Тошкент шаҳрининг чекка мавзеларидан бирида сукунат ҳукмрон эди. Ўрта бўйли, мовий кўз Мадинагина истар-истамас кўп қаватли уй томон юриб борарди. Хаёллари чалкаш, кўнглида ғашлик аломати сезилади. Миясида фақат бир савол чарх уради. «Нега чақирди экан? Наҳотки, тўй қилиб уйланишга қарор қилган бўлса?..»
«Пакка»га етай деганда, қарама-қарши тарафдан ўзининг суюклиси, ёруғ дунёга ишонмаси, яккаю-ягонаси Мухтор сигарет тутатган кўйи яқинлашиб келди. Унинг ҳам юзлари тунд эди. Тез-тез чап қовоғи учиб асабига тегарди.
Етиб келгач, кулимсирабгина пешвоз чиққан Мадинани оҳиста қучиб кўзларини юмди.
— Нима бўлди, жоним? — сўради шивирлаб Мадина. — Илгари учрашганимизда бўсалар олиб безор қилардингиз. Энди бўлса, зўрма-зўраки қучдингиз. Тинчликми?
— Сенга айтгандим-ку, — деди Мухтор Мадинани қўйиб юбориб. — Икки боламни сира кўзим қиймаяпти. Буёқда хотиним учинчи фарзандимга ҳомиладор. Учрашиб юрганимизни сезиб қолгандан бери менга кун бермайди. Худо кўрсатмасин, унга бир нима бўлса, қамалиб кетаман нақ. Тушунсанг-чи!..
Мадинанинг юзларида бояги табассумдан асар ҳам қолмади. Бир қадам ортга тисланди-да, беихтиёр кўзлари ёшланиб, лаблари пулкиллади.
— Демак, қарорингиз қатъий, шундайми? — деди у алам аралаш шивирлаб. — Бокиралигимга эга чиқиб бўлдингиз. Мен аҳмоқ сизга ишониб, азбаройи қаттиқ севганимдан шу ишга ҳам йўл бердим. Энди болаларингиз, хотинингиз азиз бўп қолдими? Йў-ўқ, жонидан, бу ҳунарингиз ўтмайди. Никоҳингизга олиб, тўй қилмагунингизча тинч қўймайман сизни.
— Қўлингдан келганини қил, — деди Мухтор. — Хўш, нима қиласан? Қаматворасанми? Қамат! Мен қамоғингдан қўрқмайман!
— Ҳали шунақами? Бўпти, яхши қолинг унда. Худо жазоингизни берсин!.. Айтганча, телефонингиздаги менинг суратларимни ўчириб ташланг. Тағин хотинчангиз кўриб қолиб сочингизни юлмасин!..
* * *
Эртаси куни Мадина кечки пайт уйғонди. Коллежда дарслар кўпайиб кетганди. Чарчабди шекилли, каравотга ўзини ташлабди-ю, уйқуга кетибди.
— Ҳой, Мади, буёққа чиқ!..
У ошхона тарафдан онаси Тамара холанинг товушини эшитди-ю, аранг ўрнидан қўзғалди. Сўнгра бориб кўзгуга боқди. Қовоқлари негадир ичкарига тортгандек, ранги сўлғиндек туюлди.
Сал нари боргач, яна Мухторнинг сўнгги дағдағали жавоби қулоқлари остида жаранглади:
«Қўлингдан келганини қил!»..
Мадина ўзини мажбурлаб бўлса-да, ошхонага ўтди…
Қуриб кетсин, бугун туғилган куни эканини ҳам унутган экан. Ошхонага кириши билан отаси Салим ака ва онаси баравар табриклаб бағирларига босишди. Салим ака қизига атаб узук келтирибди. Бармоғига тақиб қўйди. Аммо Мадинага бу ҳам татимади. Тағин ўпкаси тўлиб келди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди…
Ота-она дилгир бўлади. Отаси ва онаси баравар унга ёпишишди.
— Нима бўлди, қизим? Ким ранжитди? Нега йиғлаяпсан? Туғилган кунида ҳам йиғлайдими одам?..
— Мени Мухтор расво қилди, — деди охири чидай олмай Мадина. — Мен… Бахтсиз бўлдим. Бахтимни чилпарчин қилди. Унга ишонгандим… У бўлса, қилғиликни қилиб қўйиб энди ташлаб кетди. Менга уйланмасмиш…
— Нима? — Салим ака ёши олтмишни ёқалаган бўлса-да, барваста ва кучли. Бир мушт билан буқани ағдаргудек шашти бор.
— Анави икки болали Мухторни айтяпсанми? Ҳали у… Номусингни булғадими?..
— Дада, — деди йиғи аралаш Мадина бир четда тош қотган онасига разм солиб. — Мен уни севаман, ахир! Нега бевафолик қилди? Нега номардлик қилди? Айбим нима? Энди жувонга айланганимни қайси деворга айтиб дод соламан? Бахтсиз бўлиб қолавераманми?..
— Ўзингни бос, — деди Салим ака қизини маҳкам қучиб курсига ўтқазаркан. — Сени Мухтор тугул валломатиям бахтсиз қила олмайди. Шундай номардликка қўл урган бўлса, буёққа чақириб кел, ўзим гаплашиб қўяман у билан.
— У келмайди, — деди Мадина қўл силтаб. — Хотинидан қўрқади.
— Сен шундай қилки, ўзи зипиллаб олдингга тушсин! Борақол, биз унга Мадинани алдаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўямиз!..
