Бухорода ички ишлар ходими дарёга чўкаётган аёлни қутқариб қолди. Бу ҳақда Бухоро ИИБ ахборот хизмати раҳбари Қувват Ярашов маълумотига асосланиб, daryo хабар берди.
3 май, якшанба куни, эрталаб соат 08:30 да Вобкент туманида яшовчи 39 ёшли аёл ўз жонига қасд қилиш мақсадида туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсига сакраган.
Маҳалла раиси туман ички ишлар бўлимига хабар бергач, профилактика инспектори, майор Аҳрор Аблоқулов ҳамда туман ИИБ 5-сон Ички ишлар бўлинмаси бошлиғи, капитан Ҳамза Ҳожиев воқеа жойига етиб борган. Аёл ўтган вақт давомида сув оқими бўйлаб, тахминан, 50 метр масофага оқиб борган ва сув ютиши натижасида юзага қалқиб чиққан.
ИИБ ходими Ҳамза Ҳожиев аёлни кўргач, сувга сакраган ва уни сувдан олиб чиққан. Ходим нафас йўллари сув билан тўлган аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг ҳаётини сақлаб қолган.
Маълум бўлишича, аёл руҳий хаста бўлиб, диспансер ҳисобида туради. Айни пайтда аёлнинг саломатлиги шифокорлар назоратида.