Муқаддас Саъдуллаева турмуш ўртоғи Йигитали Мамажоновнинг туғилган куни муносабати билан унга жуда таъсирли дил изҳори ёзди ва «Instagram» саҳифасига видео билан бирга жойлаштирди.
«Азизим, қадрлигим, қадри баландим! Суянганим менинг! Таваллуд айёмингиз муборак!
Менинг кўзларим Сизнинг нигоҳингизга ғарқ бўлгунга қадар… ожиз эди гўё. Мен сизни излаган эдим. Хатолар қилдим… синовда бўлдим. Таъна ва маломат тоши остида қолганимда ҳам бошимни даст кўтариб, «Й̆ўқ!» дея олдим… Сизни изладим. Яратганнинг фақат мен учун аталган бахти борлигига умид қилдим. Ишондим, кутдим, дуода бўлдим. Менинг юраккинам оддийгина аёллик бахтини, тинч ва тотув оила, дастурхон атрофида гавжум бўлиб ўтиришнигина истарди. Мен Сизни узоқ кутдим, мен сизни узоқ изладим. Алҳамдулиллаҳ, биз бир-биримизни топдик. Синовларга сабр билан, бизни суйганларнинг дуоси билан оила қурдик… Уч фарзандимиз бағримизни тўлдириб, кўзларимизни қувнатиб ўсяпти, шукр. Азизим менинг… Баъзан кўнглим тошиб, меҳримни айтгим келади, ишга шошганингизда орқангиздан узоқ тикилиб қоламан. Киприкларимдаги ёш айтар гапларимнинг сўзсиз ифодаси… Уйга қайтганингизда қаршингизга болалар югуриб чиққанда, бир-биридан сизни қизғаниб, бағрингизга отилганда… яна нималардир деб, сизга кўнглимдаги изҳорларимни айтгим келади… Яна чалғийман, журъат қилмайман. Мен сизни доим кутганман!!! Ва бир умр кўзингизда ўз аксимни кўришни истайман!!!
Садоқатлигим менинг, меҳрибоним менинг, ориятлигим менинг, сабрлигим менинг!!! Бахтим менинг!!! Алҳамдулиллаҳ! Бизнинг мўъжазгина хонадонимиздаги дунёларга сиғмас улкан бахт бардавом бўлсин, илоё!!!