Таҳририятимизга ҳар куни муштарийларимиздан мактублар келиши тўхтамайди. Кимдир қувончини, кимдир дардини бўлишади. Яна кимдир арзини тинглайдиган дардкаш қидиради. Ана шундай дарддошлар ичида 77 ёшли онахоннинг мактуби барчамизни сергак торттирди. Киши бу ёшда камдан-кам ҳолатларда атрофдагилардан нажот излайди. Айни вақтда кексалик гаштини суриши керак бўлган Нодира ая бизга юрагида сақлаб юрган изтиробларини ёзибди…
— Ҳеч ким «Болам менга озор берсин, боламдан арз қилай», деб дилбандини вояга етказмайди. Мен ҳам фарзандларимни дунё-дунё орзулар билан ўстириб, кексайган чоғимда кўзимга нур, белимга қувват бўлишини ният қилганман. Афсуски, ундай бўлмади. Аслида, бу ҳақда бировга ҳам айтгим келмайди. Ахир она учун «Болам ёмон» деган сўзларни айтиш шунчалар оғирки… Ўзим ҳам бу гапларни айта олмай, ўн йилдан буён ичимда, юрагимда сақлайман. Охири бўлмади, сабр косам тўлди, бардошим қолмади. Гарчи кўнглим чопмаса-да, айтишга мажбур бўлдим. Зора, менинг ўғлимга ўхшаган фарзандлар бироз сергак тортса, кекса ота-оналарини эъзозлаб, қадрига етса…
Бундан ўн йилча аввал, турмуш ўртоғим вафот этганидан сўнг ўзимча бир хаёлга бориб, «Ўзи иккитагина болам бўлса, мен ҳам кексайдим. Шу бор-йўғимиз — иккита уйни икки дилбандимга васият қилиб қўйсам, эрта мендан кейин зора дилхираликлар бўлмаса?» деб ўйладим. Шундан сўнг бир хонали уйни қизимнинг, икки хоналисини ўғлимнинг номига васиятнома асосида ҳужжатлаштирдим. Лекин буни қарангки, ўғлим орадан 15 кун ўтмай жанжал қилди:
— Бизга васиятнома керак эмас! Бизга ҳадя қилиб беринг. Бизга жудаям уй зарур. Сизнинг ўлишингизни кутиб ўтирамизми?
Негадир юрагим бирдан қоронғилашиб кетди. Мана шу қўпол сўзларини эшитсам ҳам эътибор қилмай боламнинг истагини бажарибман, денг. Бу истакнинг ортидан шунча азоб, изтироб, алам келишини қаёқдан билибман?.. Билганимда уй-жойни тақсимлаб овора ҳам бўлмасдим. Хуллас, ўғлимнинг хоҳишини бажариб, ўзим қизим билан ўша бир хонали уйда яшаб юравердим. Аммо ўша кундан бошлаб бизга ўғлим ва келиним тинчлик бермай қўйди. Нима эмиш, ота-онанинг мол-мулки ўғилники эмиш… Шунчаликка бордики, қулоғимизнинг тинчини ўйлаб, қизим иккимиз бир танишимизнинг уйида ижарада туришга мажбур бўлдик. Бир ярим йил ижарада яшабмиз. Аммо у ерда ҳам тинчлик бўлмади. Ўғлимнинг ҳар куни жанжал қилиб боришидан юрагим зада бўлганди. Охири қаттиқ гапиришга мажбур бўлдим:
— Бу ҳам ўз синглинг-ку?! Ёлғизгина қиз бўлса, отанг бўлмаса, қандай қилиб ҳеч нарсасиз қолдираман буни… Эрта ўлиб кетсам, ҳоли не кечади? Шуларни ўйлаб, унинг ўзига ҳам уй бердим. Ахир сени ўғил деб икки хоналисини, бунга бир хоналисини бердим-ку!
Йўқ, тушуниш тугул эшитишни ҳам истамади. Тинимсиз жанжаллардан кейин Худонинг раҳми келдими, қизимнинг тўйи бўлди. «Энди қулоғим тинчиса керак», дея ўйладим ўзимча. Қаёқда? Энди ўғлим ва келиним мени бир неча марта безовта қилиб, ўтирган уйимни сотмоқчи бўлди. Мен сўкса ҳам, эшикларимни тепиб жаҳл қилса ҳам индамадим. Тишимни тишимга босдим, лекин уйнинг сотилишига рози бўлмадим. Буни қаранг, фирибгарга айланган ўғлим ва келиним бунинг ҳам йўлини топибди. Қизимнинг олдига бориб:
— Синглим, менинг катта қарзим бор. Тўламасам, қамаламан. Кейин мени қамоқдан чиқариш учун онамнинг уйини сотишга мажбур бўласизлар. Яхшиси, ҳозир уйни менга беринглар, — дебди.
Албатта, бунақа гапга қайси сингил жим қараб туради. Қизим акасининг бошига тушган «ташвиш»ни аритиш учун дарҳол ёрдам беришга киришган. Менга билдирмай, бир хонали уйни сотишибди. Лекин ўғлим уйнинг пулини қарзига эмас, келинимга машина олиб бериш учун сарфлади. Чунки ҳеч қанақа қарзи бўлмаган-да! Бу воқеадан сўнг ўғлим иккинчи уйни ҳам сотаманга тушди. «Ҳеч бўлмаса, отангдан қолган шу уйга тегинмагин», дедим. Аммо:
— Ҳовли қуряпман-ку, сизга ҳам ўша ердан бир хонани ажратаман. Келинг, бу уйни сотайлик. Ҳовлининг қурилишига ишлатайлик, — дея мени авради.
