Forbes нашри АҚШнинг Жоржия университети мутахассислари тадқиқотига таяниб, қуёшда қизиган автомобил коронавирус штаммлари учун "ўлим камераси”га айланишини маълум қилди, деб ёзмоқда kun. Шу жиҳатдан у жуда самарадор ҳисобланади ҳамда сарф-харажатлар талаб қилмайди.
Нашрда таъкидланишича, коронавирус мавжуд бўлган сирт ёки газсимон муҳит 55 даражагача қизиганда, вирус унда 20 дақиқа ичида 99,99 фоизга, агар ҳарорат 65 даражагача ошса, 5 дақиқада ўлади.
Атроф-муҳит ҳарорати Цельсий бўйича 27 даража бўлганда автомобил салони тахминан бир соатда 50 даражагача қизийди. Автомобил ташқарисида ҳарорат қанчалик юқори бўлса, унинг салонидаги ҳарорат ҳам шунчалик юқори бўлади. Салондаги ҳарорат машина қуёшда қанчалик узоқ қолишига ҳам боғлиқ.
Тадқиқотга кўра, автомобилда қуёшли кунда қолиб кетган ҳимоя ниқоби ёки қўлқоп учун қайғурмаса ҳам бўлади, чунки салондаги вирус юқори ҳарорат билан йўқ қилинади. Бундан келиб чиқадики, ушбу ҳимоя воситаларини машинанинг қуёш яхши тушадиган қисмлари – асбоблар панелида, олд ўриндиқда ёки орқадаги токчада қолдирган маъқулроқ бўлади.