* * *
Мадина отасининг бу гапларидан кейин бироз тинчланган бўлиб шоша-пиша ётоғига кирди-да, Мухторга қўнғироқ қилиб учрашув белгилади. Яна ўша паккага келишини сўради. Мухтор ҳар галгидек рози бўлди…
— Бугун қанақа кун эканини биласизми? — ҳеч нарса бўлмагандек кулимсираб сўради ундан Мадина. — Наҳотки, унутган бўлсангиз?
— Ишон, — деди Мухтор бош қашиб. — Ҳақиқатан, билмайман. Ўзинг айтақол! Қанақа кун?
— Менинг туғилган куним.
— Эҳ, қандай склерозман-а! — тиззасига шапатилади Мухтор хижолат тортиб. — Табриклайман, Мади! Мингларга кириб юргин!
— Совғаси-чи? — деди Мадина яна мажбуран жилмайиш қилиб. — Туғилган куни бўлганларга совға бирилади-ку!..
— Мен… Сен шу ерда туратургин, ҳозироқ дўконга бориб…
Мухтор шундай деб кетишга чоғланди. Бироқ Мадина уни қўйиб юбормади.
— Мен унақа совғани назарда тутмадим, — деди Мухторнинг қулоғига шивирлаб. — Лабларимдан бир марта бўса олсангиз, ўша мен учун мингта совғадан азизроқ!..
Мухтор бўса олди. Мадина эса унинг кўксига бош қўйган кўйи бир муддат тек турди-да, илкис бошини кўтарди.
— Бу ерда узоқ қолиб кетдик, — деди у хавотир аралаш. — Биласизми, сизни кечирдим. Тушундим. Оилангиз, болаларингиз бор… Ҳаммасини тушундим. Тақдирга тан бердим. Фақат… Кўча-кўйда кўришиб қолсак, терс бурилиб кетвормасангиз бўлди.
— Ўзимнинг ақллигим, — Мадинани қучиб эркалаган бўлди Мухтор. — Раҳмат сенга! Тушунганинг учун раҳмат!
— Раҳмат билан қутулиб бўпсиз! Ота-онам менинг туғилган куним шарафига шоҳона дастурхон тузашган. Сизни олиб келиш учун юборишди. Улар сизни менданам кўра кўпроқ яхши кўришади-да! Туғилган кун сизсиз татимасмиш!.. Ё бормайсизми? Ота-онамнинг илтимосини ерда қолдирасизми?..
— Нега энди? — деди тутилиброқ Мухтор. — Сенинг туғилган кунинг бўлади-ю, бормайманми? Фақат… Унда сен уйингга кира тур, мен дўкондан ул-бул…
— Айтдим-ку, ҳеч нарса керак эмас. Ўша пулларингизни болаларингизга сарфланг! Ҳамма нарса бор. Совғамни бериб бўлдингиз. Юринг!..
* * *
Мухтор таниш подъездга кирганларидан кейин ҳам қаттиқ ҳаяжонланар, Мадинанинг ота-онаси нега ташлаб кетганини сўраб қолса, нима деб жавоб қилишни билмай гаранг эди.
Ниҳоят тўртинчи қаватга чиқишди. Мана шу чапдаги қизғиш темир эшикли квартира Мадиналарники. Эҳ, бу уйга неча марта кириб чиққани ҳам ёдида қолмаган. Чалкашиб кетган. Лекин энг тотли лаҳзаларни шу квартирада ўтказгани ҳануз ёдида. Мадина билан ўтказган ширин лаҳзалар эшикка кўзи тушгач, тағин бағрини кемира бошлади.
— Қани, киринг, яхши йигит, — дея Мухторга йўл бўшатди Мадина эшикни ярим очиб. — Кираверинг, қўрқманг! Уйда бегона йўқ. Фақат ўзимизникилар!..
Мухтор ичкарига кирди. Кетидан Мадина ҳам кириб эшикни тамбалади.
Шу маҳал қаердандир қўлида болта билан Салим ака пайдо бўлди. У юз-кўзи учиб, тишлари ғижирлаб ошхона томон юришга чоғланган Мухторнинг орқасидан яқинлашиб келди-да, бўйни аралаш зарба берди. Мадина буни кутмаган эканми, жонҳолатда ётоққа кирди-да, эшикни ичидан тамбалаб олди…
Мухтор ётган ерида тинимсиз типирчилар, бўйнидан оққан қон полга ёйилиб кетганди…
Салим ака яна бир карра уни болта билан чопди. Шундан кейингина Мухтор жим бўлди.
— Энди катта сумка тайёрла, — деди у қаршисида дағ-дағ титраётган хотинига. — Буни майдалаб ахлатхонага обориб ташлаймиз. Қизимнинг номусини булғаш мана бунақа бўлади…
Тамара хола танасидаги титроқларни тўхтата олмаса-да, қўрқа-писа эри тайинлаган катта сумкани олиб чиқди. Бу орада Салим ака мурдани бўлаклаб улгурганди. Шошилинч бўлакларни сумкага жойлади-да, ташқарига ишора қилди.
— Юр, менга шерик бўласан! Йўқотайлик тезроқ бу ғаламисни!..
ХОТИМА ЎРНИДА:
Эр-хотин мавзенинг четидаги суви лопиллаб оқаётган кўприк орқали ахлатхона тарафга ўтишгач, Салим аканинг фикри ўзгарди. Улар сумка тўла мурда бўлакларини ахлатхона ўртароғига олиб бориб ёқиб юборишди. Кейин эса ўзлари кўнгилли равишда милиция бўлимига бориб қотилликни тан олишди.
Мадина четда қолиши мумкин эди. Лекин Мухторни ўша куни бошлаб келаётганда, қўшнилардан бири кўрган экан. Гувоҳлик беришга чақиришганда, гуллаб қўйди. Шундай қилиб Мадинага ҳам маълум муддатли қамоқ жазоси тайин этилди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|