Бу воқеага анча бўлган бўлса-да, ҳануз эсимдан чиқмайди. Чунки ўша кунги воқеалар хотираларимни ағдар-тўнтар қилиб юборганди.
Хуллас, ўқишдан таътил олгач, қишлоққа ошиқдим. Ота-онамни, қариндошларимни ва Дилоромни қаттиқ соғингандим. Дилором билан мактабда бирга ўқигандик. Унинг чақноқ кўзлари, билими, зукколиги эс-ҳушимни ўғирлаб қўйганди. Ўқишга киргунимга қадар унга совчи жўнатмоқчи эдим, аммо орада онамнинг тоби қочиб қолгани учун бу ишни кейинроққа қолдирдик. Ўқишга кирганимдан кейин эса совчи жўнатиш янада кейинга сурилди.
Биринчи курсни тамомлаб, қишлоққа қайтаётган вақтимда жуда хурсанд эдим. Чунки анчадан бери режалаштириб юрган ишимни қилмоқчи, Дилоромга совчи жўнатиб, ўзим яхши кўрган, қалбимни забт этган маликага эришмоқчи бўлгандим. Шу ниятда, кечки овқат маҳали онамга Дилором ҳақида оғиз очдим. Аммо онамнинг:
— Дилором аллақачон бошқа хонадоннинг келини бўлган, — деган жавобини эшитиб, карахт бўлиб қолдим.
— Нима?! Ахир бу бўлиши мумкин эмас! Биз аҳду паймон қилгандик-ку, ҳамма нарса ҳал бўлганди-ку!
— Тўғри, лекин қиз шўрлик ота-онасининг раъйини қайтара олмади, шекилли, шунга мажбур бўлди.
— Ота-онасининг раъйини? Онаси рози эди-ку! Отасиям…
— Отаси бир ўртоғи билан аҳдлашиб қўйган экан. Онаси совчилар ҳақида оғиз очганида "Қизим оғайнимга келин бўлади, бошқа гапга ўрин йўқ!” дебди. Ботир акани биласан, айтган гапида турадиган одам. Эрининг характерини билган Барно опа ҳеч нарса дея олмабди. Ўз-ўзидан Дилором ҳам тақдирга тан берди. Шунақа гаплар, болам…
Биров миямга гурзи билан туширгандек кўз олдим қоронғилашиб кетди. Не-не умидлар билан келгандим, аммо бир лаҳзада барча орзуларим чилпарчин бўлган, бу менга қаттиқ таъсир қилганди. Аҳволимни тушунган онам эса:
— Болам, сиқилма, инсон пешонасига ёзилганидан қочиб қутула олмайди, ҳали бахтингни топасан, — деди.
— У қаерда?
— Дилоромми?
— Ҳа, — дедим бошимни кўтариб.
— Қўшни туманга келин бўлиб тушган, — онам шундай деди-ю, кўзларини катта-катта очиб қўшиб қўйди:
— Яна бирорта аҳмоқлик қилиб юрма, у энди оилали.
— Хавотир олманг.
Эртаси куни оғайниларим чақиришди. Ташқарига чиқмоқчи эмасдим, онам қўймади:
— Чиқ, болам, уйда ич-этингни еб ётаверасанми? Ҳарна чалғийсан, ҳам оғайниларинг нотўғри тушунишади. Бу шаҳарда ўқиб, бизни менсимай қолибди, деб ўйлашмасин.
Онамнинг раъйини қайтармаслик учун кўчага чиқдим. Оғайниларимдан бири машина олган экан. Биз тўғри шу оғайнимизнинг уйига йўл олдик.
Ўзимни чалғитишга қанчалик уринмай, бунинг уддасидан чиқа олмасдим. Қалбимни тўлдириб турган туйғулар бирданига саробга айлангани учун карахт аҳволга тушиб қолгандим. Нима қиларимни, қалбимни кемираётган изтиробдан қандай қутулишни билмасдим.
— Тинчликми, Комил, нима гап? — миқ этмай ўтирганимни кўриб, сўради Даврон. — Келганингдан бери кузатаман, қовоғингни очмайсан.
— Дилоромни ўйлаяпсанми? — гапга қўшилди Сарвар. — Қўйсанг-чи, йигит киши битта қиз учун оҳ-воҳ қилиб юрмаслиги керак. Айниқса, у сени ташлаб кетса.
Сарвар гапи менга ёқмаганини сезди, шекилли, тушунтирган бўлди:
— Нима, ҳозир у ҳам мени ўйлаб, изтироб чекяпти, деб ўйлаяпсанми? Адашасан, оғайни. Дилором ҳозир маза қилиб яшаб юргандир. Эриям унча-мунча одам эмас, Дамир бойвачча. Ботир акаям бежизга қуда бўлмади оғайниси билан. Шунинг учун, менинг гапимга хафа бўлма-да, ўзингга керакли хулосани чиқар. Дилором сени аллақачон унутиб юборган, Дамирнинг қасрида ялло қилиб юрибди. Сен бўлсанг бу ерда шумшайиб ўтирибсан. Бу адолатдан эмас!
