— Атрофимиздаги баъзи инсонлар ўзгалар ҳаётини ағдар-тўнтар қилишга шунчалар бел боғлаган бўлишадики, гоҳида буни ўйлаб, қўрқиб кетаман… Биргина мисол, менинг турмушим!.. Овсинимнинг кирдикорларини эшитган одам ёқа ушлаши аниқ. «Кундош-кундошга пахта отади, овсин-овсинга тош», деган гапда ростдан жон бор экан…
Биз олдинма-кетин бир хонадонга келин бўлиб тушдик. Овсинимни бу уйга олиб келишда менинг хизматим оз-мунча эмас. Мен доим эримнинг оиласини ўз оилам деб билганман ва уйимиздаги ҳар қандай тадбир, тўй, маъракага ўзим югурганман. Уч йилга қолмай барча оила аъзоларимнинг ишончига кирдим. Ҳеч бир муаммо йўқ эдики, менинг аралашувимсиз ҳал бўлса. Ана шундай муаммолардан бири қайноғамнинг бўйдоқлиги эди… Қайноғамнинг бўйдоқ юрганига ҳам мен онасидан кўп куйинганман. Сабаби, қайноғам беш йил умрини қамоқда ўтказган эди. Шу сабабли укасининг тўйини биринчи қилишган.
— Ойижон, энди акажонни уйлантирайлик, балки буни бизга ўзи айта олмаётгандир, — дедим кунларнинг бирида қайнонамга маслаҳат солиб. — Рози бўлса, бирорта оқила қиз топармидик?!
— Эҳ-ҳ, ҳайронман, қамалиб чиққан болага ким ҳам тегарди?
— Ойижон, хоҳласангиз, ўзим бир суриштириб кўраман.
Қайнонам жуда содда аёл. Шу сабабли ҳам бу ишни ҳал қилишда буткул менга ишонди. Мен ҳам ўртадаги одамнинг гапига кириб, бир офатни қайноғамга хотин қилиб олиб берибман. Тўйнинг бошида ўзим турдим. Барчасини рисоладагидай қилиб ўтказдим, елиб-югуриб хизматда бўлдим. Дастлабки кунлар мулла минган эшакдай юрган овсиним вақт ўтгач, қилиқларини чиқара бошлади.
— Кечга нима овқат қиласиз? Уйларни ҳам бир йиғиштириш керак экан, — дедим атрофнинг пала-партишлигига ғашим келиб.
— Мазам йўқ, бугун овқат қилмайман!..
— Ия, ҳамма оч қоларкан-да, — ҳазилга олдим мен.
— Мана, сиз борсиз-ку?! — деди у бурнини очиқчасига жийириб. — Бу уйда сиз ҳам келинсиз ҳар ҳолда.
— Оғзингизга қараб гапиринг, мен сиздан каттаман. Қаршингизда ким турганини унутиб қўйдингиз чоғи!
Овсиним индамай бурнини жийирди-да, хонасига кириб кетди. Шу бўйи хонасидан кечқурун тайёр овқатга чиқди. Бора-бора бундай майда эркаликлар кучайиб, мен билан ҳадеганда айтишаверадиган одат чиқарди. Бу эса барчанинг тинчини бузар, уйда ёқимсиз муҳит шаклланаётган эди. Ҳомиладор пайтида-ку, ҳаддидан яна-да ошиб кетди. Маликамиз бармоғини ҳам қимирлатиб қўймас, камига фақат кўчанинг овқатига бош қоронғи бўлган. Қайнонам эса уни йўлга солай демасди. Аксинча, тилидан «Майли, болам», деган сўз тушмасди. Овсинимнинг ҳар бир ҳаракати асабимни бузса-да, ҳомиладорлигида тишимни тишимга қўйиб чидадим. Лекин…
— Кунора эрингиз билан қаерларга бориб келяпсиз? — шубҳаланганимни яширмай сўрадим бир куни. — Тағин доим қўлингларда идишда сув?..
— Бунча ҳамма нарсага аралашаверасиз? Балки, эрим билан менинг ўртамда ухлай қоларсиз? Жуда қизиқувчансиз-ку! — деди овсиним негадир ваҳимага тушиб, асабийлашаркан.
— Менимча, қандайдир махфий ва сирли ишлар билан бандсизлар, а?
— Сиз фитначисиз! Мени кўролмайсиз! Бу ҳақда менга айтишди! — деди кутилмаганда овсиним катта қорнини ушлаб, менга бақираркан.
— Айтишди? Ким айтди? Фолбинми?! Неча кундан буён мазам йўқ, мана, гап қаёқда экан?!
— Туҳмат қилманг!
— Сезиб юргандим фолбинга бораётганингни! Аниқ боряпсан, мени ўқитяпсан, уятсиз! Сенга ҳасад қилиб ўлибманми?
Ўша ерда овсиним ҳақиқий томошани кўрсатди. Ҳушини йўқотаётгандай ҳолсизланиб, ўтириб қолди. Ўртамизда бошланган жанжал туфайли ҳамма ҳовлининг ўртасида йиғилган эди. Овсиним таптортмай роль ўйнаганча, менга ҳамма айбни ағдариб йиғларди. Шу кундан эътиборан у менинг оиламни «заҳарлаш»га уринаётганини тушундим. Овсинимнинг найранглари иш бериб, ҳаётим бузилди…
Икки гўдагим билан ота уйига қайтганман. Эрим мен билан ярашишга кўп уринди. Бироқ талабимни бажармаётгани учун ўзимни ундан олиб қочяпман.
— Сен айтаётган нарса имконсиз. Ахир мен қандай қилиб акамга уйдан чиқиб кетинг, дейман? — деди эрим яна ярашиш учун ёнимга келганида.
— Сиз тушунмаяпсиз, агар акангиз уйдан чиқиб кетишни истамаса, марҳамат, ажрашсин. Ёки хотини билан ижарага уй олиб чиқиб кетсин. Ахир турмушимизни улар барбод қилишди!
— Сен худбинлик қиляпсан…
Хуллас, эрим ҳам ҳозир менинг фикрларимни ёқламаяпти. Авваллари қайнона-қайнотам ҳам, эрим ҳам мен билан маслаҳатлашар эди. Энди эса ҳамма овсинимнинг оғзига қараб туради. Менга маслаҳат беринг, бузилаётган турмушимни қандай асраб қолай?.. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|