"Hurriyat” газетасининг 12 июнь сонида эълон қилинган "ТОШКАНДАН ХОРАЗМГАЧА…” Ёхуд йўловчилар хавфсизлигини ким ўйлайди? мақоласи мутасадди ташкилотларни огоҳликка чорласа не ажаб? Аслида бу дунёда барчамиз йўловчимиз, келамиз вақти билан кетамиз. Ҳар куни турли манзилларни кўзлаб йўлга отланамиз. Гоҳи узоқ гоҳи қисқа манзиллардан соғ-омон манзилга етганимизда севинамиз. Тўғрида, ҳар куни йўлларда юз бераётган саноқсиз ЙТҲ эшитавериб, йўлга чиқишда қўрқиб ҳам қолганмиз-да. Айниқса, пойтахтдан вилоятга ҳар куни қатнайдиган машиналарга йўловчи ўтираётганда кўнгдидан не ўйлар ўтиши ўзига аён. Умрида кўрмаган, синалмаган ҳайдовчига ҳаётини ишониб топширади. Ўз ўрнида бугунги ҳайдовчилар талабга жавоб берадими? "Ҳуррият” газетасининг 12 июнь сонида эълон қилинган "ТОШКАНДАН ХОРАЗМГАЧА…” Ёхуд йўловчилар хавфсизлигини ким ўйлайди? мақоласи мутасадди ташкилотларни огоҳликка чорласа не ажаб? "Йўл азоби, гўр азоби!” Эшитгандаёқ одамни сескантирадиган бундай мақолни дастлаб ким айтган экан? Балки уни от, эшак, туя каби жониворнинг устида чанг-тўзондан кўзи қорайиб йўл танобини тортган бир карвонбоши айтгандир? Ким айтган бўлса ҳам ҳақ гапни айтган экан. Зотан, бу азоб асрлар ўтса ҳам, йўл юриш қанчалик енгиллашган бўлмасин азоблигича қолмоқда. Зотан, инсон зоти бу ёруғ дунёга келар экан, ояти Каримада айтилганидек, зиён ичида бўлади. Йўл юрган одамнинг зиёнини камайтириш эса аввало Аллоҳнинг иродасида бўлса, қолаверса, карвон бошининг қўлида. Аждодларимиз йўл тортар эканлар, энг аввалида карвон ва уни бошқарган карвон бошини танлаганлари ҳам бежиз эмас. Масалан, қароқчилар ҳужум қилиши ёки карвондагилардан бировининг мазаси қочиб қолиши мумкин. Бошқа яна қанча хавфу хатарлар бор, барини санаб адо қилиб бўлмайди. Қалтис вазиятлардан эсон-омон олиб чиқиш, тўрт томонинг қибла бўлган саҳроларда йўловчилар адашиб, қум барханлари аро омонатини топшириб қўймаслиги, ногаҳон бостириб келадиган табиат инжиқликларию қароқчилар ҳужумидан ҳимоя қила олиш учун ҳам доно ва ўктам карвонбошилар зарур бўлган. Улар карвондаги одамлар ҳаёти ва мулку бисоти учун жавобгар саналганлар. Демак, одамлар ўз ҳаётларини сорбонга ишониб йўлга чиқишган. Умрининг кўп йили ана шундай саргузаштларга бой саёҳатларда ўтган Саъдий ҳам "Эй сорбон, оҳиста юр”, дея беҳуда нола қилмаган. Бугун-чи? Бугун карвонларимиз ўз манзилларига шикаст кўрмай, зиён чекмай етиб боряптими? Ҳа, топдингиз, бугуннинг йўриғи бошқа. Бугунги йўловчи пардай юмшоқ ўриндиқли, тез юрар автомобилларга ўтиради-ю, кўзлаган манзилига қушдай енгил етиб боради. Аслида шундаймикан?! Шахсий автомобилингиз бўлса-ку, тузук, истаган жойингиз сари жўнайверасиз. Бўлмаса-чи? Шу топда қадимги йўловчи бобомизнинг аҳволига тушасиз. Карвонбоши – киракаш ҳайдовчи қидирасиз. Чунки қадимги карвонларда зиллат чекиб юрган аждодимиз сингари бугунги одам ҳам — одам. Унинг ҳаётига ҳам йўлда кимдир жавобгар бўлиши керак. Шундай қилиб, ҳаётимизни аввали худога, қолаверса, киракашга омонат қилиб машинага ўтирамиз. Биттасига чиқасизу, кетавермайсиз, танлайсиз. Аммо ишингиз тиғиз, танлашга вақтингиз йўқ, ана ўшанда учраганига ўтирасизу жўнайсиз…. Тўғри, бугунгидай дориломон замонда хотиржам кетаверса бўлади: йўл қоидалари, тезликни назорат қилувчи радарлар бор. Энг маъқули, йўллардаги постлар олиб ташланди, биров пишагингизни "пишт”демайди. Буларнинг барчаси давлатимизнинг халқ фойдасини кўзлаб