![](/_nw/53/54671896.jpg)
Хафаман! Ҳаётдан жуда ҳам хафаман. Турмушим қайнсинглим туфайли бузилиш арафасида. Гапни қандай бошлашга ҳам ҳайронман…
Қайнсинглим 2013 йил турмуши бўлмай ота уйига қайтиб келди. Ана шундан буён тинчимиз бузилган. Кичкинагина ҳовлида икки рўзғор, қайнона-қайнота, бир этак болалар билан яшаб келаётган пайтимизда қайнсинглимнинг қайтиши ҳеч биримизга ёқмади, албатта. Қайнона-қайнотам эса қизини папалашдан нарига ўтишмасди. Кап-катта аёл ўзини ёш болалардай тутар, акаларидан аразлаб, биз билан ҳафталаб гаплашмай юрарди. Турмуш дегани муштдан иборат эканини яхши биламан. Аммо баъзи нарсалар шунчаки яшашга имкон бермаса, нима қилиш керак?..
— Менинг ҳаётим бу аҳволда-ю, улар эса ҳеч нарсадан сиқилмай, маза қилиб яшашяпти, ойи!
— Қизим, бу кунларинг ҳам ўтар…
— Нима учун тақдир адолатсиз? Акаларим менинг куюнишларимга тупуриб қўйишган! Анавиларнинг эса оғзи қулоғида!
— Тўғрисини айт, сенга нимадир дейишдими?!
— Э-е, нима ҳам дерди?! Иршайиб юришганини айтаман-да…
Қайнсинглимнинг очиқдан-очиқ ҳасад қилаётгани мени ҳайратда қолдирди. Қайнонам эса қизининг бу чиркин, ғубор тўла гапларига жавобан бирор марта койиб қўймади. «Ундай дема, улар сенинг жигарларинг. Ҳавас қилсанг, сен ҳам етасан», демади. Аксинча! Табиийки, ғазаб отига миндим ва барча эшитган гапларимни овсиним ва эримга айтиб бердим. Эрим шунда ҳам синглисини тушунишга уринди, уни эмас, мени уришди, «Гап ташима», деб танбеҳ берди. Бироқ ҳасадгўй қайнсинглимнинг кирдикорлари кундан-кунга кўпайиб бораверди.
— Мадинахон, пальтомни берсангиз, бугун юришим бор эди… — дедим кунларнинг бирида қайнсинглимга.
— Вой, пальтони кийишингиз шартми, ана, минг хил иссиқ кийимингиз бор-ку!
Қайнсинглимнинг бу сурбетлигидан асабларим таранглашди. Шунга қарамай ҳазилга йўйишга уриндим:
— Сиз кийиб табаррук қилиб берганингиз учун ҳам, киймоқчиман-да!
— Борингизни кийиб кетаверинг…
Хуллас, ўша куни уйимизда жанг бўлди. Пальто бир баҳона, холос, аслида, биз қайнсинглим билан бир-биримизга йиғилиб қолган заҳарларимизни сочган эдик. Тирналган юз, юлинган сочлар билан ўз хонамда йиғлаб ўтирсам, эрим келиб яна мени уришди. Гап ўша пальтода ҳам эмас, қайнсинглимнинг эркалигию худбинлигида эди, шубҳасиз. Бир ҳафта ўтгач, деярли худди шундай ҳолат овсиним билан юз берди. Унинг хонасига кириб тақинчоқларини олиб чиқиб кетган қайнсинглим, «Йўқотиб қўйдим, узр!» деган-у, без бўлиб ўтираверган. Овсинимнинг кўзлари олайиб, бутун уйни бошига кўтарди.
— Менга узук билан зиракни ўз онам олиб берган, сенинг аканг эмас, виждонсиз!
— Мени сенсирашга қандай ҳаддинг сиғди?!
Хонамдан чиқмай уларнинг жанжалини эшитарканман, овсинимдаги алам, қайнсинглимдаги юқори «мен»нинг кучини сезардим.
— Ҳамманинг жонига тегиб кетдинг, қачон кетасан-у, қачон биз ҳам одамларга ўхшаб яшаймиз?..
— Бу менинг уйим, керак бўлса сен кетасан, эшитяпсанми, сенлар кетасанлар! Бу менинг уйим!..
Ташқарига чиқмай ўтиришнинг иложи бўлмади. Сабаби, қайнсинглим ўз ҳаракатларини назорат қила олмай қолган, жазавага тушган кўйи нарсаларни уриб-синдира бошлаган эди. Қўрқиб кетган овсиним ортга тисарилиб, ўзини четга олди. Иккимиз ҳам чиндан қўрқиб кетган эдик. У эса «Ўғри эгасидан кучлилик қилибди», деганларидек, ошхонадаги барча нарсани уриб синдирди. Сўнг қайнсинглимни тинчлантиришга уриниб, ён босиб гапирдик, овсиним ҳатто дори ҳам кўтариб чиқди. Кечқурун эса мен билан овсиним иштирокида қайнона-қайнотам мажлис ўтказишди. Ва бу мажлис қайнсинглимдан узр сўраш билан якунланди.
— Ҳаёти бузилиб кетгани учун ҳам аламзада, уни ҳам тушуниш керак! — деди эрим мени овутишга уриниб.
