ЯНГИ МАСКАН ИЗЛАШ АМАЛИ
Ҳозирга қадар Усмоний турклар ўтмиши, кечмиши, тарихи хусусида кўплаб фильмлар яратилган, тарихий мақолалар битилган. Лекин сулоланинг қандай пайдо бўлиши ҳам кўпчиликни қизиқтириши тайин. Шуни ҳисобга олиб, биз ўша олис тарихга сиз билан биргаликда назар ташлашга аҳд қилдик…
Тарихий маълумотларга кўра, 13- асрда, аниқроғи, 1150 йилларда Яқин шарқда "Кайи” туркманлар қабиласи умргузаронлик қилган. Улар Ўрта Осиёдан Яқин Шарққа кўчиб ўтган ҳисобланиб, унга қадар Хоразм шоҳи тасарруфида бўлган. Қабилага Сулаймоншоҳ исмли бий етакчилик қилган. Қабила аъзолари ўша давр талабига кўра кўманчи халқ сифатида ҳаёт кечирган. Қабиланинг тирикчилиги асосан мол-қўй боқиш, бошқа қабилаларга тери, жун ва шу каби маҳсулотларни сотишдан иборат бўлган.
Сулаймоншоҳ етакчилик жараёнида адолат, ҳалолликка алоҳида эътибор қаратарди. Рафиқаси Хайми момо ота-онаси душман тарафидан ўлдирилган, ёки худонинг хоҳиши билан оламдан ўтган болаларни асраб олиб, бошини силарди. Шу сабабли бўлса керак, бу оилани ҳатто қўшни қабиладагилар ҳам жуда севишарди.
Сулаймоншоҳнинг тўрт ўғли бўлган. Улар Сунгур текин, Кунтуғди, Эртуғрул ва Диндар бўлиб, барчалари жанговар муҳитда тарбияланган. Аммо тўрт ўғил орасида Эртуғрулгина ўта жасур, бир сўзли, қатъиятли, тўғри сўз, фақат худодангина қўрқувчи йигит бўлиб улғайган. У сир сақлашда ҳам тенгсиз эди. Бировга бўлар-бўлмас гапларни сўзламасди. Кунтўғди ва Сунгур текин эса ҳийла қўрқоқ, оқимга қарши сузишни хушламасди. Бу феъли кейинчалик душман билан тўқнаш келинган пайтда аниқ кўриниб қолди…
Хуллас, қабиланинг муқим яшаб турган манзилида ойлар ўтиб қурғоқчилик ҳукм сура бошлади. Бундай шароитда тез орада чорва қирилиб кетиши ҳеч гап эмасди. Шундай кунларнинг бирида Сулаймоншоҳ бийлар кенгашини чақирди. Чунки ҳар бир жиддий режа қабиладаги обрўли бийлар кенгашида муҳокама қилинар, биргаликда бир қарорга келинарди. Бийлар Сулаймоншоҳнинг фикрини бир овоздан тасдиқлашди. Ҳаммалари янги манзил қидириб топишга қарор қилишди. Аммо бунинг учун жасур ва кучли жангчи зарур эди. Негаки, ўша даврларда Яқин шарққа бир томондан мўғуллар, иккинчи томондан "крестоносец”, "тамплиер”лар жиддий хавф соларди. Айниқса, насронийлар маҳаллий аҳолини қириш, ўз динини тарғиб қилишда фақат қилич, зўравонликдан фойдаланарди. Бу йўлда ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Сулаймоншоҳ бийлар билан маслаҳатлашиб, янги маскан излаш учун ўғли Эртуғрулни юборишга аҳд қилди. У ёнига ўзига яқин жангчиларнинг бир нечтасини олиб Алеппо амирлигига жўнади. Агар иш ўнгидан келса, бийлар Алеппо амирига янги ер эвазига 2 минг нафар жангчи ҳадя этишни мўлжаллашганди.
