— "Менинг ҳам бошқалар каби севимли умр йўлдошим бор эди. — дейди волгоградлик Ирина. — У йигирма беш ёшимда оламдан ўтди. Мен бева бўлиб қолдим. Лекин…
Ҳа, биз эрим билан бахтли яшардик ўша пайтларда. Қизимиз бор эди. Ўз уйимиз бўлмагани боис, бир квартирани ижарага олдик. Эсимда, квартирамизнинг рақами ўн уч эди. Лекин бу нарсага эътибор қилмасдим. Ўша квартирада бироз яшаб, қўшнилар билан танишдик.
— Вой, бу квартирада шунчадан бери қандай чидаб яшаяпсизлар? — бир куни қўшни аёл Нина хола сўраб қолди.
— Қандай яшардик? Тинчгина, бошқалар каби яшаяпмиз.
— Ҳа-а, — Нина хола бош чайқаб қўйди. — демак, сизлар уйнинг "кўринмас хўжайини”га ёқиб қолибсизлар.
— Қанақа хўжайин? "Домовой”ни айтаяпсизми?
— Шунга ўхшаш… Биласизми, сизларгача бу ерда кўпчилик оилалар ижарада туришган. Аммо улар икки-уч ойдан ортиқ яшай олишмаган. Кўчиб кетиб қолаверишган.
— Нега?
— Ўша кўринмас хўжайин тинчлик бермаган-да!
— Биз мана икки йилдан бери турибмиз-ку! — дедим кулиб.
— Майли, ишқилиб, омадингларни берсин!..
Шу билан суҳбатимиз якун топди. Мен деярли парво қилганим йўқ Нина холанинг гапларига… Ҳа энди, кекса кампир гапирди-қўйди. дедим-у, юравердим… Аммо…
Аниқ эсимда. Мен туғруқ таътили тамом бўлгач, ишга қайтдим. Бир куни ишдан келиб ҳар қачонгидек овқат тайёрладим, кир ювдим. Хуллас, соат тунги ўн иккилардагина ухлашга ётдим…
Кўзим кетган экан. Бир маҳал кимнингдир қаттиқ қарсак чалишидан уйғониб кетдим. Даст ўрнимдан туриб қоронғиликда яхшилаб қулоқ солдим. Қизим ёнимда ухларди. Шкафдан бирор нарса тушиб кетди шекилли деб ўйладим ва яна ўрнимга чўзилдим… Бирпасдан кейин қоғозларнинг шитирлаши хонани тутди. Бу овозга дераза токчасида турган қадаҳнинг жиринглаши қўшилди.
— Ким у? — дея оҳиста сўрадим. Саволимга ёнимда ётган эрим уйқу жавоб берди.
— Ухла. Ташқарида шамол турган бўлса керак…
Шу билан хонага бир муддат сукунат чўкди…
Уйқум қочиб кетди. Секин ўрнимдан турдим-да, чироқни ёқдим. Ҳамма нарса жой-жойида турибди. Китоблар ҳам жойида. Полда ҳеч вақо йўқ. Қадаҳ ҳам. Ие, ким унда қадаҳни жаранглатди, қоғоз шитирлатди?..
Чироқни ўчириб қайтадан ўрнимга ётдим. Кўзимни юмганим ҳамоно кимдир оёқларимни силаётгандек туюлди. Мушукми десам, уйимизда мушук йўқ. Эрим ҳазиллашаяпти шекилли деб ўйлаб шартта ўрнимдан турдим. Ҳозир уни уришиб ташламоқчи эдим. Аммо… Қарасам, у қотиб ухлаяпти. Ўтдим-да, бошимгача кўрпага ўралиб олдим. Ана шунда ҳақиқий қўрқув бутун танамни эгаллаб олди-ёв!.. Одам қўрққанда сочи тикка бўлишини ана ўшанда англаб етдим. Секин кўрпадан бошимни чиқарсам… Бир бурчакда катталиги итдай келадиган бир кимса менга тикилиб турарди. Сал қурса қичқириб юбораёздим. Нафасим бўғилди. Қанча уринмай, овозим чиқмасди…
Ҳалиги кимса бирпас тургач, шкаф олдига борди-ю, тўсатдан ғойиб бўлди…
Шундай ишлардан кейин ухлаб бўлармиди. Титраб-қақшаб ўрнимдан турдим-да, стаканга муздай сув қуйиб ичдим…
Шу тобда бувим раҳматлининг гаплари ёдимга тушиб кетди.
— Ҳар бир уйнинг ажинаси бўлади. — деганди бувим. — Унинг жаҳлини чиқариб бўлмайди. Зиён етказиши мумкин. Агар ундан қутулишни истасанг, супургини қўлингга олгин-да, дуолардан бир-нечтасини устига ёзиб уйнинг ҳамма бурчакларига теккизиб чиқ. Кетидан Худонинг муқаддас сувидан сеп!..
Ўзимга келиб шкафга яшириб қўйган муқаддас сув тўла шишани олдим. Сўнгра супургига эринмай дуолар ёздим. Ва уй бурчакларига худди бувим раҳматли айтганидек теккизиб, муқаддас сувдан сепдим. Ана шундан кейингина кўнглим таскин топиб ўрнимга ётдим…
Э, уйқудан асар ҳам қолмаганди. Соат эрталабки тўртларгача қулоғимни динг қилиб ётдим. Хайрият, у кимса қайтиб кўзимга кўринмади…
Мана, шу воқеага ҳам ўн йилдан ошибди. Биз ҳеч қачон ажинани кўрмадик. Тунларимиз осуда.”