Ўзбекистонда 16 июнь куни аҳоли орасида 20та янги зарарланиш ҳолат қайд этилди. Маълум қилинишича, кун давомида Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Наманганда тикувчи, сотувчи, ҳайдовчи ва фаррошларда вирус аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 июнь кунлари аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.
«Давлатимиз раҳбари 16 июнь кунги видеоселектор йиғилишида юртимизда коронавирусга чалинганлар сони сўнгги икки ҳафтада кескин ошгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Жумладан, шу даврда биргина Тошкент шаҳрида аниқланган 551 нафар ҳолатдан 482 нафари аҳоли орасидан аниқлангани, шундан 57та ҳолатда юқиш манбаи номаълум бўлиб қолаётгани касалликни юқтириб олиш хавфи юқори эканини кўрсатмоқда.
Аввал хабар қилганимиздек, 15 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 183 нафар беморнинг 29 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 16 июнь куни эса коронавирус қайд этилган 230 нафар бемордан 20 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи анча ошган, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бирмунча камайган», дейилади вазирлик хабарида.
16 июнь куни Тошкентда аҳоли орасида 14та янги ҳолат тасдиқланди, шунингдек, Бухоро вилоятида 3, Самарқанд вилоятида 2, Наманган вилоятида 1 ҳолат қайд этилган.
Жумладан, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи оиланинг 3 нафар аъзосида (дам олиш ҳудудига ҳордиқ чиқариш учун оилавий боришган, бир кун ўтиб, тана ҳарорати кўтарилгач, таҳлил топширишган), шу туманда яшовчи яна уч нафар фуқарода: Учтепа туманидаги тикувчилик цехи ишчисида, ишга жойлашиш учун намуна тоширган шахсда ҳамда тана ҳарорати кўтарилгани сабабли поликлиникага мурожаат қилган фуқарода касаллик қайд этилган.
Бундан ташқари, «Малика» савдо мажмуаси сотувчисида (ишга чиқиш учун намуна топширган), Юнусобод туманида яшовчи ҳомиладор аёлда (шифохонага ётиш учун намуна топширган), Сергели туманида яшовчи вақтинча ишсиз фуқаро (тана ҳарорати кўтарилгач, уй шароитида шифокорга мурожаат қилмасдан даволанган) ва унинг 4 нафар оила аъзосида, республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволаниш учун намуна топширган фуқарода инфекция аниқланган.
Шунингдек, Самарқанд туманида яшовчи нафақадаги беморда (онкология касаллиги сабабли шифохонага ётиш учун намуна топширган), Самарқанд шаҳридаги 24-мактаб фарроши (кўкрак бези касаллиги бўйича намуна топширган), Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи ҳайдовчида ҳам касаллик тасдиқланган.