Эртуғрул амир билан шахсан учрашиб, қабиладошлари илтимосини етказди ва илтимос қондирилиб, уларга Алеппо яқинидан серўт, серсув манзил ажратилди. Лекин бу манзил ёнбошида қадимий қалъа бўлиб, ичкариси "крестоносец”лар билан лиқ тўла эди. Демак, улар "Кайи” қабиласига бу ерларда яшаш учун изн бермаслиги аниқ эди. Аммо Эртуғрул насроний тўдалар зуғумидан қўрқиб ўтирмади. Шу масканга қабиладошларини олиб келишга астойдил бел боғлади.
"КУРДЎҒЛИ — ХОИН”
Қадимий турк сулоласига яхшилаб назар ташлайдиган бўлсак, хоинлик атамаси жуда кўп учрайди. Деярли барча даврларда қаҳрамонлар билан бир қаторда хоинлар албатта яшаган. Ачинарлиси, улар бегона эмас, қаҳрамонларнинг яқин қондош, жондош, тобуткашларидир.
Усмонийлар сулоласининг асл негизи, пойдевори ҳисобланмиш Эртўғрул бий даврида унинг амакиси, отаси Сулаймоншоҳнинг ягона укаси, жигари Курдўғли бий ўз исқирт ишларини хуфиёна тарзда амалга ошириб, акасини "Кайи” қабиласи етакчилигидан четлатиш, унинг ўрнига Эртуғрулнинг акаси Кунтуғмишни тахтга ўтқазиш ҳаракатида бўлган. Режаси бўйича, агар Кунтуғди қабила етакчисига айланса, барибир асосий рол Курдўғли зиммасида бўлиши лозим эди. Негаки, Кунтуғдининг феълини болалигидан яхши биларди. Бу алп кўнгилчан, анчагина қўрқоқ, оқимга қарши сузишни хуш кўрмайдиганлар хилидан эди. Лекин Курдўғли бу ҳаракатларни ёлғизликда амалга оширмади. У Кунтуғдининг рафиқаси, Сулаймоншоҳнинг асранди қизи Сейжан ёрдамида иш олиб борди. Сейжан ҳам Сулаймоншоҳга бир гап бўлса, тахтни Эртуғрул эгаллаб қўйишидан қўрқарди. Шу сабабли амакининг таклифларини бажонидил қабул қилиб, қўлидан келганча унга ёрдам қўлини чўзди…
"Кўза кунда эмас, кунида синади”, деганларидек, Курдўғли ифлос ишларини охирига етказа олмади. Улгурмади. Сезиб қолишди. Шубҳасиз, Эртуғрул ўзининг зийраклиги боис амакисининг чиркин ҳаракатларини ўз вақтида англаб, бу ҳақда отаси Сулаймоншоҳга маълум қилди. Сулаймоншоҳ дарҳол бийлар кенгашини чорлаб, масалани кўндаланг қўйди. Кенгаш иштирокчилари бир овоздан Курдўғли қатл этилиши лозимлигини талаб қилди. Қатлни барчанинг кўз ўнгида Эртуғрул ижро этди. Шундай қилиб, "Кайи” қабиласи ўта хавфли сотқиндан халос бўлди.
ҲАЛИМА
Бу аёлнинг номи тарих зарварақларининг тўридан ўрин эгаллаган. Чунки айнан Ҳалима Эртуғрулга бир умр ишончли ҳамроҳ, ҳаммаслаҳат, ҳамдард ва садоқатли ёр бўлиб қолди. Лекин бу аёл қаердан пайдо бўлганди?..
Маълумингизким, "Кайи” қабиласи умргузаронлик қилган ерлар, Яқин Шарқдаги кўплаб қабилалар Коньяни ўз пойтахтига айлантирган салжуқийлар султонлигига тегишли бўлган. Демак, қабилалар ҳам салжуқийлар султони Оловиддин Кайқубодга итоат этган.
