Таҳририятимизга келган бир мухлисамиз қўшнисининг тақдири, афсус ва надоматлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг ҳикоясини бироз бадиийлаштирган ҳолда эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Муаллифнинг илтимосига кўра ҳикоя қаҳрамонларининг исмлари ўзгартириб берилди.
Кўп қаватли уйлардан бирида яшаймиз. Яқинда домимизга Хафиза исмли бева аёл кўчиб келди. У билан тезда апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Бир куни у ўзи ҳақида сўзлаб берар экан: "Эрим билан 10 йил яшаб, фарзанд кўрмадик ва ажрашдик. У уйланиб болали-чақали бўлди. Мен эса ёлғиз қолдим... Катталарнинг гапига кириб, ўшанда фарзанд асраб олмаганимга афсус қиламан. Мана, энди ёлғизман. Ота-онам ўтиб кетишган. Опа-сингилларим ҳам йўқ... Келинг, опа-сингил бўлайлик”, деди.
Мендан 5-6 ёш катта, муштипаргина аёл экан. "Одам тафтини одам олади” деганларидай у билан жуда яқин бўлиб кетдик. Қизларим уй ишларига қарашар, мен ҳар куни ҳолидан хабар олардим, ширин овқат пиширсам меҳмонга чақирардим.
Хафиза опа негадир кўз ўнгимизда озиб-тўзиб борарди. Кейин билсам онкологик хасталикка дучор бўлган экан... "Мен туҳматим учун қарғишга қолдим. Кечирилмаслик ёмон дард экан...” деб йиғлади. "Нега ундай деяпсиз? Нима бўлди?” деган саволларим жавобсиз қолди...
Бир куни ишдан қайтсам уйи қулфланган. Қўшнилар "Тез ёрдам” келиб, опани шофохонага олиб кетганини айтишди. Тезда таом тайёрлаб уни кўргани бордим. Ахир мени синглим деган. Йўлимга кўз тикиб ётгандир...
Борсам Хафиза опа бир ўзи икки кишилик палатада шифтга термулиб ётган экан. Мени кўргач бироз чиройи очилди. Сўнг иссиқ овқатни еб олиб, дилини ғашлаб ётган дардларини тўкиб солди:
–Мен тинчгина яшаётган девор дармиён қўшним Иродага туҳмат қилганман. Уни бевафоликда айблаб, одамлар орасида гап-сўз тарқатдим. Эри –Жасур катта идорага раҳбар эди. У хизмат сафарига кетганида хотини Собир дўкончи билан дон олишиб юради. Тунда девор ошиб кирганини ўзим кўрдим дедим... Ҳамма менга ишонди. Бу гаплар эрининг қулоғига етиб, катта жанжаллар бўлди. Охири турмушлари бузилиб кетди. Уч нафар боласи тирик етим бўлиб қолишди...
Мен унинг бахтли ҳаётига ҳасад қилардим. Чунки менда йўқ ҳамма нарса унда бор эди: рисоладагидай эр, фарзандлар, данғиллама ҳовли, машина, тилла балдоқлар, шода марваридлар... пул-бойлик... Менинг эса оилам бузилиб, вақтинча ижара уйда турган вақтларим... Девор оша бу аёлнинг эри, болалари билан ҳазиллашиб кулган товушлари эшитилар, жуда ғашимни келтирарди... Менинг бир оғиз гапим билан уларнинг турмуши бузилиб кетди...
Кейин девор оша гўдакларнинг "дада” деб йиғлашлари эшитила бошлади... юрагим дош беролмай, у ердан кўчиб кетдим. Отасиз қолган фарзандлар, боқувчисидан ажралган аёлнинг кўз ёшлари тутди мени! Афсуслар ич-ичимни кемирди. Кейин шу дардга йўлиқдим...
Хафиза опанинг гапларини тинглаб ўтириб, унга нима деб далда беришни ҳам билмай қолдим. Кейин ўша аёлни топиб, иқрор бўлинг, кечирим сўранг. Оллоҳим кечиримли, бандаларига ҳам шундай бўлишни буюрган. Агар истасангиз, бу ердан чиққанингизда, ўша қўшнингизнинг уйига олиб бораман. У сизни кечирса, албатта, тузалиб кетасиз, дедим.
Опа рози бўлди. Бир ойча даволаниб чиққач у менга шифохонада айтган гапимни эслатди. У айтган манзилга таксида етиб бордик. Опа яшаган эски ҳовли қаровсиз нураб кетган, Ироданинг ҳовлиси олдидаги кичик гулзорда эса атиргуллар барқ уриб очилиб ётарди. Ток остида сўри, ишкомда ғарқ пишган узумлар товланарди. Дарвозани Ироданинг ўзи очди. Хафиза опа ҳадиксираб боқди. Ирода уни таниди, аммо мулойим жилмайиб ичкарига таклиф қилди. Чой олиб келиб олдимизга чўкди.
Хафиза опа унга бор гапни айтиб берди. Чин дилдан йиғлаб кечирим сўради. Ирода уни ўша пайтдаёқ кечирганини айтди. Чунки бу гаплар ёлғонлигини билган эри бир йилан сўнг оиласига қайтган, ҳозир фарзандлари билан жуда бахтли яшашаркан. Боягина эри болаларни олиб бозорга кетибди.
Қўшним бу гапларни эшитиб юзидаги паришонлик ёришди. Ичидан эзиб турган надомат исканжаси қўйиб юборгандек бўлди.
Биз хайрлашиб чиқиб кетаётганда ҳовлига оппоқ "Малибу” келиб тўхтади. Ундан Ироданинг эри Жасур ва икки нафар фарзанди тушиб, биз билан саломлашиб, қўлидаги пакетларни кўтариб уйга кириб кетишди.
Шу воқеадан кейин қўшнимнинг соғлиги яхши томонга ўзгара бошлади. Бир неча ойдан кейин тиббий кўрикка борганида шифокорлар унга соғая бошлаганини айтишибди. Опада яна ҳаётга умид уйғонди.
Иқрорда гап кўп... Бу воқеани барчага ибрат бўлсин деб ёздим. Токи бугунги меҳр-муҳаббат камайиб, инсоний ҳиссиётлар йўқолиб бораётган бир вақтда одамлар бир-бирига ёмонлик қилишдан ва тилашдан тийилишсин. Чунки ўзгага отилган тош ўзингизга ўқдек бўлиб қайтиб келар экан. Унинг жароҳати осонликча битмайди... Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|