иш тутаётганига битта яхши мисол. Унда, қўрқадиган нима қолди? Ким қолди? Киракаш қолди!.. Интернет маълумотларида, хусусан, "Gazeta”да ўқигандирсиз, ўтган йил 22 октябрда «Бухоро –Нукус – Беруний» автомобиль йўлида «Нексия» билан «Кобальт» тўқнашуви натижасида 5, Жондор туманида «Ласетти» билан «Исузу» юк машинаси тўқнашуви оқибатида 4, жорий йил 26 мартда Наманганда рўй берган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси туфайли 4 киши ҳалок бўлган. Ўтган йили 6 236 та йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани, оқибатда 2 262 киши ҳалок бўлганидан, 8 458 киши тан жароҳати олганидан, ўртача ҳисобда, бир кунда 6 киши йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ўлим топганидан, ҳалокатларнинг аксар қисми Сурхондарё, Жиззах, Бухоро вилоятлари ва Қамчиқ довонида содир бўлаётгани кишини ташвишга солмайдими? Узоқни қўя турайлик, яқин ойлар ичида хабарчи сайтларда кўзимиз тушган битикларни эслатишнинг ўзи кифоя қилар: "3 апрель. "Қорақалпоғистонда икки "Нексия” тўқнашуви оқибатида бир йўловчи вафот этди”; 5 апрель. "Андижонда юз берган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлди”; 8 апрель. "Наманганда юз берган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлди”; 11 апрель. "Оҳангаронда мудҳиш ЙТҲ: 2 нафар 18 ёшли йигит ҳалок бўлди”; 18 апрель. "Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи "Тошкент–Термиз” М-39 йўлида автотранспорт ҳодисаси содир этилди. Натижада, транспорт ҳайдовчиси ва йўловчи тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган”… ва ҳоказо. Юқоридаги маълумотлар биз билганларимиз, билмаганларимиз фақат яратганга аён. Шунча қулайликлар одам боласининг ҳаётини енгиллатишга хизмат қилиб турган паллада бундай ачинарли воқеалар кишини ўйга толдиради. – Аввало, барча йўлларимиз ҳам жаҳон стандарти талабларига тўла жавоб бермайди, – дейди Қарши –Тошкент йўналишида қатновчи Комил исмли ҳайдовчи. – Йўл белгиларининг кўпчилиги нотўғри қўлланилган. Йўл белгилари камлиги ёки бори ҳам бирор дарахт тагигами, уйларнинг деворигами жойлаштирилгани учун ҳам кўплаб автоҳалокатлар рўй беряпти. Айрим жойларда йўл таъмирланаётгани ҳақидаги огоҳлантиришлар жуда яқин қолгандагина кўрсатилган бўлади. Ҳолбуки, анча узоқдан огоҳлантирувчи белгилар бўлиши керак, менимча. Ҳеч қайси ҳайдовчи ҳалокатга учрайин деб йўлга чиқмайди. Кўпчилик авариялар мана шундай ташқи таъсирлар туфайли ҳам содир бўляпти. Тўғри, баъзан ёш ҳайдовчилар тезроқ ва кўпроқ пул топай деб тезликни ошириб юборишади ёки икки кунлаб дам олмай йўлда юришади. Уйқусизлик ҳам таъсир қилади, албатта. Шунинг учун йўлларда тўхтаб аччиқ қаҳва ичамиз. Бу ёғи тирикчилик. Ҳеч ким зерикканидан бундай оғир меҳнатни бўйнига олаётгани йўқ. Шукрки, постлар олиб ташланди. Вақтимиз анча тежаладиган бўлди. Лекин мавжуд постларда негадир одамларнинг вақтини олишнинг янги усулини ўйлаб топишган. Постга келганда йўлнинг икки "полоса”си ёпиб қўйилган бўлади, ҳамма машиналар битта "полоса”дан ўтишга мажбур. Бу одамларни озмунча асабийлаштирадими?! Шунга ўхшаган кўплаб сабаблар бор… Аммо…статистик маълумотларга кўра, дунёдаги 35 фоиз автоҳалокатлар ҳайдовчининг айби билан содир этилар экан. – Шу йилнинг учинчи апрель куни соат йигирма дақиқа кам олтида мен пиёдалар ўтиш жойида тўхтагандим, катта тезликда келаётган "Дамас” автомашинаси ортимдан келиб урилди. Ҳайдовчиси маст экан, дарҳол машинадан