«РЕАЛ МАДРИД» — ГАРЕТ БЭЙЛ, ХАМЕС РОДРИГЕС
Ҳалитдан тўртта футболчи харид қилган ва бунинг учун 255 млн евро сарфлаган мадридликлар Фейр-Плей қоидалари билан тўқнаш келиб қолди.
Қироллик клуби ўтган мавсум ўйинлар трансляцияси, футболчилар трансфери, ўйинлардаги даромад, реклама ва ҳомийлардан жами 116 млн соф фойда кўрган. Режаларида эса сал кам 400 млн евролик трансферлар ўрин олган. Бундан 255 миллионини эса сарфлаб бўлди. Хуллас, мадридликлар сал кам 300 млн евро миқдорида футболчиларни трансферга қўйди.
Эдер Милитао, Родриго, Лука Йович ҳамда Эден Азарни трансфер этган «Реал» «One in, One out» (бир кириш, бир чиқиш) қоидасига кўра жазога тортилишни истамай, бир қанча футболчиларни расман трансфер дарчасига берди. Булар — Кейлор Навас, Хесус Вальехо, Серхио Регилон, Тео Эрнандес, Маркос Льоренте, Рауль де Томас, Лукас Силва, Борха Майораль, Хамес Родригес ва Гарет Бэйл.
«Реал»нинг энг катта фойда манбаи эса Гарет Бэйл билан Хамес Родригес бўлиб турибди. Шунча футболчидан фақат икки нафари бугун юлдуз ўйинчилар саналади ва мавзуга мутаносиб томони улар Фейр-Плей қоидаларисиз ҳам мадридликларга керак бўлмаётганди.
«ТОТТЕНХЭМ» — ЭРИК ДАЙЕР
Ўтган мавсумни ажойиб тарзда ўтказганига қарамай Маурисио Почеттинога керак бўлмай қолган Эрик ортиқча эътироз ҳам билдириб ўтирмади. Сабаби, у билан «манкунианлар» жиддий қизиқмоқда ва оғиз солиб ҳам улгуришган.
Хабарларга кўра, «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти 25 ёшли ярим ҳимоячига асосий таркибдан ўрин ваъда қилишган. Бундан ташқари, «Тоттенхем» футболчига товон пули ҳам тўлайди. Сабаби, футболчининг клуб билан шартномаси 2021 йилга қадар амал қилиши керак эди.
«ИНТЕРНАТИОНАЛ» — МАУРО ИКАРДИ
Ванда Наранинг «қилиқ»лари ниҳоят қиёмига етди. Милан клуби мутасаддилари Икардининг ўзи билан эмас, агенти (ҳамда рафиқаси) билан шу пайтгача келишиб юрганди.
Аммо сўнгги талаб ва истаклари қуюшқондан чиқиб кетди, шекилли, барибир, аёли гапиришини кутиб жимгина ўтирадиган Икарди билан музокара қилиб ҳам ўтирмай, Вандага мурожаат қилишди: «Мижозингизга харидор топинг!»
«Нерадзурри»лар ҳазиллашмаган экан. 8 май куни Аргентина терма жамоаси аъзоси Мауро Икарди трансферга қўйилди. Хабарда айтилишича, Икардининг ўзи жамоада қолишни истамоқда, аммо янги бош мураббий Антонио Конте Икардини келаси мавсум режаларига киритмади. Қолаверса, миланликлар аллақачон Эдин Жеко учун римликлар билан музокараларни бошлаб юборган. Келаси мавсумдан катта-катта қадам ташлашни кўзлаётган «Интер» раҳбарияти шунингдек, «Манчестер Юнайтед»га керак бўлмай қолган Ромелу Лукакуни ҳам ўз сафларига қўшиб олиш ниятида. Қисқаси, Икарди ва унинг инжиқ агенти эндиликда миланликларга керак бўлмай қолди.
«МАНЧЕСТЕР СИТИ» — ЛЕРОЙ САНЕ
«Манчестер Сити»нинг ҳали ҳамон футбол мухлислари томонидан вундеркиндлигича қаралаётган германиялик ярим ҳимоячиси Санедир. «Шаҳарликлар»нинг яна битта ярим ҳимоячиси Илкай Гюндоғаннинг айтишича, иккала футболчи Саненинг трансферга қўйилиши борасида суҳбатлашишган.
«Унинг гапларидан ҳечам кетишни истамаётганга ўхшамади», — дейди Илкай.
Аввалроқ эса Сане бу борада ҳеч ким билан гаплашмаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ким билади, балки Сане Илкай ҳамюрти бўлгани учун гаплашгандир, бироқ, нима бўлган тақдирда ҳам, Сане, барибир, Пеп Гвардиоланинг режаларида йўқ. Сўнгги хабарларга кўра, Гвардиола Санени келаси мавсумда ҳам асосий таркибда тасаввур этмаяпти ва аксига олиб, раҳбариятдан унинг трансферини йўлга қўйишни сўраган.
Сане катта эҳтимол билан остонасида «қулчилик»ка келиб турган «Бавария»га ўтиб кетиши мумкин.