Кунларнинг бирида салжуқийлар султонлиги шаҳзодаларидан бири ўз қондошлари тарафидан таъқиб остига олинди. Ўша даврда ҳам салжуқийлар султонлигида тахт эгасининг қолган ака-укаларини қатл этиш доирасидаги қонун мавжуд эди. Яъни, гўёки давлат тинчлигини асраш мақсадида тахтга ўтирган султон ака-укаларини оммавий тарзда қатл этиши шарт эди. Ҳалиманинг отаси ҳали вояга етмаган ўғли Йигитали ва қизини ёнига олиб ишончли одамлар кўмагида қатлдан қочишга муяссар бўлди. Бахтга қарши йўлда улар "крестоносец”лар ҳужумига учрашди. Эслатиб ўтамиз, "крестоносец”лар европалик насронийлар рицарлари саналиб, мусулмонларга қарши шафқатсиз жанг олиб борган. Аста-секинлик билан бўлса-да, ўз ҳудудларини кенгайтириш ҳаракатида бўлган. Худди ўшалар шаҳзода ва фарзандларини қўлга олди. Улар салжуқийлар султонлигида шаҳзодаларга қарши ҳаракатлар бошланганидан жуда яхши хабардор эдилар. Шу сабабли шаҳзодани амалдаги султон Оловиддин Кайқубоднинг қўлига топшириб, эвазига катта пул ёки маълум ҳажмга эга ҳудудни ҳадя сифатида олишни мўлжаллашганди. Қаттиқ адашишибди. Эртуғрул ўша куни жанговар дўстлари Тургут, Бомси билан бирга ўрмонда ов қилаётганди. Шаҳзода ўтирган фойтун ва "крестоносец”ларни кўриб қолди. Шаҳзода ва фарзандлари асирда эканини дарров илғади. Уч ўғлон насронийларга ташланиб, тез фурсатда шаҳзода ва болаларини озод этишди. Эртуғрул шаҳзодани қабилага келтириб, бу ҳақда отаси Сулаймоншоҳга тушунтирди. "Кайи” қабиласи одати бўйича келган меҳмон уч кунга қадар эъзозда бўларди. Агар меҳмон ярадор бўлса, то тузалиб кетмагунча кетишга рухсат беришмасди. Бундан ташқари, меҳмон ким бўлишидан қатъи назар кимдир уни таъқиб этаётган бўлса, сотиш, таъқиб қилаётган кимсага меҳмонни топшириш тақиқланарди. Шаҳзода оғир яраланган экан. Уни қабила табиби даволай бошлади.
Орадан маълум вақт ўтгач эса Эртуғрул ва Ҳалима ўртасида муҳаббатга ўхшаш сирли, қайноқ туйғу пайдо бўлди.
Ажойиб кунларнинг бирида улар турмуш қуришди. Бахтга қарши кейинчалик Ҳалиманинг отаси ва укаси ёмонлар қўлида ҳалок бўлди.
ЭРТУҒРУЛ ВА "КРЕСТОНОСЕЦ”ЛАР
Эртуғрул тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у ўз даврининг ҳар жиҳатдан мукаммал шахси ҳисобланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. У 1150 йилларда авжи алп сифатида кучга тўлган, курашиб, савашиб тўймайдиган ёшга етган. Қолаверса, нафақат Сулаймоншоҳ етакчилигидаги "Кайи” қабиласида, балки минглаб километрлар радиусдаги ҳудудларда ҳам Эртуғрулга етадиган жангчи йўқ эди. У қўл жанги, қиличбозлик, найзабозлик, камондан отиш каби жанг санъатларини мукаммал эгаллаган, билагидаги куч ҳам ўша санъатни қойилмақом кўринишда намойиш этиш учун етарли эди.
Эртуғрулнинг армияси дастлаб тўрт-беш кишидангина иборат бўлган. Буни кейинчалик Коньядаги салжуқийлар султони Оловиддин Кайқубод ҳам ҳазил аралаш таъкидлаб ўтганди.
