Машҳур поп қиролининг оиласи ва кўплаб мухлисларининг норозилигига қарамай, яқинда Британия ва АҚШ телевидениеси орқали намойиш қилинган "Неверлендни тарк этиб" (Leaving Neverland) ҳужжатли филми сўнгги йигирма беш йилдан буён қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзуга нуқта қўйди: "Майкл Жексон баччабоз бўлганми?" Филм давомида икки шахс ўзларининг болалик чоғида қўшиқчи улардан қанчалик устомонлик билан ўз ҳирсини қондириш йўлида фойдаланиб келганини иддао қилган.
36 яшар Уэйд Робсон қўшиқчи унинг етти ёшидан бошлаб жинсий таҳқирга тутгани ва 14 ёшида зўрлашга уринганини айтган. 40 яшар Жеймс Сейфчак эса «10 ёшидан 14 ёшига қадар» Жексоннинг жинсий тажовузлари қурбонига айлангани ҳақида ҳикоя қилган. 10 йил муқаддам вафот этган Майкл Жексон ҳозирда ўз шахсига нисбатан кучайган бундай саволлардан, эҳтимол, қутилиб қолгандир, аммо айни дамда бошқа бир муҳим масала ўртага чиқмоқда: мурғак болалар руҳиятини булғаган қўшиқчининг маданий меросига бундан буён қандай муносабатда бўлмоқ лозим? "Тўрт соатлик ҳужжатли филмнинг учинчи дақиқасидаёқ Майкл Жексон мероси шу кундан бошлаб олдингидек бўла олмаслигини англаш мумкин," деб ёзган эди Guardian нашри мухбири жорий йилнинг 24 январь куни АҚШда бўлиб ўтган "Неверлендни тарк этиб" намойишидан сўнг.
Ҳужжатли филмнинг HBO телеканали орқали эфирга узатилиши ортидан Канада ва Янги Зеландиядаги қатор радиостанциялар Жексоннинг қўшиқларини узатмасликка қарор қилганини эълон қилган. Бундан ташқари кўплаб оммавий ахборот воситалари Би-би-сининг радиостанцияларидан бири - Радио 2 - плейлистларидан 24 февралдан буён Майкл Жексон қўшиқлари ғойиб бўлгани ҳақида ёзган, аммо корпорация бу ҳолатни плейлистнинг янги қўшиқлар учун мўлжаллангани билан изоҳлаган. Ҳануз миллионлаб сонли мухлислари борлиги ҳисобга олинса, Майкл Жексон меросидан яқин келажак ичида тамомила воз кечилмаслигини тахмин қилиш мумкин. Аммо муаммо фақат Майкл Жексон шахсиятининг ахлоқ талабларига мос келмаганида эмас. Қўшиқчининг маданий меросидан миллиардлаб доллар фойда кўриб келган тижорий хизматлар тақдири бугун айнан мазкур муаммонинг ечимига боғлиқ бўлиб турибди.
Азалдан буюк ижодкорлик ва шахс ахлоқсизлиги бир-бирига мувофиқ бўлмаган хусусиятлар бўлиб келган. Пушкин ўзининг «Кичик фожиалар» драмаларидан бирини айнан шу мавзуга бағишлаб, шундай хитоб қилади: «Истеъдод ва ёвузлик - бир-бирига мос келмайдиган икки нарса.» Ҳозирда биз даҳо санайдиган айрим тарихий шахслар бугунги кун ахлоқий қолипларига мутлақо мос келмайдиган шахсиятга эга бўлганлар. Масалан, машҳур немис бастакори Рихард Вагнер ва рус ёзувчиси Федор Достоевский ўзининг яҳудийларга қарши нафрати билан ном чиқарган. Бироқ антисемитизм кайфияти уларнинг замонаси учун одатий ҳол ҳисобланган. Вагнер каби буюк истеъдодларнинг яҳудийларга қарши кайфияти вақти келиб, инсоният тарихидаги энг мудҳиш жиноят - Холокостни амалга оширган сиёсий мафкуранинг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилган. Бироқ бугунги кунда бутун дунё, жумладан, яҳудийларнинг ўзи ҳам Вагнер мусиқаларининг буюклигини эътироф этади.
Хўш, инсониятга қарши хавфли ғояларни илгари сурмаган, балки қонун билан жазоланиши шарт бўлган аниқ ва онгли жиноятларга қўл урган Майкл Жексоннинг маданий меросига қандай муносабатда бўлмоқ лозим? Жексон каби поп-мусиқа оламига мансуб буюк продюсер Фил Спектор 2009 йилда актриса Лана Кларксонни ўлдиргани туфайли 19 йилга озодликдан маҳрум этилган. Спектор ҳануз панжара ортида қолмоқда, аммо жамият онгида унинг жинояти ва мусиқий ютуқлари икки турли дунёга ажралиб кетгандек, гўё. Америкалик таниқли ёзувчи Уилям Берроуз шахси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ичкиликбоз, гиёҳванд моддаларга берилган ва ўқотар қуроллар шайдоси бўлмиш Берроуз 1950 йилда Мексикада ўтган базм-жамшидда маст хотинига ҳаммани ҳайратда қолдиришни таклиф қилади. Берроуз рафиқасининг бошига қўйилган стаканни қурол билан пойлашга уринади, лекин ичкилик ва наркотик билан ўтаётган тун ўз кучини кўрсатади - аёл пешонасининг қоқ ўртасидан ўқ еб, шу заҳоти жон таслим қилади.
Қасддан содир этилмаган қотиллик, Мексиканинг «силлиқ» қонунлари ва бадавлат оила шарофати билан Берроуз атиги бир неча ҳафта ҳибсда ўтириш билан жазодан қутилиб қолади: пора ва таниш-билишлар адолатдан устун келади. Мазкур иш қанчалик шов-шувга айланмасин, ҳаттоки, оғир жиноят ҳам Берроузнинг маданий меросига соя сола олмайди. "Майкл Жексон" брендининг машҳурлиги, жозибадорлиги ва тижорий қудрати биз юқорида тилга олган барча шахсларникидан бир неча карра юқоридир.
Эҳтимол унинг номига доғ тушгандир, лекин Майкл Жексонни унутишнинг имкони йўқ. Ҳаттоки, бутун дунё радиостанциялари Майкл Жексон қўшиқларидан воз кечган тақдирда ҳам, у ҳеч қаерга ғойиб бўлмайди. Жаҳондаги юз миллионлаб инсонларда унинг ижод намуналари нусхалари мавжуд. Эндиликда, Жексон шахсияти ва ижодини севиш ёки ундан нафратланиш - ҳар кимнинг ўз шахсий танлови. Ижодкорнинг шахсий ҳаёти ва ижоди бир-бири билан боғланмаган, дейиш - иккиюзламачилик. Шундай экан, биз Жексоннинг афсонавий истеъдоди ва у қўл урган ахлоқсизларни биргаликда қандай ҳазм қилиш тўғрисида ўйлашимиз зарур. Бироқ уни тинглай туриб, гўзал санъат ёвуз инсон яратиғи бўлиши мумкинлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot press24.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|