Шунча воқеадан кейин унга ишониб бўладими? Кўчада қолишим аниқ эди! Шунинг учун рози бўлмадим. Норозилигим ўғлимни менга нисбатан душманга айлантирди. Мени кўрди дегунча дўқ-пўписа қилар, ҳатто уйқумда ҳам хотиржамлик тополмасдим. Аслида, келиним ва ўғлимнинг қалбини шайтон эгаллаб олганини сезган чоғимдаёқ сергак тортишим лозим экан. Бу жанжаллар чиқмасдан аввал ўлимлигимга дея пул жамғариб юрардим. Бир куни келинимни қизимдек кўриб, чақирдим-да:
— Мана бу кафанлигим. Унинг ичига ўлимлигимга деб пул солиб, йиғиб юрибман. Эрта менга бир нима бўлса, шуни ишлатасизлар. Билиб қўйганингиз яхши деяпман, — дедим.
Шундай дея жамғарганим устига яна озроқ қўшиб, ёпиб қўйдим. Орадан вақт ўтиб, яна пул қўшиш мақсадида қарасам, бир тийин ҳам йўқ. Қотиб қолдим. Бирдан келинимга кўрсатганим ёдимга тушиб сўрадим:
— Ўлимлигимга деган пулим йўқ. Қаерга кетди экан?
Келиним бўлса, хотиржам ҳолатда:
— Пул керак бўлганди, ишлатиб қўйдик, — дейди. Мана сизга томоша. Мен не ниятда келинимга пулларимни кўрсатсам-у, у дарҳол сарфлаган бўлса… Бундай одамлардан нима ҳам кутиш мумкин? Бундан ташқари, ўғлим билан боғлиқ бошимдан жуда аянчли ва даҳшатли воқеалар ҳам ўтдики, уларни тилга олиш тугул эслашни ҳам истамайман. Худди қўрқинчли тушдек туюлади менга.
Аслида, бу гапларни ҳам айтмоқчи эмасдим. Уйдаги гапларни ташқарига чиқаришга ор қиламан. Ўғлимни ўзига келар деб аяганим, она сифатида кечирганим учун ҳамма гапни қўни-қўшнилардан ҳам, қариндош-уруғдан ҳам сир сақлаганман. Ор қилганман. Афсуски, буни ўғлим тушунмади. Андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, ҳамон мен билан уй талашади. Мен ёлғиз бошим билан кўчада қолишдан қўрқаман. Ўғлим эса зарра бўлса-да, мени ўйламайди. Салкам саксонга бориб қолган онасининг соғлиғи учун қайғуриш, ғамхўрлик қилиш ўрнига кўчага қувиб солишга, яшаётган уйини тортиб олишга, бошпанасиз қолдиришга шай. Энг алам қилгани, ўғлим болаларига «Бувинг ўпка касал, унга яқинлашманглар, юқади. Бирор нима берса ҳам еманглар», дебди. Бу гаплар менга шунчалар оғир ботдики…
Меҳнатларимни оёқости қилган, соғлиғимга путур етказган, не-не ғамларга дучор қилган ўғлимнинг бу гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Қариганимда шунчалар жафо чекаман деб ўйламагандим. Ўғлимни шу ниятда вояга етказганмидим? Буларни сизларга ёзишимдан мақсад, бироз бўлса-да, зардобга тўла юрагимни бўшатиш, оналарга сабоқ, ўғилларга дарс бўлишини таъкидлаш, холос.
Ҳеч қачон болаларингизни талтайтирманг. Кўнглига қараманг, дегим келади. Аммо қай она боласининг айтганини қилган эмас! Биз оналар фарзандларимиз учун яшаймиз-ку! Яхшиси, ўғилларга мурожаат қила қолай:
— Ўғилларим, бу ўткинчи дунёда асло онангизнинг дилини оғритгувчи бўлманг. Оналар ғанимат. Бугун бор бўлса, эртага йўқ. У сизларни асло ёмон бўлсин, деб вояга етказган эмас. Кечани кеча, кундузни кундуз демай сизга умрини бахшида қилган, оромини, ҳаловатини, оғзидаги нонигача сизга тутган волидангиздан бир оғиз ширин сўзингизни аяманг.
Ширин гап кимни ўлдирибди? Сўкиш ҳам, ширинсухан ҳам бир оғиздан чиқади. Онангизга бир чимдим меҳрингиз етади. Шугинани ҳам аяманг. Мен каби зор қақшамасин, дардини кимга айтишни билмай ҳамманинг юзига мўлтираб термилмасин. Уларнинг дардига малҳам сизсиз, сизнинг соғлиғингиз, сизнинг борлигингиз, тинчингиз катта таскин ва мадад беради. Менинг шу гапларимни асло ёдингиздан чиқарманг. Онангизнинг қадрига етинг, ардоқланг! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|