— Эртуғрул, — деганди султон барча вазир-у уламолар қаршисида. — Тўрт-беш аскардан иборат армияси билан султонларнинг бутун бошли қўшини забт эта олмаган Қоражахисар қалъаси, Хонли бозорни эгаллаб, мана, бизга ҳам қўлга киритилган олтинлардан улуш келтирибди!..
Ҳақиқатан, Эртуғрул "крестоносец”лар билан Алеппо яқинидалик пайтидаёқ илк бор тўқнаш келганди. Бунга қадар Эртуғрул жасур, енгилмас, кучли ва моҳир алп сифатида дунёнинг деярли ярмига танилиб улгурган. Ҳатто, кейинчалик Чингизхон авлодлари ҳам Эртуғрулни енгиш, синдириш, у эгалик қилиб турган ҳудудларни ўзлаштириш ниятида бутун бошли армия йўллашдан тийилмаган. Бу ҳақда кейинги қисмларда алоҳида тўхталиб ўтсак бўлади. Гап ҳозир "крестоносец”лар, ўша давр насронийлари ҳақида кетаркан, улар мусулмонлар жойлашган давлатларга кириб келиб, бутун бошли қалъалар, шаҳарларни босиб олишган, насронийлар дунёга етакчилик қилишини исташган. Алеппо яқинидаги мустаҳкам қалъада ҳам "крестоносец”ларнинг бутун бошли қўшини жангга шай турар, ҳар куни алоҳида отрядлар чиқиб кетиб қайсидир ҳудудларни босиб олиш, аҳолини қақшатиш, борини талаш билан шуғулланарди. Насронийлар рицарлари ўз мақсади йўлида маҳлуқдан баттар эди. Раҳм-шафқат нелигини билишмасди. Тан олиш керак, "крестоносец”ларнинг рицарлари жанг санъатини мукаммал эгаллашда Эртуғрул кабилардан сира қолишмасди. Шу сабабли рицарлар асосан қўшинларга командир этиб тайинланарди.
Эртуғрул Алеппо яқинида дастлаб Титус исмли насронийлар рицарига рўбарў бўлди. Титус озғиндан келган, турк тилини яхши ўзлаштирган, чайир, уддабурон, қайтмас, совуққон, шафқатсиз ва ўта ёқимсиз характерга эга эди.
Илк тўқнашувда Эртуғрулнинг ўзига нисбатан ҳар жиҳатдан кучлилигини Титус тан олди. Шунинг учун унга қарши кўпчилик бўлиб жанг қилиш керак деган тўхтамга келди. Шу ниятда кўп бор уриниб кўрди. Барибир фойдаси бўлмади. Ҳар гал Титуснинг аскарларигина ўлим топди. Эртуғрулни синдира олмади, қабиласини эгаллаб ола билмади.
Юқорида таъкидланганидек, Эртуғрулнинг армияси асосан тўрт-беш кишидан иборат эди. Уларнинг бири Бомси. Барваста, бир ўтиришда битта қўйни паққос тушириб, кекира-кекира кетаверадиган, ўта кучли эмоцияга эга йигит. У икки қўлида иккита қилич тутган ҳолда жанг қилишни хуш кўрарди. Бу Бомсининг жанг усули эди.
Тургут. У ҳам Бомси каби барваста, жиддий қиёфали, феъли жуда тор, аммо жасур йигит. Тургут асосан қўлига вазни 20 килоча келадиган болта тутган ҳолда душманга қарши курашарди. Болтани отса, эллик метр наридаги душман аскарини бехато қулата оларди. Учинчи алп —Сомса. У паст бўйли, аммо жуда абжир ва чайир, қиличбозликда унга тенг келадигани топилмасди. Дўған. Бу йигит ҳам ҳали шериклари каби уйланмаган, айни кучга тўлган, моҳир, уддабурон, кучли жангчи эди. Унинг ўзига хос фазилати шунда эдики, Дўған душманга калла солишни ёқтирарди. Бир марта калла солса, тамом, душман тил тортмай ўларди.
