«Шарофат холанинг ўғли Мансур ўтиб қолибди!» Бу хабар яшин тезлигида тарқалди. Мен ҳам бу шум хабарни эшитдим-у, қишлоққа қайтдим. Шарофат холанинг икки нафар ўғли бор: каттаси Мурод, кичкинаси Мансур. Мансур анчадан бери оғир касал эди. Турли воситалар билан умрини узайтириб келишди. Аммо, барибир, касаллик енгибди-да.
Йўл олис бўлганлиги учун мен етиб келгунимга қадар марҳумни сўнгги йўлга кузатиб бўлишган экан. Атрофга қоронғилик ёйилиб қолгани учун Шарофат холадан эртаси куни кўнгил сўрашга қарор қилдим.
— Хола қаттиқ тушкунликка тушган, — деди онам кечки овқатни еяётганимизда. — Бечоранинг эси кирди-чиқди бўлиб қолганга ўхшайди. Ўзича нималарнидир гапирадими-ей!
— Фарзанд доғи жуда оғир, онаси, — дея чой ҳўплади отам. — Бундай қисматни ҳеч кимга раво кўрмайман.
Уларнинг гапини эшитарканман, кўз олдимга мен бундан олти ой олдин кўрган аёл гавдаланди. Хурсанд, доим кулиб юрадиган Шарофат холани бошқача қиёфада тасаввур қила олмасдим. Аммо…
Эртаси куни кўнгил сўраш учун бордим-у, ҳайратдан ёқа ушладим. Чунки қаршимда мен билган аёл эмас, аксинча, сочлари оқариб, кўзлари ич-ичига кириб кетган, бир нуқтага маъносиз тикилиб ўтирган аёл турарди. Салом бергандим, бошини кўтариб, менга қаради-да, кўзларида қандайдир илинжга ўхшаш туйғу пайдо бўлди.
— Ие, қизим, келинг, қани, ўтиринг! — дея ўрнидан туриб жой кўрсатди у.
— Шарофат хола, энди бу Худонинг иродаси, бу ёғига сабрли бўласиз.
— Нега, қизим? Ёки сен ҳам Мансуржонимни ўлган деб ҳисоблаяпсанми?!
— Мен… — нима дейишимни билмай, довдираб қолдим.
— Болам тирик, у ўлмаган, ҳар куни ёнимга келиб туради.
— Йўғ-э, — яна каловланиб қолдим. Чунки «Бундай бўлиши мумкин эмас», десам, Шарофат холанинг кўнглини оғритиб қўяман. Шу боис индамадим.
— Мана, кеча кечқурун у мени кўргани келди. Ухлолмай, у ёқдан бу ёққа ағдарилиб ётдим. Ҳеч кўзим илинай демасди… Бошқалар тошдек қотиб қолган, лекин мен… Шунда қулоғимга «Ойижон!» деган овоз эшитилди…
Шарофат хола гапиришдан тўхтаб, бир нуқтага тикилиб қолди. Нигоҳларидаги қувонч ўрнини маъюслик эгаллади. Аччиқ жилмайди. Юзига бир-икки томчи кўз ёши юмалаб тушди.
— Шундоқ қарасам, деразанинг олдида ўғлим, Мансуржоним менга қараб ўтирибди. «Ойижон, нега ухламаяпсиз, шундоқ ҳам анча толиқдингиз, дам олинг!» деди. Мен уни аниқ танидим. Меҳрибонлигидан, ғамхўрлигидан танидим! Кейин эса кўздан ғойиб бўлди. Бошимни ёстиққа қўйгандим ҳамки, ухлаб қолибман. Бир маҳал кўзимни очсам, ҳамма ёқ ёришиб кетган. Кейин сен кириб келдинг!
Онамнинг: «Бечоранинг эси кирди-чиқди бўлиб қолганга ўхшайди», деган гапини эслаб, Шарофат холанинг гапларини муболағага йўйдим. Аммо айни дамда қаршимдаги муштипар онага бунинг умуман аҳамияти йўқ, унинг хаёл дунёсида фақат ўғли яшарди, холос.
Нима деяримни билмай турганимда Шарофат хола ўрнидан қўзғалди.
— Юринг, қизим, сизга ўғлим яхши кўрадиган боғни кўрсатаман.
Шарофат хола кўнглидагиларни кимгадир айтгиси келаётганини сездим. Шунинг учун унинг таклифига қаршилик билдирмадим. Ҳовли адоғидаги боғда олхўрилар ғарқ пишиб ётар, бир-иккита шохлари осилиб турарди.
Эртаси куни эса Шарофат хола мени бошқача қарши олди.
