди.
Орадан икки ҳафта ўтдими-ўтмадими, ишдан қайтганимдан сўнг қизим тушмагур яна «Дада, «юкласалтириш» нима дегани?» деб сўраб қолди. «Яна нима бўлди, қизим, яна қайси саҳифада хато ўтказиб юборибмиз?!» дедим бироз жаҳл билан. «Дада, сизнинг газетангизда эмас, яна ўша «Жаҳон тарихи»нинг 27-саҳифасида шундай деб ёзилган экан», деди қизим аччиғим чиққанидан мунғайиб. Китобни қўлимга олиб, «юксалтириш» сўзи «юкласалтириш» тарзида хато ёзилиб кетганини кўрдим ва қизимга ўзимча тушунтирган бўлдим: «Шаҳина, иш бор жойда хато бўлади. Агар хато қилмайман, десак, умуман, ишламаслигим керак».
Аммо қизимга бу сўзлар унчалик кор қилмади, шекилли, яна 7-синф дарсликларидан «хато қидириш»да давом этди. Шундай қилиб тез орада «қўшини» сўзини «қошини» тарзида ёзиш мумкинлигини билиб олдим (7-синфлар учун чиқарилган «Жаҳон тарихи» дарслигининг 36-саҳифаси). Кейин қизимнинг ҳам «иштаҳаси» очилиб кетдими, «Маънавият» нашриёти томонидан 2015 йилда 366597 ададда чоп этилган «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» дарслигидан ҳам хато топди. Буни қарангки, мазкур дарсликнинг 8-саҳифасида «вужудга» сўзи «бужудга» тарзида хато ёзилган экан. Аммо бу борада «улоқ», барибир, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2017 йили 495322 нусхада чоп этилган «Мусиқа» дарслигида кетди. 7-синф «Мусиқа» дарслиги «ижодкорлари» 73-саҳифада «куй» сўзини «ку» шаклида ёзишганидан илҳомланишган, шекилли, камига 90-саҳифада икки марта қўпол хатога йўл қўйишган. Биринчисида «Вена шаҳрига» сўзлари «Венага шаҳрига» тарзида ёзилган бўлса, кейингисида «Йозеф Гайдн» «Иозеф Гайдн» дея ёзилган. Қизимнинг «тадқиқотлари»дан сўнг бу каби хатолардан 7-синф учун чиқарилган «Физика» дарслиги ҳам холи эмаслиги маълум бўлди. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан 2017 йили 441433 нусхада чоп этилган ушбу дарсликнинг 98-саҳифасида «тортишиш» сўзи «тўртишиш» шаклида, 123-саҳифасида эса «ғилдиракнинг» сўзи «гилдиракнинг» тарзида ёзилган.
Шу ўринда эътиборингизни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гулчеҳра Рихсиеванинг «Дарсликлар замон талабига мос бўлсин» номли мақоласидан олинган парчага қаратмоқчи эдим: «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2017-2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 8, 9-синф ўқувчилари орасида «Она тили» ва «Математика» фанларидан ўтказилган ёзма иш натижалари қониқарли эмас.
Масалан, 8-синф ўқувчилари орасида «Она тили» фанидан ўтказилган диктант натижаларига кўра, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси 72 фоизни, 9-синф ўқувчилари орасида «Математика» фанидан ўтказилган ёзма иш натижалари 54 фоизни ташкил этган. «Она тили» фани бўйича ўзлаштириш Тошкент шаҳрида 58 фоизни, Наманган вилоятида 32 фоизни, «Математика» фани бўйича эса Қорақалпоғистон Республикасида 26 фоизни, Наманган вилоятида 23 фоизни, Тошкент шаҳрида 13 фоизни ташкил этган.
Олий ўқув юртларига 2018 йилда тест синовлари топширган абитуриентлар тўплаган баллар таҳлил қилинган. Тест синовларини топширган 600 мингдан ортиқ абитуриентнинг 55 фоизи асосий мутахассислик (физика, кимё, математика, биология, география) фани бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган.
Барча шароитлар яратилган бўлса, нима сабабдан фарзандларимиз фанларни ўзлаштира олмаяпти?
Бу ҳолатга таъсир этадиган омиллар кўп, албатта. Ўқитувчининг билими, педагогик маҳорати ва ўқитиш методикасининг талабларга жавоб бериш-бермаслигидан ташқари яна бир омил борки, бу — дарсликлардир».
Чиндан ҳам, ўқитувчи ҳар қанча маҳоратли ва билимли бўлмасин синфдаги 30-35 нафар ўқувчининг (мен бу ерда кўпроқ Тошкент шаҳридаги мактабларда битта синфда таълим олаётган ўқувчилар сонини назарда тутяпман, бошқа вилоятларда битта синфда қанча ўқувчи ўқитилишидан хабарим йўқ) барчаси билан индивидуал тарзда ишлай олмайди. Демак, бу борада ўқитувчига китоб — дарсликлар ёрдамга келади. Фалон миллиард сўм сарфланиб бир неча юз минглаб ададда чоп этилган баъзи дарсликларда эса юқоридаги каби ҳолатларга кўзингиз тушиб, таъбингиз тирриқ бўлади. Сизларга маълумот тарзида яна ўша «Дарсликлар замон талабига мос бўлсин» мақоласидан парча келтиришим мумкин: «Сўнгги уч йилда Давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармасининг қарийб 307 миллиард сўм маблағига 98 миллион нусхадан ортиқ дарсликлар чоп этилган».
Биз миллат сифатида, халқ сифатида маънавий камолотга эришишни, мамлакатимиз чин маънода ривожланиб, тараққиётнинг юқори босқичларига чиқишни истар эканмиз, демак, ТАЪЛИМга эътиборни янада кучайтиришимиз лозим. Чунки ўтган йиллар давомида Халқ таълими тизимида йўқотадиган нарсамизни ортиғи билан йўқотиб бўлдик, энди ўша йўқотилган нарсаларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишимиз шарт.
Хулоса ўрнида: Эътибор қилган бўлсангиз, мақола аввалида кичкина қизим (3-синфда ўқийди) савол бериб, мени чалғитгани ҳақида айтган эдим. Ўша маҳмадона қизим эшикдан киришим билан олдимга келиб салом бераркан, «Дада, «қвадрат» нима дегани?» деб сўради. Турган гапки, «Адашма, қизим, «қвадрат» деган сўз йўқ, «квадрат» дея тўғрилаб айт», дедим. Аммо ўжар қизим «Дада, «квадрат»нинг маъносини ўзим ҳам биламан, устоз ўргатган, мен сиздан «қвадрат»нинг маъносини сўраяпман», деди. Нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Афтидан, кичкина қизим ҳам опасидан ўрганиб, 3-синф дарсликлари устида ўзича «тадқиқот» бошлаб юборган кўринади. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|