Худди шу беш кишилик армия билан Эртуғрул насроний босқинчиларига қарши узоқ вақт кураш олиб борди. Бахтга қарши уларни тўлиқ забт этишнинг имкони топила қолмади. Шунда у айёрона усулни қўллашга аҳд қилди. Яъни, насронийлар жойлашиб олган мустаҳкам қалъанинг яширин йўлини топди. Бу йўл орқали насронийларга қурол, от, емиш ташиларди. Йўл фақат ўзларигагина маълум эди. Агар шу йўл орқали ичкарига кириб борилса, насронийлар отрядлари аросатда қолиши ва кутилмаган ҳужумлар туфайли ўлим топиши аниқ эди. Эртуғрул сўнгги жангга қабиладаги бор қўшинини жалб этди ва ниҳоят айёрона усул ўз самарасини берди. Қалъа эгалланди. "Крестоносец”лар отрядлари ўлим топди. Фақат уларнинг дала командири, Эртуғрулнинг биринчи рақамли душмани Титус қочиб кетди. Эртуғрул барибир кўнглига тугиб қўйди. Бир кунмас бир кун Титус албатта қўлга тушишига ишонди. Чунки Титус шунчаки қўрққанидан қочмаган, балки Эрон тарафларга ўтиб янги қўшин тўплаш ниятида йўлга чиққанини, бир кун албатта ортга қайтиб Эртуғрул армиясига ҳужум йўллаш нияти борлигини биларди.
ЧИНГИЗХОН ИСТИЛОСИ
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Чингизхон етакчилигидаги мўғул истилочилари 1200 йилнинг ўзидаёқ Ўрта Осиё, Яқин Шарқдаги бир қатор йирик шаҳарлар, жумладан, Ироқ, Хоразм ва ҳоказоларни эгаллаб, ҳозирги Туркия заминига кўз олайтира бошлашган. Бу заминга эса Ноян исмли дала командири етакчилигидаги мўғуллар армияси кириб келган. Мўғуллар ҳеч қачон душманга камчилик аскар билан ҳужум уюштирмаган. Уларнинг душманни чўчитиш учун ўйлаб топган ув тортишлари, сувараклар каби ёпирилган ҳолда ҳужумга ўтишлари ўзига хос кўринишга эга эди. Мўғуллар асосан шу усуллар ёрдамида кўз остига олган ерларни забт этар, ўта шафқатсизларча йўл тутарди. Масалан, 1229 йили Хоразмга қилган юриши давомида ҳам худди Чингизхон тайинлаганидек, аҳолини ёппасига қириш орқали ичкарилаб боргани ҳақида тарихчилар алоҳида тўхталиб ўтган.
Хуллас, ўша даврда Мўғулистонни Чингизхоннинг тўнғич ўғли Угэдэй бошқарган. У дунёга отасидан-да бешбаттар шафқатсиз, бундан ташқари, пиёниста сифатида алоҳида машҳур бўлган. Лекин ақли, давлатни бошқариш имкониятларининг чеки йўқ эди. Мана, энди Эртуғрул худди шу мўғулларга қарши курашга отланди. Хўш, қандай? Қай сабаб билан? Тарих саҳифаларида битилишича, кунларнинг бирида Эртуғрул энг кучли ва ишончли жангчилари билан кетаётиб узоқда икки армиянинг жанг қилаётганини кўриб қолди. Бу ерда салжуқийлар султони Оловиддин Кайқубоднинг аскарлари мўғул истилочиларига қарши курашаётганди. Эртўғрул билдики, султон армияси ожизлик қилмоқда. Агар шу тахлит қараб турса, султон жангчилари қирилиб кетади. Эртуғрул ўйлаб ўтирмай, мўғулларга ҳужум қилди. Кўрибсизки, Бомси, Тургут, Сомса, Дўған каби жангчилар ва кичик армия мўғулларни қириб ташлади. Омон қолганлари қочишга мажбур бўлди. Ана шундан кейин мўғуллар Эртуғрул ҳақида тўлиқ маълумот тўплаб, уни қандай бўлмасин йўқ қилиш пайига