— Келинглар, бошқа нарсалар ҳақида гаплашайлик, — дея гапни бошқа мавзуга бурди Даврон. — Сарвар, кечаги ўйинда ким ютди?
— Ким бўларди, албатта, бизнинг ўйинчилар-да…
Менга Сарварнинг гаплари қаттиқ таъсир қилиб: "Дилором ростдан ҳам мени унутиб юборганмикин? Ҳа, унутган. Мана, Сарвар у қасрда яшаяпти, деди-ку! Ҳамма нарсаси етарли, егани олдида, емагани ортида. Шундай экан, мени бошига урадими? Қолаверса, мен унга ўшандай шоҳона ҳаёт ҳадя қила олармидим? Йўқ. Демак, мен ҳам уни унутишим керак”, деган хаёлга бордим.
Ўша куни тун ярмидан оққунча ўтирдик. Бир амаллаб кўнглимдаги изтиробларни бир четга улоқтириб ташлаб, оғайниларим билан суҳбатга киришиб кетганлигим учун вақт ўтганини ҳам сезмай қолибман.
— Энди мен борай, — дедим соат тунги ўн иккидан ўтганини билганимдан кейин. — Кеч бўлиб қолди, уйдагилар хавотир олиб ўтирган бўлишмасин.
— Шошма, биз ҳам кетамиз, — дея ўрнидан қўзғалди бошқа оғайниларим ҳам.
Ташқарига чиқиб, оёқ кийимимни киярканман, Сафар ортимдан эргашди:
— Комил, сени уйингга ташлаб қўяман.
— Йўғ-э, шарт эмас, икки қадам-ку! Жарликни кесиб ўтсам, тамом, уйим. Шунгаям энди машинангни овора қилиб ўтирасанми?
— Ҳамма гап ўша жарда. Қўрқмайсанми?
— Одамни мазах қиляпсанми? Нима, мен сенга ёш боламидим қўрқадиган?
— Ўзинг биласан. Қара, кейин мендан ўпкалаб юрма.
Кўчага чиққанимда атроф зим-зиё эди. Аксига олиб, ҳамма уйнинг чироқлари ўчганди. Бир кўнглим жарликдан юрмай, айланиб борсамми, деб ҳам ўйладим. Аммо кейин қўрққаним учун ўзимни ўзим койидим.
Жарликка тушганимда қанчалик хотиржам бўлишга уринмай, юрак уришим тезлашиб кетди. Миямга ҳар балолар келаверди. Хаёлимда худди дарахтлар ортидан нимадир чиқиб келиб, менга ташланадигандек эди. Бир амаллаб жарликнинг ярмини босиб ўтдим. Жарликдан олиб чиқувчи йўлга яқинлашганимда эса кўзимга оппоқ либос кийган қиз кўрингандек бўлди. У мендан хийла узоқроқда бошини эгиб турарди. Кўзимни ишқалаб, бошқатдан қараганимда уни яққолроқ кўрдим, бу Дилором эди. У менга қараганида эса қўрқиб кетганимдан ҳушимни йўқотибман…
Кўзимни очганимда шифохонада ётардим. Онам тепамда гирдикапалак бўлар, отамнинг эса пешонаси терлаб кетган, нуқул уф тортарди. Ўзимга келганимни кўриб, икковлари ҳам қувониб кетишди. Онам:
— Хайрият, сендан айрилиб қолдимми деб қўрқдим, болам! Нега ўша жарликдан юрдинг, гапир, нега ярим кечгача қолиб кетдинг?! — дея уришиб берди.
— Бўлди қил! — онамни койиди отам. — Мана, ўзига келди-ку! Хайрият!
Жавоб беришга мадорим етмади. Онамнинг ёнида турган ҳамшира эса мендан, аслида, нима бўлганини сўради.
— Жарликда Дилоромни кўрдим, — дедим зўрға. — У оппоқ либосда турганди.
Онам отамга маъноли қараб қўйди.
— Нима гап? Бирор нима бўлдими? — сўрадим бу ерда бир гап борлигини сезиб.
— Кеча кечаси Дилором оламдан ўтибди!
— Нима?!
— Эшитишимизча, эри маст бўлиб келиб, бўғиб ўлдириб қўйганмиш!
Онамнинг бошқа гапларини эшитмадим. Кўз олдимга оппоқ либосда бошини эгиб турган Дилором келди. Яна шуни англадимки, бойлик бахт келтирмас экан!
Таътил тугагандан кейин яна шаҳарга қайтдим. Ўқишни битириб, уйландим. Ҳозир шириндан-шакар фарзандларнинг отасиман. Аммо, барибир, Дилоромни унута олганим йўқ! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|