— Бизни ким тушунади? Ахир у ҳаётимизни бузмоқчи. Ҳасад туфайли нима қилаётганини ўзи тушунмаяпти!
Бу гаплар бефойда эди. Ҳар кунги ҳасратлар овсиним иккимизни яқинлаштирди ва биз қайнсинглимга эр топиб, уни тезроқ узатиш пайига тушдик. Мен ишхонамдаги бошлиғим жияни учун бирорта ажрашган, фарзандсиз аёл қидириб юрганини эшитган эдим. Хайрли ишда уятни йиғиштириш керак, дедим-у, бошлиғимга қайнсинглим ҳақида айтдим. Куёв яхши йигит эди, ўқиган, тарбияли, камгап. Қайнсинглимни кичикроқ бўлса ҳам яна бир бор тўй билан уйдан олиб кетди. Овсиним иккимизнинг ўша кунлар хурсандчилигимиз осмонга етганди гўё. Елиб-югуриб хизматда бўлдик, бор-йўғимизни эрларимиздан аввал тўкиб-сочдик. Хуллас, тўй ўтди, қайнсинглим яна бир бор оқ кўйлак кийиб узатилди. Лекин кунлардан бир кун…
— Ойи, мен биринчи эрим билан ярашмоқчиман, бу одамга эрга тегиб хато қилганимни тушундим!..
— Ия, одамлар нима дейди?..
— Бу топган куёвингизда кўнглим йўқ. Ажрашаман, тамом!
Бу суҳбатни эшитиб, эсим чиқаёзди. Хонага кирдим-да, қайнонамга юзландим:
— Нима учун ҳадеб қизингизнинг кўнглига қарайверасиз, ойижон?! Ахир энди шу ҳам ишми? Турмуш исталганда қурилиб, исталганда бузиладиган нарса эмас-ку!
— Сиз менинг ҳаётимга умуман аралашманг! Бу менинг турмушим! Йўқолинг бу ердан! — яна жазавага тушиб бақирди қайнсинглим.
Шунда мен, билмайман, қайси жасорат билан кўз олдимда турган санчқини олдим-да, қайнсинглимнинг бўйнига қаттиқ тирадим.
— Ўчир овозингни, шаллақи! Жимгина яшайсан, эркалигингни йиғиштирасан! Акс ҳолда, сени жиннига чиқариб, руҳий касаллар шифохонасига ётқизаман! Ҳиқилдоғимга келди сенинг худбинлигинг, уятсиз!
Қайнонамнинг ҳам, қайнсинглимнинг ҳам кўзлари бақаникидай катта очилиб, жим туришарди. Аммо бу таҳдидларим ўз билганидан қолмайдиган қизга кор қилармиди… У иккинчи турмушидан ажрашиб, яна биринчи эрининг ёнига қайтди. Бу орада икки акасини, ота-онасини қанчалар қийнаганию маҳалла-кўй, қариндошлар орасидаги шармандаликларни гапирмасам ҳам бўлади. Қолаверса, мен ҳам бошлиғимнинг юзига қарай олмай, яхши ишимдан айрилдим. Шу билан-ку тинчиб кетса қани эди…
Қайнсинглим ўз қилмишларини гўёки муҳаббат йўлидаги азоб-уқубат, дея баҳолаб келаётган эди. Ҳозирда эса ўзи бот-бот такрорлайдиган ўша муҳаббатига ҳам қарамай, яна онасининг бағрига қайтган. Бугунги ҳаётимиз эса эски ҳаммом, эски тоз. Етмаганига овсиним иккимиз қарғиш эшитамиз ундан: «Сенларнинг ҳам уйинг бузилсин-у, менинг ҳолимга тушиб, маймундай йиғланглар!» Менимча, инсон кимгадир бундай ният билдириши учун унинг ичи ниҳоятда кир бўлиши керак. Акс ҳолда, бундай қарғишлар билдириб, дилимизни оғритмаган бўлар эди.
Ҳозир овсиним иккимиз қайнсинглим билан гаплашмаймиз. Маълумки, бундай хонадонда на файз қолади ва на барака. Жанжалларимиздан тўйган эрим ҳам, мен билан бир ойдан бери чиройи очилиб гаплашмаяпти. Турмушимдаги моддий камчиликлар, эрим билан сўниб бораётган меҳримиз ҳақида бош қотиришга вақтим йўқ, мана шу қайнсинглимнинг шарофати билан! Ота-она фарзандини ҳар қандай ҳолатда яхши кўришини биламан. Лекин бу каби хатоларини кўрмай, ҳадеганда қизининг ёнини олаверадиган оналарга илтимосим бор: фарзанд, аввало, одоби билан… Хато қилганида кези келса. қаттиқ туриб одобга чақирмасангиз, келажакда худбин инсонни кўрасиз! Биргина бебош қиз ҳаётимизни заҳарлаётгани ҳаммага алам қиляпти. Кечки овқат пайтида ҳам барчамиз тунд қиёфада ўтирамиз. Бу ҳам етмагандай, овсиним рўзғорини алоҳида қилиб олган. Мен ҳамжиҳат оилам бўлишини хоҳлайман. Аммо… Илтимос, менга маслаҳат беринг! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|