тушиб қочиб қолди. Ҳолбуки, мен "авария” чироғини ёқиб тўхтаган эдим. Ўшандан буён ЙПХ идорасига қатнайвериб тинкам қуриди. Ҳали эрта келинг, дейишади, ҳали индин. Ҳозирги пайтда автоҳалокатлар, асосан, пиёдалар ўтиш йўлида содир бўляпти. Чунки рулга ўтирган ёш ҳайдовчиларнинг кўпчилиги йўл белгиларини билмайди. Қоидаларга амал қилиш учун, биринчи навбатда, белгилар нимани англатишини билиш керакми, ахир?! Ўзим қирқ икки ёшдаман. Лекин ҳалиям чўчийман. Қоидаларга тўла амал қилишга уринаман. Ярим кечалаб йўлга чиқмайман. Уйқуга тўйиб, дам олиб, эрталаб йўлга чиқаман ҳар доим. Ҳамиша ҳушёр юришга ҳаракат қиламан. Чунки бирор қоидабузарлик содир этсам, сувдан қуруқ олиб чиқадиган танишларим йўқ, – дея куйиниб ҳикоя қилади "Матиз” русумли давлат рақами 10 Е 584 МА бўлган автомашина ҳайдовчиси Анвар ака Тўлаков. Қадимда қанча синашта, кўпни кўрган, бақувват, йўлнинг ҳадисини олган кишиларга карвонбошилик ишониб топширилган бўлса, энди тирикчилик важидан кечани кеча, кундузни кундуз демай йўл юриб, умри йўлда ўтаётган аксарият ёш ҳайдовчиларга Аллоҳ омонатга берган ҳаётимизни ишониб топширяпмиз. Бунинг устига вилоятларга қатнайдиган мазкур киракашларнинг аксарияти ҳеч қандай лицензияга эга эмас. Майли, тирикчилик деб, беором меҳнатга бел боғлабди, дерсиз. Раҳмат. Лекин бировларнинг ширин жони эвазига тирикчилик қилинмайди-да. Ўша машҳур қўшиқда айтилганидек: "Тошкандан Хоразмгача бир минг бир юз километр!” Узоқ йўлларни босиб манзилга етган азамат "одам” чиқиб қолса, яна ортга қараб дам олмасдан қайтиб кетаверади. Шифокорлар сўзига кўра икки-уч кун кўзи илинмаган инсон нафақат йўлидан, ақлидан ҳам адашаркан. Нафс ортидан от суриб ўтаётган айрим ҳайдовчилар ўз жонини ҳам, ўзига қўшиб уч-тўрт нафар йўловчининг ҳаётини ҳам хавф остига қўймоқдалар. Турли байрамлар арафасида эса киракашларнинг куни туғади: уйқусизликдан қизарган кўзлари билан "кулиб” туриб, йўлкирани осмонга кўтаришларини айтмайсизми?! Шунча пулни киссасига ураётган бу ҳайдовчи ўз зиммасига қандай катта масъулият олаётгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрадими?! Заводда қўриқчилик қиладиган бир қариндошим бор.Бир кеча-кундузлик сменадан чиққач уч кун уйда дам олади. "Бир сутка кўз юммаймиз, ўзи бўладими, қувватга кириш учун икки-уч кунлаб дам оламиз-да, кейин”, – дейди у. Ана шулар ҳақида гап кетганда, вилоятларга қатнайдиган шахсий автомобиль эгаларининг ҳаракатланишини ҳам муайян тартибга солиш вақти аллақачон етиб келмадимикан, деган савол туғилади. Бу ишларга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари нега ҳануз қўл қовуштириб ўтиришибди? Ёки улар ўзлари қиладиган иш учун Президентнинг алоҳида қарорини кутишяптими? Киракашлар ҳам маълум даражада рўйхатдан ўтиб, яъни лицензия олиб, ҳафтада икки ёки уч бор қатнашларини таъминлаш, автомобиль ва ҳайдовчининг ҳолатини махсус текширувдан ўтказиш, йўлга чиқишини график асосида назорат қилиб бориш, керак бўлса, уларга ҳам меҳнат дафтарчаси очиб, эрта бир кун кексайганида машаққатли меҳнати учун пенсия олишини таъминлаш пайти келмадимикан?! Ривожланган мамлакатларда бундай тартиб аллақачон йўлга қўйилган. Бизнинг халқимиз ҳам бунга муносиб. Зотан, йўловчиларнинг хавфсизлиги шуни тақозо этади. Қум барханлари-ю, тоғу тошлардан ўтган йўлларда бой берилган умрлар учун ким айбдор? "Тирикчилик экан” деб беш қўлини оғзига тиққан ҳайдовчими? Ёки юқоридан туртки