тушди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, мўғул аскарлари сувараклар каби ёппасига ҳужум қилиш усулини қўллаган ҳолда жанг олиб борарди. Ажойиб кунларнинг бирида улар Эртуғрулнинг ёлғиз отда кетаётгани ҳақида хабар топишди-ю, тахминан юз-юз эллик киши баравар унга ташланди. Эртуғрул моҳирликда, кучлиликда, абжирлик ва тажрибада тенгсиз эди. Бироқ ёлғизлиги панд берди. Мўғуллар унинг қўл-оёқларини бойлаб, отга судраклатганча Угэдэйнинг ишонган дала командири Ноян ҳузурига олиб боришди…
Бу учрашувни ўта совуққон, барваста, шафқатсиз, нигоҳлари муз каби ёқимсиз, ҳатто, ўлимга-да тик боқа оладиган, қийноқларни масхарали кулиш ёрдамида енга биладиган Ноян узоқ кутганди. Эртуғрул юзлаб аскарларини ўлдириб юбориши, мўғулларга тан бермаслиги, ўлпон тўламаслиги, оёғини ўпмаслиги Ноянга жуда-жуда алам қилганди. Шу сабабли Эртуғрулдек лашкарбошини осонликча ўлдириб юбориш фикридан йироқ бўлди. Уни қийноққа сола бошлади. Шубҳасиз, Эртуғрул ҳам сабр-тоқатда, чайирлик, чидамлилик, совуққонликда Нояндан сира қолишмасди. Шахсан мўғуллар дала командирининг ўзи кафтини олдиндан ўрнатилган бақувват тахтага қўйиб, мих қоқишига ҳам чидади, бардош қилди. Сир бой беришни, ўзини мўғул босқинчилари қаршисида ожиз кўрсатишни хоҳламади…
Ноян михни Эртуғрулнинг айнан қилич тутадиган чап кафтига қоққанди. Ана энди ҳеч қачон қўлига қилич ололмаслигига ишонганди. Ўласи қилиб калтакланган, калтаклар таъсирида эзилган, жуда абгор аҳволга келиб қолган, кафтига мих қоқилгач, ҳушини йўқотган Эртуғрулни отига ортишди-ю, қабиласига жўнатиб юборишди…
Ҳақиқий ботир, қаҳрамон ва жасур жангчини бу тахлит қийноқлар синдира олмаслиги Эртуғрул мисолида ўз аксини топди. У табиблар кўмагида узоқ вақт даволаниб, ниҳоят мих қоқилган қўлини ишлашга, қимирлашга мажбур эта олди. Бунга қадар уни ҳатто акаси Кунтуғди ҳам жангчилар сафидан ўчириб улгурганди. Ҳеч ким Эртуғрул яна қўлига қилич олиши, жангга отланишини тасаввур эта олмаганди. У ўзининг енгилмаслигини исботлади. Темирчи амакиси Далли Дамир ота Эртуғрул учун сунъий протез ясади. Шубҳасиз, протез темирдан ясалган, уни кийса, бас, қилич тутишга-да ҳожат қолмасди. Негаки, бир марта душманга шу протез билан зарба берса бўлди, ўлим топмай қолмасди. Аммо Эртуғрул протез кўмагида қилич тутишни, қилич билан жанг қилишни бошқатдан ўзлаштириш пайида бўлди ва мақсадига етди…
Нояндан эса барибир ўч олди. Тўғри, бу кунни узоқ кутди. Ноян ҳадеганда тутқич бера қолмади. Лекин қисматдан қочиб қутулиб бўлмайди. Кунларнинг бирида Эртуғрул ўз қўллари билан мўғуллар дала командирини тутди. Биринчи қилган иши эса мўғул Нояннинг кафтига мих қоқишдан иборат бўлди. Ҳар ҳолда қонга қон, жонга жон-да! Мих жазоси якун топгач, турли йўллар билан қийноққа солди. Қийноқлар то Нояннинг ўзи ёлвориб ўлдиришини сўрамагунча давом этди. Кейин эса босқинчи, қонхўр ва худо қарғаган Ноянни яна ўз қўли билан ўлдирди. Шундай қилиб "Қайли” қабиласи мўғуллар босқинидан халос этилди.
