— Иккита қизим бор. Аёлим яна 3 марта ҳомиладорлик даврини бошдан кечирди. Бу пайтда у ультратовуш текширувидан ўтганида ҳомиланинг ўғил бола жинсига мансублигини айтишганди. Лекин уччаласи ҳам туғилмай, она қорнида нобуд бўлди.
Нима учундир аёлим қиз болага ҳомиладор бўлса туғилади, лекин ўғил бўлса туғилмаяпти. Ўғил ҳомиланинг тушиши ёки нобуд бўлишига сабаб нима? Ёки аёл ўғил болага ҳомиладорлик даврида кўпроқ эътибор бериши керакми?
Дилмурод ЭРГАШEВ, репродуктолог:
— Аёл қиз болага ҳомиладор бўладими ёки ўғил болага, бундан қатъий назар, бу даврда ўзига жуда яхши эътибор бериши керак. Тўғри, баъзи оилаларда сиз айтган ҳолат, ўғил ҳомиланинг тушиши ёки нобуд бўлиши кузатилади. Гап шундаки, эркак кишидаги жинсий Й хромосомада қандайдир нуқсон бўлса ҳам, аёл ўғил болага ҳомиладор бўлиши мумкин. Бироқ ўғил бола жинсли эмбрион қайсидир муддатга етиб борганда ривожланишдан тўхтайди. Аниқроқ қилиб, айтганда, у она қорнида нобуд бўлади.
Бундай муаммо мавжуд бўлганда, аёл қиз болага ҳомиладор бўлса, у дунёга келаверади. Аммо ҳомила ультратовуш текширувда ўғил бола экани аниқланган бўлса дунё юзини кўрмайди.
Афсуски, ҳаётда шундай эркаклар борки, улар ўғил кўриш истагида, ҳаттоки бир неча марта уйланишади. Лекин муаммо бу билан ҳал бўлмайди. Чунки бу муаммо, асосан, эркак кишига боғлиқ масала.
Тўғри, баъзи эркаклар қайта уйланганда, ҳақиқатан ҳам ўғил фарзанд кўришган. Лекин айнан шу мақсадда бошқа аёлга уйланиш шартмикан?! Чунки бу жуда камдан-кам ҳолатда рўй беради.
Шу ўринда айтиш керакки, ўғил ҳам, қиз ҳам яратганнинг сизга берган улуғ неъмати. Кўпчилик «наслимни ўғлим давом эттиради», «қариганимда боқади» ёки шунга ўхшаш ниятлар қилиб, ўғил туғилишини чин дилдан исташади. Аммо келажакда ўғилдан буюрадими ёки қиздан буни вақт кўрсатади.
Сперматозоидларнинг ярми ўғил, ярми эса қиз бола ҳомилани вужудга келтиришга қодир бўлади. Шундай экан, уни танлашнинг ўзи нотўғри.
Муҳими, ҳар бир нарсада ҳикмат борлигини унутмаслик керак. Аёлингизда бежизга бу ҳолат такрорланмаяпти. Сиз истаган ўғил ҳомиланинг туғилмасидан аввал нобуд бўлишида ҳам ҳикмат бўлса, ажаб эмас.
Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, баъзида маълум омиллар ҳам ҳомиланинг муддатига етмай нобуд бўлишига сабаб бўлади. Шундай экан, аёлингизни, албатта, шифокор кўригига олиб боринг.
Эксперт: Дилмурод Эргашев, репродуктолог.