кутиб ўтирган соҳа мутасаддиларими? Ва ёки яхши ният билан сафарга чиққан йўловчининг ўзими? Мен мана шу сатрларни ёзаётган пайтимда, сиз эса уни ўқиётган дақиқаларда ҳам кимнингдир ўзи, кимнингдир акаси, укаси, синглиси, аммаси, тоғаси, ишқилиб, худо кўрсатмасин, бирор яқини автоҳалокатга учрамади, деб айтаоламизми? Бир-бирларини йўл бўйи учраган радарлардан огоҳлантириб, телефонда гап сотиб, машинасидаги "юк”дан тезроқ қутулиб, яна бошқа "юк”ларни "ортиб” қайтишни, шақиллатиб пулини санаб олишни ўйлаб темир отга "қамчи босаётган” бир бандага ҳаётини ишониб, йўл танобини тортаётган одамларнинг саноғи камми? Айтишларича, Қамчиқ довонидаги тоғ ости йўлидан соатига мингга яқин машина ўтаркан. Сафарга чиққан яқинимизнинг, ўғил-қизимизнинг, умр йўлдошимизнинг ҳаёти ишончли қўлларда эмаслиги сабаб, "етиб келдим” деган хушхабарни эшитмагунча жонимиз ором топмайди. Қачон уйга борсам, ота-онам, акаларим, опам, жиянларимни кўриб, қайтишга чоғланганимда, албатта, отамнинг ўзлари мени кузатишга чиқадилар. Овора қилмасликка қанча уринсам ҳам кўнмайдилар. Автотураргоҳга келгач, албатта, ўзлари танлаган автомобилга ўтқизадилар. Отам бирор марта машинанинг русумию кира нархига аҳамият берганларини эслолмайман. Фақат ҳайдовчининг ёшига, ўзини тутишига, хатти-ҳаракатига, тетиклигига эътибор берадилар. Ўрта ёшлардаги, оғир-вазмин, кўринишидан толиқмаган, чеҳраси ёришиб турган ҳайдовчини танлайдилар. Баъзан бораётганимни айтсам ҳам, ўзини босиб олган таксист топ, дейдилар. Отамнинг бу ҳаракатлари менга бамаслаҳат карвонбоши танлаётган аждодларимизнинг синчилигини эслатади. Дарҳақиқат, бундай синчилик беҳуда инжиқлик эмас, ахир бу улов ичида азизларимиз, ороми жонларимиз бораётир! Мансур ЖУМАЕВ, журналист. ТАҲРИРИЯТДАН: ушбу мақолани чоп этишдан мақсадимиз шахсий автомобиллар эгаларининг олис йўлларда йўловчи ташиб, тирикчилик ўтказишларини таъқиқлаш эмас. Аксинча, инсон ҳаёти билан бевосита боғлиқ бундай масъулиятли юмушнинг тартибга солиниши тарафдоримиз. Шундай қилинса, ҳаммага — нафақат ҳайдовчиларга, балки, йўловчиларга ҳам, алал оқибат мазкур соҳа мутасаддиларига-да, яхши бўлади, деб ўйлаймиз. Зеро, ҳозирги ҳолатда узоққа боришнинг ўзи бўлмайди: кунда кун ора йўл-транспорт ҳодисалари кўпайса кўпаймоқдаки, аммо камайишдан анча йироқ. Ҳар бир ҳодиса эса инсон умрига тенг — одамлар ҳалок бўляпти, жароҳат олмоқда, баъзан буткул ногирон бўлиб қолаётир. Танганинг иккинчи томони эса шахсий автомобилларда йўловчи ташишни тартибга солувчи мутасадди ташкилотлар, хусусан, "Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги” фаолияти билан боғлиқ. Агар чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрилса, ўша киракашларнинг яширинча йўловчи ташиётганлари сабаби маълум бўлади: эҳтимол лицензия қимматроқ ёки уни расмийлаштиришда сансалорлик ва қоғозбозликлар мавжуддир? Ҳа, ҳар нарсанинг ўз тош-тарозиси бор, албатта. Ўйлаймизки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларига йўловчи ташийдиган шахсий автомобиллар қатновини тартибга солиш пайтида масаланинг ана шу жиҳатларига ҳам эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси мутасаддилари-чи? Мақолада қаламга олинган муаммоларга қандай муносабат билдиришади? Улар фаолияти фақат автотранспорт эгаларидан жарима ундиришу, йўл-транспорт ҳодисаларини қайд этишдан иборат бўлмаса керак?! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|