ИБН АЛЬ-АРАБИЙ
Аввало шуни айтиб ўтиш жоизки, шу кунларда Туркиянинг «ТРТ-1» телеканали орқали усмонийлар сулоласига пойдевор қўйган, ўз даврининг енгилмас жангчиси, адолатли лашкарбошиси ва вафодор ёр, ота-онасининг фахри, қабиладошларининг идеали, дўстларнинг жони дили Эртуғрулбей ҳақидаги кўп серияли ўткир сюжетли фильмнинг сўнгги сериялари намойиш этилмоқда. Яна шуни алоҳида таъкидлаймизки, Туркия киноижодкорлари тарафидан яратилган «Кўсем султон империяси», «Муҳташам юз йил», «Эртуғрул» фильмларини мамлакат президенти Ражап Тойип Эрдўған шахсан ҳомийлигига олган. Бош ролларга ҳам айнан унга ёққан актёр, актрисалар танлаб олинган. Қолаверса, президент ушбу фильмларда нафақат усмоний туркларнинг ғалабалари, ижобий хислатлари, балки, камчилик-нуқсонлари, кечириб бўлмайдиган хатоликларига ҳам алоҳида урғу беришни режиссёрлардан талаб қилган. Бу талаб ижросини фильмларни томоша қилганлар албатта илғаб олишади.
Ана энди яна «Эртуғрул» фильмига қайтамиз. Бу фильм ижодкорлари, аниқроғи, режиссёрлари деярли кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайдиган, тушида ҳам кўрмайдиган ўта нозик ва кичик масалага эътибор қаратишган. Худди шу нарса фильмнинг рейтингини ҳам, таъсир кучини ҳам бир неча юз баробарга оширган, десак, муболаға бўлмайди. Бу фильм учун ўйлаб топилган Ибн-Аль-Арабий персонажидир. Аслида бу персонаж ҳақиқатан ўйлаб топилган. Ҳаётда бўлмаган. Шундай экан, нимага айнан «Эртуғрул» фильми учун бу образ танланди, ўйлаб топилди.
Режиссёрлар биринчи навбатда Аль Арабий образи орқали томошабинларга Оллоҳнинг қудратини қисман бўлса-да, намойиш этишга ҳаракат қилишган. Яъни, Арабий бу ерда Эртуғрулнинг қўриқчи фариштаси сифатида майдонга чиққан. Тўғри, образ драматизациялаштирилган. Худди бошқа қаҳрамонлар каби атрофдагилар билан мулоқот қилади, хурсанд бўлади, қайғуради, ранжийди. Лекин аслида у Эртуғрулнинг қўриқчи фариштаси. Шу сабабли Эртуғрул қаерда оғир аҳволга тушса, албатта Аль-Арабий ҳозир-у нозир. Жуда олисда бўлса ҳам Эртуғрулнинг ҳар бир ҳаракати, сўзлаган сўзлари кўз олдидан ўтиб туради. Арабийнинг қўриқчи фаришта эканини Эртуғрул мўғуллар дала командири Ноян, тамплиерлар, «крестоносец»ларга қарши кураши жараёнида, қийноққа олинган чоғидан билиб олиш қийин эмас. Тийрак нигоҳ билан кузатган томошабин албатта буни илғай олади.
Бундан ташқари, Оллоҳнинг қудрати яна бир мисолда ўз аксини топган. Шубҳасиз, бу мисол ҳам баъзиларни беэътибор қолдириши мумкин. Шуни ҳисобга олиб биз бу мавзуга чуқурроқ ёндошамиз.