«РЕАЛ» — МАРСЕЛО
Истисно тариқасида «Қироллик клуби»ни яна бир тилга олиб ўтишга мажбурмиз. Истиснолигининг сабаби, Марсело мадридликларга кераксиз эмас, керак, фақат захирада ўтириб, асосий таркиб учун курашишга рози бўлсагина. Сабаби, «Лион» ҳимоячиси Ферлан Менди «Реал Мадрид»га ўтишга яқин турибди. Шу боис, «Қироллик клуби» етакчиларидан бири Марселонинг жамоадаги келажаги сўроқ остида қолади.
Бразилиялик ҳимоячи табиийки захира футболчисига айланди. Бироқ ўзи истаса — клубда қолиб, асосий таркиб учун кураш олиб боради, хоҳласа — кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида бошқа жамоага ўтиши мумкин.
Марселога айни дамда «Ювентус» қизиқмоқда. Бунинг устига туринликлар ёзги трансфер пайтида чап қанотга ҳимоячи қидиришмоқда ҳамда бразилиялик футболчининг Роналду билан муносабатлари аъло. Қоалверса, Роналду уни ўтган мавсумдан бери Туринга чорламоқда
«АРСЕНАЛ» — ДЭННИ УЭЛБЕК
«Арсенал» бу мавсум нақ 7 та футболчисидан айрилди.
Питер Чех фаолиятини якунлади. Ҳимоячилар Штефан Лихтштайнер, Хулио Плегезуэло, Коэн Брамалларни сотувга қўйди. Аарон Рэмси билан Чарли Гилмор эса шартномани узайтиришни истамади. Аммо трансферларнинг мавзуга доир қисми — ҳужумчи Дэнни Уэлбекдир. «Тўпчилар» уни сотмаса ҳам бўларди. Сабаби, унинг ҳар қалай зараридан (олаётган маоши) фойдаси кўпроқ эди. Боз устига энди унинг ўрнини тўлдириш учун маблағ сарфлайди. Ҳолбуки, собиқ юлдуз билан шартномани узайтрганида трансфер пулини тежаб қолган бўлармиди.
«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» — АНДЕР ЭРРЕРА
«Қизил иблислар» ўзларининг расмий сайтида хабар беришича, ҳимоячи Луис Антонио Валенсия ва ярим ҳимоячи Андер Эррера билан тугаган шартнома муддатини узайтиришни истамаган, Хуан Матага эса янги шартнома таклф қилинган.
Қайд этиб ўтиш керакки, Андер Эррера «Манчестер Юнайтед» таркибига 2014 йилда келиб қўшилган. Тажрибали ярим ҳимоячи эркин агент сифатида ПСЖ ёки «Боруссия Дортмунд»га ўтиб кетиши кутилмоқда.
«БАРСЕЛОНА» — АНТУАН ГРИЗМАНН
Гризманни «Барселона» билан бирга тилга олаётганимиз учун ҳайрон бўлманг. Бунинг сабаби бошқа ёқда. Гап шундаки, франциялик ҳужумчи аллақачон «Атлетико Мадрид»дан расман ажралиб бўлди. Аммо «Барселона» билан муносабатлари ҳамон муаммолигича қолмоқда.
Куни кеча «Атлетико Мадрид» президенти Энрике Сересо берган баёнотга кўра, Гризманн катта хато қилган.
«Гризманнинг хаёлини «Барселона» ўғирлаб қўйгани рост. Ўзига ишониб, Мадридни ҳам расман тарк этди. Аммо «Барселона» бизга расмий таклиф билан чиққан эмас. Буни ўзи ҳам тушуниши керак эди. Эркин агентга айланган юлдуз футболчини ким ҳам беш дақиқа ҳоли қолдирарди. Каталонияликларнинг нияти бўлса, аллақачон ишга киришарди. У қаёққа боради энди, буниси бизга қоронғи. «Атлетико Мадрид»да унинг ҳали эришиши мумкин бўлган нарсалари бор эди. Аммо начора, унинг қарорини ҳурмат қиламиз».
Бир қанча нашрларнинг бераётган хабарларига кўра, чиндан ҳам «Барселона» Гризманни олиб келишга бир кўз билан қарамоқда. Сабаби, ўтган ёзги трансферда Антуан каталонияликларни то трансфер ойнаси ёпилгунга қадар ишонтириб ўтириб, охирги дақиқаларда фикридан қайтиб, «Атлетико» билан шартномасини узайтирганди. «Барселона» футболчилари унинг бу қилиғини кечиришмаган ва Месси бошчилигида «Гризманн керак эмас!» дея таъкидлашмоқда. Месси ва Самюэль Умтити эса бу борада берилган саволни жавобсиз қолдиришган.
Ниманидир англаб етди чоғи, Гризманн энди ПСЖ билан музокара олиб боришга қарор қилди. «Спорт» нашрининг манбасига кўра, франциялик футболчи Париж клуби хўжайини Носир Ал-Хелаифи билан шахсан учрашган. Томонлар трансферни июль ойида амалга оширишга келишиб олишган. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|