— Қизим, яна Мансуржоним келди, — дея гап бошлади у мени ёнига ўтирғизиб. — Кечқурун безовта бўлиб, ҳовлига чиққандим, қарасам, дарахтлардан бирининг тагида челак турибди. Ўғлим эса дарахтдаги олхўриларни териб, челакка соляпти! Боламни жудаям соғиниб кетгандим, қизим, бағримга босайин деб ёнига шошилдим. Лекин унга яқинлашгандим ҳамки, ғойиб бўлиб қолди! У ўлмаган, қизим, тирик у!
Шарофат холанинг бу гапларига ишонгим келмади.
— Балки, кўзингизга кўрингандир, ахир ўғлингизни ўзингиз…
— Йўқ, — дея гапимни бўлди хола, — юр, сенга бир нарса кўрсатаман. Юрақол!
У мени тўғри боққа, олхўри дарахтларининг олдига етаклаб борди.
— Қарагин, — деди у дарахтлардан бирини кўрсатиб, — ўғлим анави дарахтнинг шохларидаги меваларни териб олди!
Ишонасизми, не кўз билан кўрайки, кеча мевалари ғуж-ғуж бўлиб ётган дарахт, пастга эгилиб қолган шохда бирорта ҳам олхўри йўқ эди. Ҳайрон бўлиб қолганимни кўрган Шарофат хола:
— Энди ишондингми, — деди менга қараб жилмайганча, — бу меваларни ўғлимдан бошқа ҳеч ким тергани йўқ. Қолаверса, унинг қўлида турган челак бизникида умуман бўлмаган! Унинг олхўри егиси келган, шунинг учун кечаси қайтиб келган!
Мен ҳеч нарса демадим. Чунки ҳозир чиндан ҳам ғаройиб ҳолатнинг гувоҳи бўлгандим. Олхўриларни бошқа ҳеч ким териши мумкин эмас, чунки бизда кимдир яқинда вафот этган хонадонда мева териш мумкин эмасди. Айниқса, Шарофат опа бунақа ирим-сиримларга қаттиқ амал қиларди. Шу боис ҳеч нарса дея олмадим.
Шу-шу Шарофат хола хаёлга чўмиб юрадиган, кимни кўрса, Мансуржон келганини айтадиган, мени кўрганида эса уйига чақириб олиб, ўғлини кўрганини ҳикоя қилиб берадиган одат чиқарди. Кунларнинг бирида эса ақл бовар қилмайдиган воқеани айтиб берди.
— Мансуржоним ҳар куни келади, болам, — дея одатий ҳикоясини бошлади, — кеча ҳам келди. Чанқабди болажоним! Бир-икки кун олдин ҳовлида ётгандим, бир маҳал обдастанинг қимирлаётганини кўриб қолдим. Атрофда ҳеч зоғ кўринмасди. Бироздан кейин эса обдаста қимирламай қўйди. Шунда кўнглим ниманидир сезгандек бўлди. Ўрнимдан туриб қарасам, обдастадаги сув камайиб қолибди. Шундан билдим ўғлим келганини. Энди ҳар куни обдастани тўлдириб қўяман ўғлим қийналиб қолмасин деб…
Табиийки, бу гапга ҳам ишонгим келмади. Бироқ худди олхўри воқеасидаги каби буни ҳам менга исботлаб берганидан кейин таажжубга тушдим. Бу жумбоқнинг ечимини топа олмай, ҳайрон эдим.
Шарофат холанинг кундан-кунга паришонхотир, одамови бўлиб бораётгани унинг оиласидагиларини хавотирга қўярди. Хола фақат менга қулоқ солгани учунми (эҳтимол, унинг дардини тинглаганим, суҳбатдош бўлганим учундир) улар мендан Шарофат хола билан гаплашиб кўришни илтимос қилишди. Мен эса пайтини топиб хола билан бафуржа гаплашиб олдим.
— Мансуржонни биз ҳам яхши кўрардик, лекин у энди орамизда йўқ. Бунга кўникишингиз керак. Тўғри, сизниям тушунаман, аммо бошқа фарзандларингиз ҳам бор, сиз уларга ҳам кераксиз. Илтимос, холажон, ўзингизни қўлга олинг! Ҳали сиз керак бўлган кўплаб яқинларингиз борлигини унутманг!
Шарофат хола гапларимни эшитиб, узоқ йиғлади. Унга бошқа гапирмадим.
Ҳозир ҳам ўша воқеани эсласам, марҳум билан боғлиқ воқеалар мени ажаблантиради. Кечқурун терилган олхўрилар ва обдастадан ичилган сув билан боғлиқ жумбоқнинг ечимини ҳамон топа олганим йўқ! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot ZAMIN.UZ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|