УСМОНИЙЛАРНИНГ БЕНИКОҲ ТУҒИЛГАН АВЛОДЛАРИ
Тарихий материалларга назар ташласак, архивларни титкилаб кўрсак, усмоний туркларнинг яна бир номақбул, кечирилмас гуноҳга йўл қўйганига гувоҳ бўламиз. Ҳатто, Эртуғрулдек ҳалол, пок отанинг тарбиясини олган Усмон Ғози-1 ҳам империя тузгач, ўзи учун ҳарам ташкиллаштирган. Ишончли одамлар подшо учун дунёнинг турли бурчакларидан насроний, католик дини вакиллари бўлмиш қизларни ҳарамга зўрлик билан олиб келишган. Подшога «ҳарам она» лавозимининг эгаси деярли ҳар куни қизларнинг энг гўзалларини ажратиб тайёрлаган. Қолган қизлар эса турли фойда келтирувчи ишларга жалб этилган. Ҳарамдаги қизларнинг барчасига мажбурий тарзда турк тили ўргатилган. Подшо эса никоҳсиз ўша насроний дини вакиласи билан ишрат қилган. Шундай зинога қўл уриб ҳам беш вақт намоз ўқишда давом этган. Тунда хуфтон намози пайтида жойнамоз устига ўтириб худодан яхшиликлар сўраган, тавба қилган. Лекин намоздан сўнг яна зинога йўл қўйган. Ёки бомдод намозини эрта тонгда ўқиб бўлгач, бегуноҳ бандаларнинг бошини танасидан жудо этган. Ачинарлиси, усмонийлар сулоласига тегишли подшолардан дунёга келган фарзандлар ҳароми бўлишига қарамай, олий зотли ҳисобланган. Тили чиққанданоқ сарой аҳлидан тортиб, мамлакатдаги фуқароларгача «қулларим» дейишдан тийилишмаган. Шунинг учун бўлса керак, усмоний турклар сулоласи 20- аср бошларига келиб инқирозга юз тутди. Бу кечирилмас гуноҳларнинг, адолатсизликларнинг интиҳоси бўлса ажаб эрмас.
Ана, энди режиссёрларнинг фантазиясига, диний билимга озми-кўпми эга эканига эътибор қаратинг. Эртуғрулга нега худойимнинг ўзи тенгсиз омадлар ҳадя этди? Гарчи энг қалтис йўлларни босиб ўтса-да, эртаси порлоқ кечди? Империя учун пойдевор ҳозирлади? Кўплаб ҳудудларни забт этиб, ўша масканларда адолат тарозисини ўрнатди? Чунки худо барчасини кўргувчи, эшитгувчи, англагувчидир. Эртуғрул шу қадар кучли билакларга, таъсирга, қудратга эга бўлишига қарамай, Оллоҳнинг ғазаби келадиган ҳаракатларни содир этмади. Ҳатто, Хонли бозорни забт этиш арафасида татарлар қабиласи бошлиғи ўз қизини Эртуғрулга иккинчи хотин қилиб беришни истаганда, буни очиқдан-очиқ айтганда ҳам эътиқодидан воз кечмади. Ҳалимадек севгилиси, жуфти ҳалолига хиёнат қилишни хоҳламади. Зинодан тийилди. Тўқсондан ошгунга қадар умр кечириб ҳам бировдан пора олмади, ўзи учун ҳарам ташкил этиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Ҳамиша адолат тарафдори бўлди. Адолатсизлик қурбони бўлишга доим тайёр турди. Ана шунинг учун ҳам Яратган эгам Эртуғрулни балолардан соғ-омон олиб чиқди. Бу иш албатта унинг қўриқчи фариштаси Аль-Арабий илтижолари натижасида амалга оширилди. Оллоҳим Эртуғрул ва Аль-Арабий сиймосида адолат, ҳақиқат қанчалар қудратли эканини бандаларга кўрсатиб қўйди.
Илойим, биз бандаларини ҳам тўғри йўлдан адаштирмасин! Ҳамиша худойимнинг назарида бўлиш барчамизга насиб этсин! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|